2021 йилда «Аёллар дафтари» бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили

2021 йилда «Аёллар дафтари» бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили

https://t.me/aoka_uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 28 апрелдаги 250-сон қарорига асосан бугунги кунга қадар 30 ёшдан ошган 883 751 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар “Аёллар дафтари”нинг мавжуд 9 та тоифаси бўйича рўйхатга олинган хотин-қизларга ҳар томонлама ёрдам берилди.

Биринчи тоифа бўйича 395 729 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашилди. Хусусан, уларнинг:

·              209 767 нафари иш билан таъминланди;

·              53 673 нафари касб-ҳунарга ўқитилди;

·              96 873 нафарига тадбиркорликни йўлга қўйиш учун

1 трлн. 197 млрд. 800 минг сўм миқдорида кредит маблағлари берилди;

·              1 621 нафари доимий иш билан таъминланди;

·              35 381 нафарига томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланишга кўмаклашилди.

Иккинчи тоифа бўйича 75 469 нафар боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизларга 58 млрд. 928 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам берилди.

Учинчи тоифа бўйича 66 394 нафар ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга 55 млрд. 87 млн. сўмлик моддий ёрдамлар белгиланган тартибда тўлаб берилди.

Тўртинчи тоифа бўйича 5 140 нафар уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдам берилди ва уй-жойлари таъмирлаб берилди.

Бешинчи тоифа бўйича нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган 5 406 нафар хотин-қизларга

9 млрд. 975 млн сўмлик ижара компенсацияси тўлаб берилди,

5 186 нафарининг имтиёзли арзон уй-жойлар олишлари учун

18 млрд. 918 млн сўм маблағ тўлаб берилди.

Олтинчи тоифа бўйича қарамоғида ногиронлиги бўлган боласи мавжуд 21 100 нафар ёлғиз аёлларга “Аёллар дафтари” жамғармаси маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобидан моддий ёрдамлар ажратилди.

Еттинчи тоифа бўйича 161 544 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий хизмат кўрсатилди.

Шунингдек, мазкур тоифа бўйича рўйхатга олинган:

·              3 037 нафар аёллар вилоят ва республика марказларидаги ихтисослаштирилган клиникаларда ордер орқали бепул соғломлаштирилди;

·              232 нафар оғир бемор хотин-қизлар республика миқёсидаги клиник касалхоналарга ётқизилиб, бепул операция қилинди;

·              19 298 нафар хотин-қизларга бошқа турдаги тиббий хизматлар кўрсатилди.

Саккизинчи тоифа бўйича 74 014 нафар ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди ва алимент билан боғлиқ муаммоси мавжуд 490 нафар аёлларга

956 млн. сўмлик алимент тўловлари ундириб берилди.

Тўққизинчи тоифа бўйича 71 минг 198 нафар психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизларга тегишли  ёрдам кўрсатилди.

Бундан ташқари, дафтарга киритилган хотин-қизларнинг 64 591 нафарига қатор бошқа амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 35 628 нафар хотин-қизларнинг экин майдонлари шудгорлаб берилиб, уларга

·              24 205 дона парранда;

·              304 500 туп мевали;

·              2 млн. 512 минг донадан ортиқ сабзавот кўчатлари бепул тарқатилди.

Бундан ташқари, боқувчисини йўқотган, I ва II гуруҳ ногирони бўлган ёки қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд ёлғиз аёлларнинг:

·              5 834 нафарига “Ижтимоий реестр” орқали 6 ой муддатга моддий ёрдам тайинланди;

·              1 239 нафарига тикув машинаси;

·              2 939 нафарига парранда, майда шохли мол, асалари тақдим этилди; 

·              281 нафарига иссиқхона қуриб берилди;

·              83 нафарини уй-жой билан таъминлаш мақсадида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди;

·              70 нафари ижтимоий уй билан таъминланди;

·              410 та фермер хўжаликларининг раҳбар ва ишчи-аёллари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

 

Ҳозирги кунда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимининг

3-босқичи бошланди.

