2020–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш Стратегияси тасдиқланди

2020–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш Стратегияси тасдиқланди

MoliyaPress

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “2020–2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори тасдиқланди.

Ушбу қарор Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия институтлари кўмагида ишлаб чиқилди.

Стратегия молия соҳасидаги мамлакатимизда олиб борилаётган

ва келгусида режалаштирилаётган ислоҳотларнинг аниқ мақсадлари, вазифалари ва асосий йўналишларини бир ҳужжатда бирлаштиради.

2018 йилда Жаҳон банкининг PEFA услубияти бўйича ўтказилган амалдаги бюджет тизимининг таҳлили, давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолаш натижалари ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг шаффофлик Кодекси асосида фискал сиёсат очиқлиги юзасидан ўтказилган диагностик баҳолаш натижалари Стратегияни ишлаб чиқиш учун асос бўлди.

Стратегия давлат молияси тўғрисида жамоатчиликка кенг қамровли маълумотлар бериш ва шаффофликни таъминлаш, самарадорлик ва натижадорликка босқичма-босқич эришишга қаратилган фискал сиёсатга ўтиш учун стратегик ёндашувларни ишлаб чиқиш ҳамда бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулияти ва жавобгарлигини ошириш каби 6 та асосий йўналишга бўлинган.

1-йўналиш Солиқ-бюджет сиёсатига стратегик ёндашувни татбиқ этиш мақсадида ўрта муддатли бюджет асосларини ишлаб чиқиш ҳамда йиллик бюджетни шакллантиришнинг янги “натижага йўналтирилган бюджет” тизимини жорий этиш;

2-йўналиш Макрофискал прогнозлар ишончлилигини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ва бюджет жараёни иштирокчиларининг масъулиятини ошириш;

3-йўналиш Бюджет маблағларини тақсимловчилар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет соҳасидаги ваколатларини ва ҳисобдорлигини ошириш ҳамда уларнинг масъулиятини кучайтириш;

4-йўналиш Фискал таваккалчиликларни баҳолаш, молиявий активлар ва мажбуриятлар ҳисобини юритиш ҳамда уларни самарали бошқариш тизимини жорий этиш;

5-йўналиш Бюджет ҳисоби стандартларини бирхиллаштириш, ички назорат ва аудит тизимини такомиллаштириш орқали молиявий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда бюджет жараёни устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш;

6-йўналиш Бюджет маълумотларининг очиқлиги, тўлиқлиги ва халқаро стандартларга мослигини таъминлаш.

Молия вазирлиги
Ахборот хизмати.