2021-2022 ЙИЛЛАРДА УЗУМЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАР ВА ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА?

2021-2022 ЙИЛЛАРДА УЗУМЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ҚАНДАЙ НАТИЖАЛАР ВА ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА?


Фарғона вилояти Олтиариқ туманида ерни, кўчатларни тайёрлашдан тортиб узум етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспортга йўналишгача бўлган жараёнларни қамраб олган узумчиликни ривожлантириш бўйича 4 кунлик амалий семинар-тренинг узумчиликни ўрганиш соҳасига тўлиқ “шўнғиш” шаклида бўлиб ўтмоқда.

 Асосий мақсадли аудитория — республикамизнинг узум ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга йўналтирилган 47 тумани раҳбарлари (вилоят ҳоким ўринбосарлари ва туманлар ҳокимлари) ва мутахассислар. Тадбир доирасида Олтиариқ туманининг кўзга кўринган узумзорларига ташрифлар уюштирилиб, ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатларга эътибор қаратилди.

Мазкур тадбир мамлакатимиз Президенти иштирокида узум етиштириш, уни саноат усулида қайта ишлашни ривожлантириш юзасидан ўтказилган видеоселекторнинг мантиқий давомига айланди. Карантин чораларини инобатга олган ҳолда, иштирокчилар ниқоб тақиш режими ва бошқа эҳтиёт чораларига амал қилдилар.

 

РЕСПУБЛИКАМИЗНИНГ 47 ТА ТУМАНИ РАҲБАРЛАРИ ВА АГРАРЧИЛАРИ УЧУН УЗУМЧИЛИК МАВЗУСИДА ТЎРТ КУНЛИК НАЗАРИЯ ВА АМАЛИЁТ

 Тўрт кунлик семинарни бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев иштирокида очиқ деб эълон қилди. 

«Ушбу семинарга давлатимиз раҳбари топшириғига биноан узумчиликка ихтисослашган 47 та туман раҳбарлари таклиф этилди, - деди қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев. – Тадбирни ўтказиш учун айнан Олтиариқ тумани танлаб олингани бежиз эмас, у мазаси тилни ёрадиган узумлари билан нафақат юртимиз, балки бутун дунёга машҳур, бу ерда деярли ҳар бир оила шу мевани етиштириш билан шуғулланади. Бу ерда узум етиштиришнинг ўзига хос мактаби ривожланмоқда, узумнинг ўнлаб навлари яратилган, "қора шаҳзода", "ҳусайни", "Ризамат-ота" сингари ҳам ички, ҳам ташқи бозорда машҳур бўлган навлар шулар жумласидандир. Ҳозирги кунда Олтиариқ туманида жами 3000 га узумзор мавжуд бўлиб, асосий майдони, яъни 1500 гектари — аҳоли томорқаларида. Биринчи узумчилик томорқа ва деҳқончилик кооперативлари айнан шу туманда фаолият юритган. Ғалла майдонлари янги узумзорлар барпо этиш учун қисқартирилиши натижасида 5 000 аҳоли доимий иш билан таъминланиши учун имконият яратилади. Узумчилик бўйича Олтиариқ тумани тажрибаси республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам узумчиликни ривожлантириш учун намуна бўла олишига ишонамиз».

СОҲАДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР КУТИЛМОҚДА?

Республика даражасидаги етакчи мутахассислар ва хорижий экспертлар иштирокидаги 4 кунлик семинар-тренинг доирасида ва унинг натижаларига кўра мамлакатимизнинг 47 та туманида узумчиликни интенсив ривожлантириш учун бир қанча асосий вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган.


· Ҳар бир туманнинг тупроқ-иқлим шароити ҳамда қайта ишлаш инфратузилмасининг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни хўраки, кишмишбоп ёки саноатбоп узум етиштиришга ихтисослаштириш бўйича дастур ишлаб чиқиш.

· Ихтисослашган туманларнинг ҳар бирида етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш каби жараёнларни ўз ичига олган ишлаб чиқариш занжирини таъминлай оладиган кластер ва кооперативлар яратиш учун потенциал тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш.

