2020-2021 ўқув йилида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш давом эттирилади

2020-2021 ўқув йилида вариатив ўқув режаларини тажриба-синовдан ўтказиш давом эттирилади


Халқ таълими вазирининг тегишли буйруғига мувофиқ, 2019-2020 ўқув йилининг 3-чорагидан бошлаб умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синфларида 5 та йўналишда вариатив ўқув режалар тажриба-синов сифатида жорий этилган эди.

Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзи қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат. 

Бунда, вариатив ўқув режалар доирасида мажбурий фанлар сифатида 9 та фан киритилган (Она тили ва адабиёти, Ўзбек тили/рус тили, Чет тили, Тарих, Математика, Информатика, Маънавият асослари, Жисмоний тарбия, Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик).

2019-2020 ўқув йилининг 3-чорагидан бошлаб 5 та йўналишдаги вариатив ўқув режалар республика бўйича 627 та мактабда 1035 та синфларда (565 та 10-синф, 470 та 11-синф) тажриба-синов сифатида жорий қилинди.

Бунда, хорижий тил ва филология йўналишида 195 та синф, молия-иқтисод йўналишида 251 та синф, технология йўналишида 127 та синф, табиий фанлар йўналишида 134 та синф, ижтимоий гуманитар йўналишида 328 та синф ташкил этилди. Мазкур синфларда жами 27 166 нафар ўқувчи таълим олди.

Хабарингиз бор, март ойида юртимизда пандемия бошланиб, умумтаълим муассасаларида ўқув жараёни онлайн шаклга ўтказилди ва февраль ойида жорий этилган тажриба-синов ишлари якунига етказилишининг имкони бўлмади.

2020-2021 ўқув йили эса 14 сентябрдан бошланди ва вазирликнинг тегишли буйруғи билан вариатив ўқув режаларни тажриба-синовдан ўтказиш ишларини жорий ўқув йилида давом эттирилиши белгиланди.

Жорий ўқув йилида кўп сонли ота-оналар мурожаатлари ва ўқувчиларнинг таклифлари асосида вариатив ўқув режа йўналиши 5 тадан 12 тага кўпайтирилди.

Тажриба-синов ишларининг бориши ҳақида вазирликнинг расмий саҳифалари орқали доимий равишда маълумот бериб борилади.

Report Page