2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «2030 ЙИЛГА ҚАДАР МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИНИ СТРАТЕГИК РИВОЖЛАНТИРИШ ИНВЕСТИЦИОН ЛОЙИҲАЛАРИ БЕЛГИЛАБ ОЛИНГАН»
uzbekistonmet.uzКаналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati
Кириш
Барчамизга маълумки, мамлакатимизда ўтган 2019 йил «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» деб эълон қилинган эди. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан 2019 йилда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш механизмларини тубдан такомиллаштириш ва соддалаштириш, аниқроғи тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштиришни кенгайтириш орқали электр энергия истеъмолчиларини ҳамда саноат корхоналарини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ марказий аппарати таркибидаги Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси юқорида белгиланган вазифаларни тизимли амалга оширувчи бошқарма ҳисобланади. Бошқарма ўз фаолиятида асосан инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий молия ташкилотларининг кредит маблағларини жалб қилиш учун музокаралар олиб бориш, шу билан бирга керакли барча ҳужжатлар тайёрлаш ишларини билан шуғулланади.
Бугунги кунда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан Осиё Тараққиёт Банки, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳамкорлигида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича бир қатор амалий ишларни олиб борилмоқда. Молиялаштирувчи институтларнинг барча талаблари асосида тендер ҳужжатларни тайёрлаш, ваколатли ташкилотлар билан келишиш, тендер-танловларни эълон қилиш ҳамда лойиҳалар учун керакли бўлган электр ускуналарни харид қилиш мазкур бошқарманинг бевосита иштирокида амалга ошириладиган жараёнлардир.
Инвестицион лойиҳаларнинг сони ва аҳамияти.
Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги №ПҚ-4067-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ва 2020 йил 9 январдаги №ПҚ-4563-сонли «Ўзбекистон Республикасининг 2020-2022 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорларига ҳамда бир қатор инвестицион лойиҳалар учун алоҳида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорларига асосан энергетика соҳасидаги инвестицион лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан:
1. «Тошкент металлургия заводининг ташқи электр таъминоти объектларини қуриш» инвестицион лойиҳаси
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги ПҚ-3638-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 июндаги ВМҚ-540-сонли қарорига биноан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Тараққиёт ва тикланиш жамғармаси маблағлари иштирокида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа Тошкент шаҳар Сирғали тумани ҳудуди ҳамда Тошкент вилояти (Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ, Қуйичирчиқ, Янгийўл ва Зангиота тумани) ҳудудларини қамраб олади. Унинг қиймати 29,022 млн. АҚШ долларига тенг.
Лойиҳанинг мақсади — Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида фаолият юритадиган «Тошкент металлургия заводи»ни узлуксиз ва сифатли электр таъминоти билан таъминлаш, бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ва Тошкент вилоятининг пойтахт билан чегарадош ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли ҳамда ишлаб чиқариш объектларини электр энергияга бўлган эҳтиёжини тўлақонли қондириш. Лойиҳанинг амалга ошириш муддати 2020 йил май ойи. Лойиҳа доирасида узунлиги (2х23) 46 км бўлган «кириш-чиқиш» 220 кВ ли «Қўйлиқ» подстанциясидан «Адолат» подстанциясигача ҳаво линиясини қуриш, 220 кв «Сирғали» подстанциясида 2 дона 200 МВА қувватли трансформаторлар ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда 46 км ҳаво линияси қурилиши якунланиб, «Сирғали» подстанциясида электр жиҳозларини ўрнатиш ишлари бажарилмоқда.
2. ««Тахиатош иссиқлик электр станцияси»дан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача 220 кВли электр узатиш линиясини қуриш» лойиҳаси
Ушбу янги тармоқни қуришга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 июндаги ПҚ-2541-сонли қарори ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Мазкур лойиҳа 2020 йилинг май ойида якунланиб, унинг мақсади шимолий-ғарбий энерготизим ҳамда Хоразм вилояти истеъмолчилари электр таъминоти ишончлилигини ошириш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида электр энергияси танқислигини камайтиришдан иборат.
