2021 йил 15 декабрга қадарЎзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган, 115 киши жабрланган

2021 йил 15 декабрга қадарЎзбекистонда ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши туфайли 125 киши вафот этган, 115 киши жабрланган

Расмий хабарлар

Мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жами 665 та ишчи гуруҳ ташкил этилиб, уларга тааллуқли идоралар вакилларидан 9 минг 203 нафар ходим жалб этилди.

Булардан ташқари, “Hududgazta’minot” АЖ, Уй-жой мулкдорлари ширкатлари ҳамда печ ва дудбуронларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган ташкилотлар мутахассис усталаридан иборат 204 та таъмирлаш-тиклаш отряди ташкил этилиб, бугунги кунга қадар жами 3 млн. 109 минг 162 та якка тартибдаги аҳоли турар жойлари, 35 минг 900 та кўп қаватли уйларда ўрганишлар ўтказилди.

Шунга қарамасдан 2021 йилнинг 15 декабрь кунига қадар республикамизда аҳоли орасида ис газидан заҳарланиш ҳамда ҳаво-газ аралашмаси чақнаши билан боғлиқ 213 та ҳолат қайд этилган. Уларнинг 66 таси фавқулодда вазият сифатида рўйхатга олиниб, ҳодисалар оқибатда 125 киши вафот этган ва 115 киши жабрланган.

Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабабларга кўра юзага келмоқда:

фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;

ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;

иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;

газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш;

ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш;

ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш шулар жумласидан.

Шу муносабат билан юртдошларимиздан юқорида санаб ўтилган ҳолатларга йўл қўймасликни сўраб қоламиз.

Шунингдек, иситиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатлардан яна бири бу газ-ҳаво аралашмаси натижасида чақнаш, портлаш ҳамда ёнғинларнинг содир бўлишидир. Афсуски, бугунги кунда фуқароларимиз томонидан ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик оқибатида бундай ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Бунга куни кеча Наманган вилояти Наманган туманида содир бўлган вазият яққол мисол бўла олади.

Мутахассислар томонидан таҳлиллар олиб борилганда, ёнғинларнинг

36 бутун ўндан 3 фоизи электр ускуналаридан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, 27 бутун ўндан 1 фоизи очиқ оловдан эҳтиётсизлик билан фойдаланиш, 13 бутун ўндан 6 фоизи иситиш печларини қуриш ва ишлатиш қоидаларининг бузилиши, 9 бутун ўндан 9 фоизи болалар шўхлиги оқибатида, 3 фоизи газ жиҳозларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши, шунингдек, 31 таси газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашидан содир бўлган.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, айнан қиш мавсумида ўртача ҳар 3 та содир бўлган ёнғиннинг биттаси иситиш мосламаларидан нотўғри фойдаланиш ёки носоз ва ностандарт иситиш мосламаларининг ишлатилишидан келиб чиққан бўлиб, аянчли оқибатларга олиб келган. 

Ана шу мақсадда, Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишининг 2021 йил

2 ноябрдаги 23-сон баёнининг 3-бандига мувофиқ 2021 йилнинг 15 ноябридан 15 декабрь кунига қадар республика ҳудудида “Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” ўтказилди.

Энди эътиборингизга ушбу ойлик доирасида ташкил қилинган тадбирларга оид якуний маълумотларни ҳавола қиламиз.

“Ёнғин хавфсизлиги ойлиги” тадбирига жами 8 минг 953 нафар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва тааллуқли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари жалб этилди.

Олиб борилган профилактик тадбирлар давомида 12 минг 404 та давлат тасарруфидаги объектларнинг ёнғинга қарши ҳолати текширилди. 376 та тадбиркорлик субъектларига тегишли бўлган объектларда ёнғин-профилактика кўриклари ўтказилди. Текширув ва кўриклар давомида

81 минг 253 та ёнғинга қарши камчиликлар аниқланиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 71 минг 503 тасининг (88 фоизи) бартараф этилишига эришилди.

Объектларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларига риоя қилиш

ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш борасида 16 минг 369 маротаба 286 минг 434 нафар ишчи-хизматчиларга ёнғинга қарши йўл-йўриқлар берилиб, профилактик суҳбатлар ўтказилди.

Шунингдек, тадбирлар давомида аҳоли турар жойларида, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларида ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилиш ҳамда бу борада фуқароларнинг билим кўникмаларини ошириш мақсадида, жами 33 минг 473 маротаба 923 минг 296 нафар фуқаро билан учрашув ва йиғилишлар ўтказилди.

Ёнғин хавфсизлиги қоидалари талабларини тарғиб қилувчи 684 минг 609 та эслатма, йўриқнома ва плакатлар ишлаб чиқилиб, шуларнинг

657 минг 596 таси тарқатилди ҳамда белгиланган жойларга ўрнатилди.

Ўз навбатида, мавсумни беталофат ўтказиш мақсадида, Сизлардан  ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилишингизни сўраб қоламиз:

ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим

ва кабеллардан фойдаланманг;

электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга бўлган ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланинг;

иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришинг;

иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юборманг;

газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширманг;

газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этинг;

газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилинг;

ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритманг;

газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор беринг.

Агар хонада газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг. Бу ҳақда “104” рақами орқали газ хизматига, ёнғин содир бўлган тақдирда, ёнғин-қутқарув хизматининг “101” телефон рақамига хабар беринг.


Report Page