· Кластерлар ва кооперативларга бизнес-режа тайёрлаш, шартномалар тузиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва имтиёзли кредит олишига доимий кўмаклашиб бориш.

· Ҳар бир ҳудудда ташкил этиладиган AKIS аграр соҳада билим ва инновациялар марказларида узум кўчатларига сертификат бериш лабораториялари фаолиятини йўлга қўйиш. Жорий йил якунигача 4 та вилоятда (Тошкент, Жиззах, Фарғона, Самарқанд) ва 2022 йилдан барча вилоятларда сертификация лабораториялари ишга туширилади.

· Янги узумзорларни барпо қилишга талаб этиладиган юқори сифатли, экспортбоп, вирусдан ҳоли кўчатларни етказиб бериш учун (М. Мирзаев номидаги боғдорчилик ИТИ ва унинг Денов филиалида, Самарқанд вилоятидаги “Саг Агро” МЧЖ, “Шарқ саноат” холдинг компанияси, ТошДАУ ҳудудида “Денов агро” МЧЖда) 5 та invitro-лабораториялар фаолиятини йўлга қўйиш. Бундай лаборатория усулида етиштирилган кўчатлар 2021-2022 йилда 13 минг гектар ерни қамраб олишга етади. Ушбу мақсадларда Виночиликни ривожлантириш жамғармасидан 10 млрд сўм ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасидан яна 10 млрд сўм маблағ ажратилади.

· 2021 йил якунига қадар мамлакатимизнинг 4 та ҳудудида (Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятларида) ҳар бири йилига 2 млн донадан кўчат тайёрлаш имкониятига эга 5 та кўчатхона (питомник)лар ташкил этиш. Кўчатлар фермерларга етказиб берилади.

· Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда барпо этилган узумзорларга томчилатиб суғориш технологиялари жорий қилишни кенгайтириш.

· Жойларда олиб борилган гидрогеологик ўрганишлар ва хулосаларга асосланган ҳолда замонавий бурғилаш техникалари ёрдамида йил якунига қадар 1 000 та қудуқ қазилишини таъминлаш.

Ҳозирги вақтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан узум кўчатхоналари ташкил этиш ва кўчат етиштириш стандарти ишлаб чиқилмоқда. 


ТУМАНЛАР РАҲБАРЛАРИ ВА АГРАРЧИЛАР СЕМИНАРЛАРДА НИМАЛАРНИ ЎРГАНИШДИ?


 Семинар ўказилган 4 кун ичида муваффақиятли фаолият олиб бораётган узум плантациялари, хусусан томорқа участкаларидаги узумзорлар намойиш этилди, шу жумладан, "Фарғона Франс" МЖЧ қайта ишлаш корхонасида ушбу мевани сақлаш ва қайта ишлаш усуллари билан таништирилди. Назарий қисм доирасида узум ишлаб чиқаришга ёндашувни такомиллаштириш учун зарур бўлган барча мавзулар максимал даражада очиб берилди, шу жумладан:

·        Узумзорлар барпо этиш учун ер танлаш, ерни тайёрлаш, кўчатларни экиш муддатлари ва усуллари;

·        Ёш ва ҳосилли узумни парваришлаш агротехникаси, жумладан қатор орасига ишлов бериш, суғориш ва озиқлантириш;

·        Узумчилик бўйича жаҳон ва Туркия тажрибаси (туркиялик агроном, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва феромон тузоқлари бўйича мутахассис);

·        Узум кўчатлари, майиз ва техник навларни етиштириш ва тайёрлаш;

·        Узум касалликлари ва зараркунандалари, тарқалиши, ҳосилдорликка таъсири, уларга қарши кураш усуллари ва муддатлари;

·        Турли усулларда симбағазда ток ўстириш. Узумни пайванд қилиш усуллари, пайвандтаг ва пайвандустларни танлаш;

·        Узум ҳосилини йиғиштириб олиш, ташиш, сақлаш ва саралаш тартиби. Узумни қайта ишлаш усуллари, қуритиш, қадоқлаш, вино ва вино маҳсулотлари ишлаб чиқариш;

·        Узум етиштиришни молиялаштиришнинг янгича тартиби ва узум ҳосилини экспорт қилиш ҳамда соҳанинг иқтисодий самарадорлиги;

·        Ва бошқа долзарб мавзулар.

