2019 йилда ички валюта бозори ва унинг ривожланиш тенденцияларига доир қисқача шарҳ

2019 йилда ички валюта бозори ва унинг ривожланиш тенденцияларига доир қисқача шарҳ


http://www.cbu.uz/uzc/press-tsentr/novosti/2020/01/182900/


2019 йилда ички валюта бозори амалга оширилган операциялар ҳажми ва барча сегментларда бозор иштирокчилари сонининг ўсиши шароитида шаклланди.

Ички валюта бозоридаги операцияларнинг умумий хажми 15,5 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2017 ва 2018 йилларга нисбатан мос равишда 1,4 ва 2,2 баробарга ўсди.

Ички валюта бозори сегментларида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўзгариш динамикаси

(млн.АҚШ долл.)


I. Чет эл валютасига бўлган талабнинг ўсиши ва ўзгариш динамикаси

1.1. Банклараро валюта бозори ҳолати ва юридик шахслар билан амалга оширилган операциялар

2019 йилда юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2018 йилга (10,4 млрд. АҚШ долл.) нисбатан 32 фоизга ўсиб 13,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Ушбу даврда, биржадан ташқари валюта бозорида хўжалик субъектлари томонидан 3,2 млрд. АҚШ доллари миқдорида чет эл валютаси сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 3,8 баробарга ошди (2018 йилда – 845 млн. АҚШ долл.). Шунингдек, валюта биржасидаги операциялар ҳажми 10 фоизга ошиб, 10,5 млрд. АҚШ долларига етди.

2019 йилда биржадан ташқари валюта бозоридаги

операциялар ҳажми динамикаси

(банкларнинг юридик шахслар билан тўғридан-тўғри операциялари)


Валюта бозорида чет эл валютасини сотиб олиш мақсадларининг таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг асосий қисми (72 фоизи) ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хом-ашё импорти, 15 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва дори-дармон маҳсулотлари импорти, 9 фоизи – хорижий кредитларни сўндириш, 2 фоизи – хорижий инвесторлар репатриацияси ва қолган 2 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган.

2018-2019 йиллар давомида чет эл валютасини

сотиб олиш мақсадлари таркиби

(фоизда)


2019 йил давомида ички валюта бозорида чет эл валютасини харид қилган хўжалик юритувчи субъектлар сони 1,5 баробар кўпайиб, декабрь ойида 7,6 мингтани ташкил этди (2018 йилнинг декабрь ойи – 5,1 минг).

1.2. Жисмоний шахслар билан амалга оширилган операциялар

2019 йилда жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш шахобчалари орқали сотилган чет эл валютаси миқдори 3,8 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, аввалги йилга нисбатан 41 фоизга ошди (2018 йил - 2,7 млрд. АҚШ долл.). Айни пайтда жисмоний шахслар томонидан 1,8 млрд. АҚШ доллари сотиб олиниб, мазкур кўрсаткич 2018 йилга (975 млн. АҚШ долл.) нисбатан 1,9 баробарга ўсди.

Ҳисобот даврида банклар ва жисмоний шахслар ўртасидаги валюта олди-сотди операциялари ҳажми сальдоси 2 млрд. АҚШ долларини ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 16 фоизга ошди.

Шу билан бирга, халқаро пул ўтказмалари ҳажмининг мавсумий камайишига қарамай, 2019 йилнинг декабрь ойида жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини сотиш (500 млн. АҚШ долл.) ва сотиб олиш (305 млн. АҚШ долл.) ҳажми тарихий максимал даражага етди. Ушбу ҳолат, йил якунида аҳоли ва тадбиркорларнинг ўз молиявий мажбуриятларини бажариши фаоллашганлиги билан изоҳланади.

2019 йилда жисмоний шахслар томонидан амалга оширилган операциялар ҳажми


II. Чет эл валютаси таклифи

2019 йилда ички валюта бозорида хорижий валютадаги умумий таклиф ҳажми 11,7 млрд. АҚШ долларини (Марказий банкнинг интервенцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 43 фоизга ўсди.