Лойиҳанинг умумий қиймати 258,5 млн. АҚШ доллари, шу жумладан Осиё Тараққиёт Банкининг кредит маблағлари 150,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа қурилишига ускуна ва материаллар сотиб олиш учун 8 та маҳаллий ва хорижий таъминотчи компаниялар билан умумий қиймати 48,9 млн. АҚШ долларга шартномалар имзоланган.
Бугунги кунда лойиҳа бўйича электр узатиш тармоғининг умумий узунлиги 340 километрни ташкил қилиб, шундан «Хоразм» подстанциясидан «Саримой» қайта улагич пунктигача 153 км электр узатиш линияси қурилиши якунланган, «Тахиатош» иссиқлик электр станциясидан «Хоразм» подстанциясигача 187 км электр узатиш линияси қурилиш ишлари якунланмоқда.
3. «Магистрал электр тармоқларнинг подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш» лойиҳаси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги
3284-сонли «Жаҳон Банки иштирокида «Магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш» инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича чоралар тўғрисида»ги қарори асосида амалга татбиқ қилинадиган мазкур лойиҳада Республика ҳудудида жойлашган 22 та подстанцияларда ускуналарни янгилаш ишлари бажарилади. Лойиҳанинг техник-иқтисодий асоси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 сентябрдаги 3284-сонли қарорига асосан тасдиқланган.
Лойиҳа доирасида бир нечта подстанцияларда автотрансформаторлар ва куч трансформаторлари ўрнатилди. Бундан ташқари, ўрта ва кичик ҳамда юқори кучланишли электр қурилмалари, реле ҳимоя ва автоматикаси, алоқа жиҳозлари ва аккумулятор батареялари, темир-бетон ва металл маҳсулотлари, кабел ва симлар шарнома асосида хорижий ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниб ўрнатилди.
Ушбу лойиҳани умумий қиймати 292,15 млн., шундан Жаҳон Банки маблағлари 150,0 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги эски ускуна ва жиҳозларни замонавий, халқаро стандартларга мос ускуна ва жиҳозлар билан янгилаш лойиҳаси 2017–2022 йиллар давоми амалга оширилади. Бугунги кунда умумий қиймати 38.62 млн. АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланган. Бугунги кунда шартномаларда кўрсатилган муддатда автотрансформаторлар, ўрта ва кичик кучланишли электр қурилмалари, реле химояси ва автоматикаси, алоқа жиҳозлари ва аккумулятор батареяси ва бошқа турдаги электр жиҳозлари олиб келинмода.
4. «Сурхон-Пули-Хумри» (Хўжа-Алвон) лойиҳаси
Ўзбек халқида бир доно мақол бор: «Қўшнинг тинч — сен тинч». Бу жумлани халқаро дипломатия тушунчаси билан ифода этсак, қўшни давлатлардаги тинчлик-фаровонликдан биз ҳам манфаатдормиз. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида: «Афғонистон хавфсизлиги — бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётнинг гаровидир», дея таъкидлаб ўтган эди.
Афғонистон билан қўшничилик алоқаларини яхшилаш, унинг чегарадош ҳудудларига электр энергиясини экспорт қилиш, бу орқали мамлакатимиз иқтисодиётига чет эл валютаси оқимини ошириш, Республикамизнинг халқаро майдондаги мавқейини ошириш мақсадида кучланиши 500 кВ ли «Сурхон-Пули-Хумри» (Хўжа-Алвон) электр узатиш линияси қурилиши лойиҳасини Ўзбекистон ҳудудида амалга оширмоқдамиз. Линиянинг умумий узунлиги 245,6 км бўлиб, унинг 45,0 километри Сурхондарё вилояти ҳудудидан, 200,6 км эса Афғонистон ҳудудидан ўтади.