«Ишонч билан айтиш мумкинки, Олтиариқ туманида 40 мингдан зиёд томорқа участкалари бўлса, уларнинг деярли ҳар бирида узум етиштирилади, — деди Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Тешаев. — Биз нафақат узум етиштириш усулларини ўргатамиз, балки унинг учун зарур бўладиган техник ашёлар ҳақида ҳам маълумот бериб борамиз. Энг муҳими, мана шу техникаларнинг ҳаммаси шу жойнинг ўзида ишлаб чиқарилади. Бутун республикамиздан келадиган деҳқон-фермерлар учун Олтиариқда 180 дан зиёд маҳаллалар шай қилинган. Меҳмонлар томорқа ер эгалари билан бирга яшаб, узумчиликнинг сир-асрорларини ўрганиб кетади. Бу тизим яхши самара беради. Шунингдек, фермер хўжаликлари, логистика марказлари, узумни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш йўналишларидаги махсус масканларга саёҳатлар уюштирилади».


ЭКСПЕРТЛАР, ИМТИЁЗЛИ КРЕДИТЛАР ВА ТАЙЁР УЗУМЗОРЛАР

Узумчилик соҳасида билим ва илм-фанини ривожлантириш мақсадида Германия, Австрия, Италия, Венгрия, Словения, Хитой, Корея ва Туркия экспертлари таклиф этилади. Хорижий экспертлар ҳар бир ихтисослаштирилган ҳудудга бириктирилади, бунинг учун хорижий мутахассислар билан келишган ҳолда бир ҳафталик йўл харитаси ишлаб чиқилади.

Жаҳон банкининг қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш бўйича лойиҳаси доирасида 100 млн доллар миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари токзорлар ва боғлар бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бунда боғ ва токзорларни барпо қилиш, етиштирилган маҳсулотларини сақлаш ва узумни дастлабки қайта ишлаш лойиҳалари молиялаштирилади. Шартлари: 1 млн долларгача 10 йил муддатгача (3 йилгача имтиёзли давр). Кластерлар ва кооперативларга 2 млн долларгача, 10 йил муддатгача (3 йилгача имтиёзли давр).

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросервис оператор” ДУК бўш турган, фойдаланишга киритилган, пахта ва ғалладан қисқарган ер майдонларини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан олади ва ушбу ер участкаларида узумзорлар барпо этилади. Тайёр ҳолга келган узумзорларни ер участкаси жойлашган ҳудуддаги узум етиштириш кўникмаси эга бўлган фуқароларга аукцион тартибида 30 йил муддатга ижарага бериш ташкил этилади.

 

УЗУМЧИЛИК: ҚИСҚАЧА ВА РАҚАМЛАРДА

 Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги 5 йилда фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида узум майдонларини янгилаш, эски узумзорларни реконструкция қилиш ҳисобига республика бўйича 90 минг гектардан 116 минг гектарга етди. Республикамиз бўйича жами 1,7 млн тонна узум ҳосили етиштирилади. 2020 йилда мева-сабзавотлар экспортидаги узум маҳсулоти улуши 2019 йилдагига нисбатан 9 фоиздан 12 фоизга ўсиб, 133 млн. долларни ташкил этди.

 Соҳага берилаётган эътибор натижасида биргина 2021 йил баҳор ойларида 25 минг га янги токзорлар барпо этилди. Яқинда ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари топшириғига асосан республикада 47 та туманни узумчиликка ихтисослаштириш белгилаб олинди, ҳар бир туманда камида 3 минг гектардан, жами 153 минг гектар янги узум плантациялари барпо этилиши эвазига умумий узум майдонлари 223 минг гектарга етказилади. Мавжуд токзорларда замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ерда парваришланаётган токзорларни босқичма-босқич симбағазларга кўтариш орқали узум етиштириш ҳажми икки баробарга оширилади ва йилига 4 млн тоннадан ортиқ узум етиштирилади.


 ЎзР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги
Мультимедиа маркази





Report Page