2020 йил – коррупциясиз йил бўлади(ми?)

2020 йил – коррупциясиз йил бўлади(ми?)


2020 йил – коррупциясиз йил бўлади(ми?)


Якунига етган 2019 йилда “коррупция” сўзини шунчалик кўп ишлатдикки, бундан кўзланган мақсад — жамият ривожига рахна солаётган бу иллатга барҳам бериш эди.


Бу сўзнинг таг замирида “бузмоқ” маъноси мавжудлиги ундан қутилмасак, асл мақсадларга эришиб бўлмаслигини англатади.


Илгари байрамлар арафасида ёмон гаплар, айниқса жиноятчилик ҳақида гапириш, шундай мазмундаги мақолалар эълон қилишда маълум чекловлар бор эди. Бу сафар, яъни Янги йил кириб келишидан сал олдин Бош прокуратурада соғлиқни сақлаш тизимидаги коррупциявий ҳолатлар ҳақида очиқ-ошкора шундай маълумотлар тақдим этилдики, улар билан танишган жуда кўпчилик юртдошларимиз коррупцияни қоралаб, унга чек қўйишга оид мулоҳазалар билдирди. Айниқса, ижтимоий тармоқлар фойдланувчилари порахўрларни роса “сазойи” қилди.


Бундай ҳолатларни кузата туриб, ҳар сафар энди пора олаётган одамлар ўйлаб иш қилади, энди коррупция тўхтайди, деган яхши гумон пайдо бўлади кишида.


Бироқ, афсус, янги йилда ҳам пора олиш билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида хабарлар келмоқда.


Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича. Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси ҳисобчилари тадбиркордан 500 АҚШ доллари талаб қилган.


Янгийўл тумани тиббиёт бирлашмаси бош ҳисобчиси Ф.А. ва ҳисобчиси Ф.Ч. “F.I.-S” хусусий корхонаси томонидан тиббиёт бирлашмаси биносида амалга оширилган монтаж ишлари бўйича назорат ўлчовини ўтказмаслик ҳамда ушбу монтаж ишлари учун ўтказиб берилган пул маблағлари эвазига “улуш” сифатида корхона раҳбаридан 500 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан талаб қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.


Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда фош этилган.


Янги йил бошидан йўл-паруль хизмати ходимлари “электронлашган” ҳолда, яъни боди камералар билан хизмат олиб бормоқда. Бундан кўпчилик ушбу соҳада тамагирликка чек қўйилди, деган фикрга борган эди.


Чунки айни шу жиҳатдан аҳоли йўл-патруль хизмати ходимларидан норози эди. Ушбу тизим тиббиёт соҳаси каби коррупциялашган соҳалардан ҳисобланиши сир эмас.


Аммо, афсус, ҳар қандай электронлашиш ҳам шаффофликни тўла таъминлаб бера олмаяпти, шекилли-ки, Сурхондарёда бир ҳайдовчи тамагирликка дуч келди.


Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси йўл-патрул хизмати инспектори Б.Х. фуқаро П.Ж.нинг автомашинасини жарима майдончасига қўймаслик, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва жарима тайинламаслик эвазига 1 миллион сўм талаб қилган. Инспектор тамагирлик эвазига олаётган порасини қўлга олган вақтда эса ашёвий далил билан ушланган.


Бу ҳолат ҳам Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фош этилган.


Пойтахтда эса одамларни ишга юбораман, деб алдаб пулини “шилиш”дек манфур қилмиш ҳамон давом этмоқда.


Хорижга бориб катта пул ишласам қайтарман, деб қарзга пул олиб фирибгарларга топшираётган фуқароларни огоҳлантириш, хорижга қонуний йўл билан ишга бориш зарурлиги тушунтирилаётганига қармай бу ҳол барҳам топмаётир.


“I.X.Bandlik Agentligi” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахслари бир неча фуқаронинг ишончига кириб, уларни Германия, Чехия, Литва ва бошқа давлатларга шартнома асосида ишга юборишни ваъда қилиб, 51 минг 500 АҚШ долларини қўлга киритган. Алдов йўли билан олинган ушбу маблағларни эса жамият мансабдор шахслари шахсий манфаатлари йўлида ўзлаштириб юборган.


Шу ўринда улар доно халқимиз айтган “олмоқнинг бермоғи бор” ёки “ҳар бир ҳаракатнинг жавоби бор”, каби асрлар синовидан ўтган нақлларни унутиб қўйган...


Аниқланаётган юқоридаги каби ноқонуний ҳаракатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Юқорида айтилганидек, ўтган йилда коррупцияга қарши курашиш нисбатан анча кучайиб, айрим соҳаларни “коррупциясиз соҳа”га айлантиришдек ташаббуслар ҳам илгари сурилди. Шунча гапдан кейин юртимизда 2020 йил коррупциясиз йил бўлиши

керак эди. Афсуски, ҳозиргина тилга олинган коррупуциявий ҳолатлар эса... Аммо ҳали ҳам кеч эмас. Бу бизнинг қўлимиздан келади. Ҳеч бўлмаса пора бермайлик. Шунда порахўрлар ўз-ўзидан йўқ бўлади.

Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА

Каналимизга уланиш 👇👇👇

http://t.me/Sizdan_maktub



Report Page