2020 йил январь-август ойларида Давлат бюджети даромадлари ижроси
MoliyaPress2020 йил январь-август ойларида Давлат бюджети даромадлари 82,9 трлн.сўмни ташкил қилди, шундан 63,5 трлн.сўми солиқ идоралари томонидан назорат қилинадиган тушумларга, ҳамда 14 трлн.сўми божхона идоралари томонидан назорат қилинадиган тушумларга тўғри келади. Давлат бюджетининг бошқа даромадлари 8,4 трлн.сўмни ташкил қилди.
Тоғ-кон компанияларидан даромадлар жами 22,6 трлн.сўмни (ёки умумий даромадларнинг 27,3 фоизини), жумладан фойда солиғи 11,1 трлн.сўмни, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиғи 7,6 трлн.сўмни ва давлат улушига ҳисобланган дивидендлар кўринишидаги даромадлар 3,8 трлн.сўмни ташкил қилди.
Жорий йилнинг 8 ойи давомида фойда солиғи бўйича жами 17 трлн.сўм ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жами 10,4 трлн.сўм келиб тушди.
Январь-август ойларида қўшилган қиймат солиғи бўйича солиқ ва божхона идоралари томонидан жами 23 трлн.сўм, жумладан солиқ идоралари томонидан 11,7 трлн.сўм, божхона идоралари томонидан 11,2 трлн.сўм ундириб олинди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 8 ойи давомида қўшилган қиймат солиғи бўйича тўловчиларга 3 трлн.сўм, жумладан I ярим йилликда 1,6 трлн.сўм, июлда 577 млрд.сўм, августда эса 779 млрд.сўм маблағ қайтарилди.
Жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб, қўшилган қиймат солиғи бўйича ҳисобга олинадиган миқдорининг ҳисобланган миқдордан ошиб кетган қисми, фақат “ноль” ставка қўллайдиганлар учун эмас, балки барча тоифадаги тўловчиларга қайтариладиган тартиб жорий қилинди.
Давлат бюджети даромадларининг айрим солиқлар бўйича йўқотишлари, қимматбаҳо металлар нархининг ошиб бориши натижасида тоғ-кон корхоналаридан қўшимча тушумлар, давлат корхоналаридан дивидендлар ҳамда Давлат бюджетининг бошқа даромадлари ҳисобига қисман қопланади.
Умуман олганда, 2020 йил январь-август ойлари тушумлари асосида қилинган ҳисоб-китобларга кўра, жорий йил якунлари бўйича Давлат бюджети тушумлари 125,8 трлн.сўмни ёки Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисида» Қонунида кўзда тутилган прогнозга нисбатан 2,6 трлн.сўм кам бўлиши кутилмоқда.
Молия вазирлиги
Ахборот хизмати