4. ««Навоий иссиқлик электр станцияси»дан 220 кВ ли ҳаво линиясини «Бесопан» пунктигача 500 кВ ли габаритда қуриш» лойиҳаси
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
9 январдаги ПҚ-3465-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 108,188 млн. АҚШ доллари, шундан «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг маблағлари 0,916 млн. АҚШ доллари, Европа тикланиш ва тарақиёт банкидан кутилаётган кредит маблағи эса 80,286 млн. АҚШ долларини, Ўзбекистон Республикасининг давлат божи ва солиқ имтиёз улушлари 26,986 млн. АҚШ долл. ташкил этади.
Лойиҳа «Навоий ИЭС»дан 220 кВ ли ҳаво линиясини 177 км узунликда «Бесопан» ўчириб ёқиш пунктигача 500 кВ ли габаритда қуриш амалиётини ўз ичига олган. Лойиҳадан кўзланаётган асосий мақсад Навоий вилоятида янги ташкил этилган тоғ-кон металлургия ишлаб-чиқариш объектлари учун электр энергиясини етказиб бериш ва энергия тизимининг шимолий-ғарбий қисмидаги электр тармоқларини ривожлантиришдан иборат. Унинг амалга оширилиш муддати 2019–2022 йиллар оралиғида. Бугунги кунда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси тайёрланиб, тегишли вазирлик ва идораларга тасдиқлаш учун киритилди. Вазирлар Маҳкамасининг лойиҳа қарорига ваколатли органлардан хулоса олинди ва Адлия вазирлигига киритилди.
5. «500/220 кВ ли «Мурунтау» подстанциясини қуриш ва учта 167 МВА лик трансформаторларини ўрнатиш» (Навойи вилояти) лойиҳаси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 9 январдаги ПҚ-3465-сонли қарори лойиҳанинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади. Лойиҳадан мақсад — янги ташкил этилаётган кон-металлургия ишлаб чиқариш объектларини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш ва энергетика тизимининг шимоли-ғарбий қисмида электр тармоқларини ривожлантириш ва Навоий вилояти истеъмолчиларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш. Лойиҳа 2023-2025 йилларда амалга оширилади. Унинг қиймати 112,047 млн. долл., Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) маблағи 82,5 млн.долл. соҳа маблағи 6,534 млн.долл. ҳисобида. Ўзбекистон Республикасининг ҳиссаси 23,013 млн. долларни ташкил қилади. Бугунги кунда лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилиб, тегишли ваколатли ташкилотлардан экспертиза хулоса олиш учун киритилди.
6. «Ўзбекистон Республикасида 500 кВли Ғузор-Регар (Л-507) электр узатиш линиясини тиклаш» лойиҳаси
Мазкур лойиҳа Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияси баённомасининг 5.2-банди асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳа мақсади Ўзбекистон ва Тожикистон энергия тизимларининг паралелл ишлаши пайтида электр энергия ишончлилигини таъминлашдан иборат. Лойиҳанинг умумий қиймати 25 млн. АҚШ доллари, шу жумладан Осиё Тараққиёт Банкининг кредит маблағлари 25 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида 500 кВли Ғузор-Регар (Л-507) электр узатиш линиясининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги 63 км узунликдаги қисмини қайта қурилади. Бугунги кунда лойиҳа доирасида Осиё Тараққиёт Банки талаблари асосида ерларни ажратиш, аҳолини кўчириш режаси ҳамда экологик баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, лойиҳа институти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқиш учун техник кўрсатгичлар тайёрланмоқда.