Хусусан, ҳисобот йилида:

хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 6,0 млрд. АҚШ доллари сотилган бўлиб, ушбу кўрсаткич аввалги йилга нисбатан 1,5 баравар ошди (2018 йил - 4,1 млрд. АҚШ долл.);

Молия вазирлиги (ривожланиш дастурларини молиялаштириш учун халқаро молия институтларининг кредитлари) ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан сотилган чет эл валютаси миқдори 1,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этди.

Ички валюта бозоридаги таклиф манбалари



2019 йил давомида Марказий банкнинг валюта интервенциялари бозор тамойиллари асосида шаклланган алмашув курси доирасида олтин-валюта заҳираларининг нейтраллиги принципига асосланган ҳолда амалга оширилди. Бунда Марказий банк томонидан сотилган чет эл валютасининг соф ҳажми йил давомида сотиб олинган монетар олтин ҳажми доирасида бўлиши таъминланди.

Натижада, ҳисобот йилида Марказий банк томонидан 36,6 трлн. сўм миқдорида монетар олтин сотиб олинганлиги сабабли юзага келган қўшимча ликвидликни стерилизация қилиш мақсадида 33,6 трлн. сўм миқдорида валюта маблағлари сотилди.

2018-2019 йилларда валюта биржасида амалга оширилган олди-сотди операциялари ва Марказий банк интервенциялари ҳажми

(млн. АҚШ долл.)


2019 йилда импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 56 фоиздан 53 фоизга пасайиши кузатилиб, хорижий валютадаги кредитлар ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 19 фоиздан 25 фоизга ошди.

2018-2019 йиллари импортни молиялаштириш манбалари


2019 йил давомида пул ва кредит бозорлари сўм сегментлари асосий кўрсаткичларининг хорижий валютага бўлган талаб динамикаси билан ўзаро боғлиқлиги кузатилди. Хусусан, банк тизимидаги ликвидлик ҳажмининг ўзгариши, кредитлар ҳажмининг ўсиши чет эл валютасига бўлган талаб ва интервенциялар ҳажмига таъсир кўрсатди.

Ички валюта бозоридаги талаб ва интервенциялар билан ликвидлик ва кредитлар ҳажми ўзгаришининг ўзаро боғлиқлиги


Алмашув курси динамикаси

Миллий валютанинг алмашув курси динамикаси валюта бозоридаги талаб ва таклифнинг жорий нисбатидан келиб чиқиб, ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланди.

Бунда валюта бозорида талаб ва таклифнинг бир маромда ошиши шароитида, мақсадли сотув ҳажмларига нисбатан интервенциялар ҳажми кам бўлганлиги сабабли, биринчи ярим йиллик давомида валюта биржасидаги савдо сессияларида миллий валюта АҚШ долларига нисбатан 2,8 фоизга қадрсизланди.

2019 йилнинг июль ва август ойларида савдо хамкорларимиз бўлган айрим давлатлар валюталари девальвацияси ва бунинг натижасида юзага келган девальвацион кутилмаларнинг ортиши, шунингдек, ички валюта бозорида чет эл валютасига бўлган талабнинг ўсиши натижасида миллий валюта 10,2 фоизга қадрсизланди.

2019 йил давомида валюта биржаси савдоларида сўмга нисбатан

АҚШ долларининг динамикаси

(сўм/АҚШ долл.)


2019 йилнинг кейинги ойларида сўмнинг алмашув курси нисбатан барқарор бўлиб, сентябрь-ноябрь ойлари давомида 1,3 фоизга қадрсизланган бўлса, декабрь ойида 0,1 фоизга мустаҳкамланди.

Умуман олганда, 2019 йил давомида миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси йил бошига нисбатан 13,9 фоизга қадрсизланди (8341 сўм/долл.дан 9501 сўм/долл.гача).