2021 йилда Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган тадбиркорлар сони икки баробарга кўпайди. Энг кўп мурожаат —Тошкент шаҳридан

2021 йилда Бизнес-омбудсманга мурожаат қилган тадбиркорлар сони икки баробарга кўпайди. Энг кўп мурожаат —Тошкент шаҳридан

Расмий хабарлар

Бизнес-омбудсман бўлим бошлиғи Нозимахон Саидалиеванинг маълум қилишича, 2021 йилнинг 9 ойида Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорларнинг 5 мингдан ортиқ мурожаатлари ўрганилиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида ўрганилган мурожаатлар сонидан деярли 2 баробарга кўп. Кўриб чиқилган мурожаатларнинг деярли 3 мингтаси қаноатлантирилди, қолганлари юзасидан тушунтириш берилди.

Илгари, тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятлари жуда чекланган эди. Ўз навбатида, суд давлат органининг тарафини олади, деган фикр ҳам мавжуд бўлган. Аммо бугунги кунда, судларда тадбиркорлар ва давлат органлари тенг равишда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга ва судлар давлат органларининг ҳуқуқбузар шахсларига нисбатан тегишли жазо чораларини қўллаш ҳолатлари бизнинг амалиётимизда кўп учрайди. 

Эндиликда давлат органлари тадбиркорларга босим ўтказмоқчи бўлса ёки тадбиркорга нисбатан ҳужжат ёки қарор қабул қилинса, тадбиркорда биринчи навбатда “Ушбу қарор менинг ҳуқуқимни бузадими?”, деган савол пайдо бўлади ва шунга қараб Бизнес-омбудсманга мурожаат қилади. 

Шунга қарамай, афсуски, давлат органларининг айрим мансабдорлари ва ходимлари ҳанузгача эски фикрлаш асосида ишлаб келмоқда ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузмоқда.

Ҳуқуқбузарликларга ҳудудлар кесимида назар ташлайдиган бўлсак, Бизнес-омбудсманга энг кўп келиб тушган мурожаатлар сони Тошкент шаҳри (643), Тошкент вилояти (583) ҳамда Қорақалпоғистон Республикасига (540) тўғри келмоқда. Соҳалар кесимида, тадбиркорларни энг қийнаётган муаммолар бу ер масаласи (1 179) ва кредит ажратилиши (1 119). Ушбу йўналишлар ўтган йили ҳам долзарб бўлган. 

Айни дамда республикамизда тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва уни максимал даражада жозибадор қилиш бўйича фаол равишда трансформация жараёни кетмоқда ва ушбу жараён билан биргаликда дунёқарашни ўзгартириш лозим. Юқорида қайд этилган муаммоли соҳаларга назар ташлайдиган бўлсак, уларни тартибга соладиган ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд ва ушбу тартибни бузганлик учун жавобгарлик масалалари ҳам белгиланган. Демак, эндиликда давлат органларининг мансабдор шахслари ва ходимлари тадбиркорга бўлган муносабатини ўзгартириши лозим ва мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, тадбиркорлар билан дўст бўлиб ишлаш лозим. Айнан тадбиркорлар орқали маҳаллий бюджет кўпаяди, аҳоли иш ўринлари билан таъминланади. Ўз навбатида, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини бузилиши давлат бюджети учун қўшимча ҳаражатларни келтириб чиқмоқда. Агар судлар мисолида айтадиган бўлсак, суд қарорлари билан давлат органлари тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, бу компенсация тўлаш, ер ажратиш ва ҳоказо, шунингдек қўшимча давлат божини тўлаш вазифаси юклатилади. Агар ушбу суммаларни қўшадиган бўлсак, катта маблағлар шаклланади. Қўшимча ҳаражатлардан ташқари, тадбиркорнинг ҳуқуқини бузган давлат органининг ва ходимнинг имиджига ҳам салбий таъсир қилади ва уларга бўлган ишонч камаяди. Шу сабабли ҳам, давлат органларини ҳуқуқбузарликларни содир этмасликка чақирамиз. 

Бизнес-омбудсман фаолиятига қайтадиган бўлсак, тадбиркорларнинг мурожаатларини кўришдан ташқари, Бизнес-омбудсман тизимли муаммолар билан ҳам ишлайди ва уларни ҳал этиш юзасидан ечимни топишга ҳаракат қиламиза. Хусусан, яқинда импорт истеъмол товарлари савдоси соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан Бизнес-омбудсманга жамоавий мурожаат йўлланган эди.

Ушбу масалани ўрганиш давомида, Бизнес-омбудсман девонида соҳадаги жами 30 нафар йирик тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати натижасида Бизнес-омбудсман томонидан бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган тадбирларга зид бўлган ва эскирган тақиқни бекор қилиш юзасидан таклиф киритилган эди.

Хусусан, қонунчилик билан айрим товарларга божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач тайёр импорт истеъмол товарлари реализация қилинишига тақиқ қўйилган эди. Ушбу талабнинг бузилиши маъмурий жавобгарликка тортиш учун асос бўлар эди.

Тадбиркорларнинг мазкур муаммолари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6314-сон Фармони ҳал қилинди. Эндиликда, - алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ бекор қилиниши белгиланди. Шунга ўхшаш тизимли муаммоларни бартараф этиш юзасидан кўп мисолларни келтирса бўлади. 

Кўриниб турибдики, ушбу ишлар нафақат чиройли рақамлар учун, балки тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиш учун амалга оширилмоқда ва Бизнес-омбудсманнинг самарадорлиги статистикада ҳам ўз аксини топган. 

Хусусан, Бизнес-омбудсман томонидан 2021 йилнинг 9 ой ичида тадбиркорлар манфаатида судларга 28 миллиард сўмлик даъво аризалар киритилди. Шу билан бирга, қўлланилган таъсир чораларни таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, жорий йил маъмурий жавобгарликка тортилганлар сони кескин кўпайиб кетган ва ўтган йилга нисбатан 740 нафарга ошган. Ҳудудлар кесимида маъмурий жавобгарликка тортилган энг кўп мансабдор шахслар сони Наманган вилоятига (129), Қашқадарё вилоятига (126), Тошкент ва Бухоро вилоятларига (121) тўғри келмоқда. Бу дегани судлар бизнес тарафида бўлиб, тадбиркорларнинг манфаатларини инобатга олмоқда.

Шу билан бирга, Бизнес-омбудсманнинг таъсир чоралари натижасида мингдан ортиқ мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди, 225 тасига нисбатан интизомий жазо қўлланилган. Шу билан бирга тадбиркорлар фойдасига судлар орқали 19 миллиард сўмлик маблағлар ундирилиши белгиланди, шунингдек давлат органларининг 500га яқин қарор ва ҳужжатлари бекор қилинди. 

Қайд этиш лозимки, Бизнес-омбудсман томонидан расмийлаштирилган маъмурий ишлар бўйича жарималар базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 дан 80 бараваригача қонунчиликда белгиланган ва ушбу жазо чоралари мансабдор шахсларни бизнесга аралашишдан олдин ўйлантириши керак.


Report Page