7. «Сирдарё иссиқлик электр станцияси»дан 220 кВ ли ҳаво линиясини ҳамда 220 кВ ли «Зафаробод» подстанциясини қуриш» лойиҳаси
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан 2019 йил 23 апрель куни тасдиқланган 06/1-1177-сонли «Электр энергетикасида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш дастури»га мувофиқ ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 июлдаги №20-сонли баённомасига асосан амалга оширилмоқда. Лойиҳадан мақсад магистрал электр узатиш линияларини янада ривожлантириш, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари аҳолисини ва йирик истемолчиларни ташқи электр энергияси билан таъминлаш. Лойиҳа доирасда Осиё Тараққиёт Банкининг 52,0 млн. долл. кредит маблағлари жалб қилинади. Лойиҳанинг 2020–2022 йилларда амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда лойиҳа доирасида Осиё Тараққиёт Банки талаблари асосида ерларни ажратиш, аҳолини кўчириш режаси ҳамда экологик баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, лойиҳалаштирувчи ташкилот томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда. Шу билан бирга «Зафаробод» подстанциясининг тендер ҳужжатларининг техник қисми тайёрланди.
8. «500-220 кВли «Колцевая» подстанция ва электр узатиш линиялари қурилиши» лойиҳаси
Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг июнь ойида Тошкент вилоятига ташрифи давомида кенгайтирилган тарзда ўтказилган 23-сонли Мажлис Баёни ҳамда 2020 йилнинг 9 январдаги ПҚ-4563-сонли қарори асосида амалга оширилмоқда. Лойиҳанинг мақсади Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти истеъмолчилари ҳамда саноат корхоналарини кафолатланган электр энергияси билан таъминлаш. Лойиҳани 2020-2023 йиллар амалга ошириш режалаштирилган. Бугунги кунда лойиҳанинг техник иқтисодий асослари ишлаб чиқилмоқда. Шунингдек «Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Жаҳон банки томонидан лойиҳани молиялаштириш юзасидан музокаралар олиб бормоқда.
2020 йилда амалга ошириладиган амалиётлар
Инвестиция лойиҳалари бўйича 2020 йилда барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 121,3 миллион АҚШ доллари ҳисобида, шундан 2020 йил I чоракда 17,8 миллион АҚШ доллари ҳисобида маблағлар ўзлаштирилади.
Магистрал электр тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида 2020 йилда 2 та инвестиция лойиҳаси доирасида энергетика объектлари ишга туширилади. Жумладан, ««Тахиатош иссиқлик электр станцияси»дан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача 220 кВли электр узатиш линиясини қуриш» лойиҳасининг 2 босқичи бўйича электр узатиш тармоғининг 190 км якунланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти истеъмолчиларининг электр таъминоти ишончлилиги оширилади. Натижада ушбу электр узатиш линиясидан йилига
1161,6 миллион киловатт•соат ёки 130-150 мегаватт қўшимча қувват Хоразм энергоузелига узатилади ва истеъмолчиларнинг энергия таъминоти барқарорлашади.
«Тошкент металлургия заводининг ташқи электр таъминоти объектларининг қурилиши» лойиҳаси ишга туширилиб, янги ишлаб чиқариш қувватларини электр энергияси билан таъминлаш йўлга қўйилади.
Бошқарма таркиби
«Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси юқорида санаб ўтилган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш учун меҳнат қилиб келмоқда. Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси таркибида 4 та инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ташкил топган.
Хотима
Амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида тизим корхоналарида 2020 йилда жами 40 та, шундан жорий йил I чоракда 5 та янги иш ўринлари яратилади.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ тасарруфидаги электр тармоқларини 2030 йилга қадар стратегик ривожлантириш бўйича 24 та лойиҳа, электр энергиясининг технологик сарфи ва ўз эҳтиёжига ишлатилишини камайтириш мақсадида 40 та подстанцияда модернизация ва реконструкция ишларини босқичма-босқич амалга ошириш режалаштирилган.
Шунингдек, Жаҳон молия институтлари кредитлари ва ўз маблағлари ҳисобидан 9 та 220-500 киловолтьли подстанциялар ва 2700 километр ҳаво узатиш электр тармоқларини қуриш лойиҳаларини тайёрлаш ишлари бажарилиши тизимли ташкил қилинади.
Бахриддин Каримов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи;
Зафаржон Камолов, Ўзбекистон МЭТ» АЖ Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати Каналга аъзо бўлинг! 👉 🌏 t.me/uzmetaxborotxizmati