Ўтган йил давомида ўз самарадорлиги билан юртимиз хотин-қизларининг ҳаётида муҳим ўрин тутиб келаётган “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичини ташкил этиш бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тегишли вазирлик ва ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда жорий йилда ҳам қатор ишлар амалга ошириш белгиланган.

Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг

2021 йил 29 декабрдаги кенгайтирилган йиғилишида 3-босқичда амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди.

Айни вақтда республикамиздаги барча маҳаллаларда яшовчи 30 ёшдан ошган хотин-қизларни хонадонма-хонадон юриш орқали қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари бошланган.

2022 йил 31 январига қадар давом этиши белгиланган мазкур жараёнлар ҳар бир маҳаллада ташкил этилган 8 кишидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан олиб борилади.

Ушбу Ишчи гуруҳга фуқаролар йиғини раиси, унинг ҳуқуқ-тартибот ва оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича икки нафар ўринбосари, ҳудудий давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари жалб этилган.

Таъкидлаш лозимки, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида аёлларнинг муаммолари қайтадан ўрганилади. Бунда ҳеч бир ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз четда қолиб кетмаслигига алоҳида эътибор берилади.

“Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида қуйидаги хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилмайди:

·       “Темир дафтар”га киритилган оилалардаги хотин-қизлар ва фарзанди “Ёшлар дафтари”га киритилган аёллар;

·       “Аёллар дафтари”нинг 1- ва 2-босқичларида 1-тоифа бўйича рўйхатга олинган ҳамда доимий иш ўрни билан таъминланган ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган хотин-қизлар.

Жорий йилда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими бўйича мавжуд қонунчилик ҳужжатларида қуйидаги муҳим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан:

·       ҳуқуқий, тиббий ва психологик ёрдамлар “Аёллар дафтари”нинг қайси тоифасига киритилишидан қатъи назар, барча хотин-қизларга кўрсатилади.

·              “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг эҳтиёжмандлик даражаси, яъни рўйхатга олиниши тоифалари сони ўзаро мувофиқлаштирилиши натижасида олдинги 9 тадан 6 тага камайтирилди.

Айтиш лозимки, Аёллар дафтари”ни юритиш ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғир, ишсиз ва ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш, уларга давлат томонидан манзилли тарзда кўмаклашиш бўйича аниқ ва мақсадли тизим яратилишига асос бўлади

Шу мақсадда отин-қизларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича Ўзбекистонни халқаро индексларда юқори кўрсаткичларга эришишига олиб чиқиш мақсадида “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида бўйича ҳуқуқий-норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳага мувофиқ, 2022 йилда “Аёллар дафтари”га хотин-қизлар қуйидаги 6 та тоифалар бўйича рўйхатга олиниши режалаштирилмоқда:

 

1-тоифа: Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар. Бунда бандлиги таъминланмаган, аммо ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

2-тоифа: Тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

3-тоифа: Боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда боқувчиси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган ёхуд руҳий касалликка чалинган, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек боқувчиси бедарак йўқолган ҳамда никоҳи бекор қилинган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳамда ФҲДЁ органларининг маълумотномасига кўра ёлғиз аёллар киритилади.

4-тоифа: Ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар. Бунда меҳнатга лаёқатсиз, ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизлар киритилади.

5-тоифа: Уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда нотурар жойларда истиқомат қилаётган, доимий турар жойи йўқ ёки турар жойида яшаш учун шароити бўлмаган, шунингдек, бир хонадонда 3 ва ундан ортиқ оила бўлиб яшаётган, бироқ ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

6-тоифа: Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд эҳтиёжманд хотин-қизлар. Бунда ногиронлиги бўлган фарзандини парваришлаётган эҳтиёжманд хотин-қизлар киритилади.

Маълумот учун айтиш лозимки, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритилган оилалардаги хотин-қизлар ҳам “Аёллар дафтари”га киритилиши мумкин.

Аёллар дафтари”нинг 3-босқичи рўйхатига киритиладиган эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхатини шакллантириш ишлари жорий йил 10 февралида якунланади.


Report Page