2017-2021 йилларда 7225 нафар ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди

2017-2021 йилларда 7225 нафар ҳарбий хизматчи уй-жой билан таъминланди

Расмий хабарлар

Бу ҳақда АОКАда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

 

 

Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя остида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳақиқий ҳарбий хизмат ўташ учун муносиб ва хавфсиз шарт-шароитларини яратиш, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. 

“Темур тузуклари”да: “Сипоҳий давлат хизматида экан, боқий ҳаётларини фоний дунё нақди учун аямаганликларининг ўзи ҳам инъомга ва моддий таъминотга лойиқлигини билдиради”, дея уларнинг мураккаб ва шарафли вазифалари алоҳида таъкидланган. Халқимизга хос инсонпарварлик акс этган ушбу бобомерос тузук бугун ҳам амалда намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорлари билан қабул қилинган тегишли дастурлари доирасида 2017-2021 йиллар давомида қурилган уйлар ҳисобига 7225 нафар ҳарбий хизматчи, ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари замонавий ва шинам турар жойлар билан таъминландилар. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, 2017 йилгача бўлган давр мобайнида Мудофаа вазирлиги тизимида турар жой таъминоти кўрсаткичлари йилига 450 тадан ошмаган бўлса, юқорида қайд қилинган Давлат дастурлари асосида Тошкент шаҳри ва Республикамиз вилоятлари марказларида қурилиш амалга оширилган турар жойлар ҳисоби йилига ўртача 1 500 дан ортиқ рақамларни ташкил этмоқда.

Кучли ижтимоий ҳимоя, ўз навбатида, офицер ва аскарларимизнинг фидойилик, бурчга садоқат билан хизмат қилиш, ўзининг профессионал тайёргарлигини ошириб бориши учун замин яратмоқда. Кўрилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида Ватан ҳимоячиларининг ҳарбий хизматга бўлган ёндашуви тубдан ўзгарди, ҳарбий қисмларда масъулият ва интизом мустаҳкамланди, барча ҳарбийлар қалбида ўз Ватани билан фахрланиш ва ғурурланиш ҳисси янада ортди.

Қуролли Кучларимизда ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларини янада кучайтириш мақсадида 2022 йил 25 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчилари, ҳарбий хизматдан резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) фуқаролар ва уларнинг оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида” Қарори имзоланди.

Унга мувофиқ ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш масалаларида қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилган:

ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш вақтида орттирилган касаллик ёки олинган жароҳати туфайли ҳарбий хизматни ўташга яроқсиз деб топилиб, резервга (истеъфога) бўшатилган (чиқарилган) Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини, шунингдек, ҳалок бўлган (вафот этган) ҳарбий хизматчиларнинг, уларнинг хизмат муддатидан қатъи назар, оила аъзоларини уй-жой билан таъминлаш;

ҳарбий хизматчилар бошқа вазирлик ва идоралар тизимига ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ учун ўтказилганда, уларга берилган хизмат хонадонларини ҳам тегишли вазирлик ва идоралар тасарруфига ўтказиш;

ҳарбий хизматчиларга ажратиладиган уй-жой майдонининг ижтимоий нормасини аниқлашда уларнинг оила аъзолари билан бир қаторда қарамоғига олинган шахслар тоифасига аниқлик киритиш;

умумий ҳарбий хизмат муддати 20 (йигирма) йил бўлган ҳарбий хизматни ўтаб резервга бўшатилган фуқароларни давлат ҳисобидан тураржой билан таъминлаш, шу билан бирга уларнинг олий таълим муассасаларида ўқиш даври ҳамда давлат органлари ва ташкилотларидаги меҳнат фаолияти йилларини ҳақиқий ҳарбий хизмат йиллари даврига қўшиб ҳисоблаш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 августда қарорининг мазмун-моҳияти кенг оммага етказиш ҳамда қарор талабларини бажариш йўлида олиб борилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимларига маълумот бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг мажлислар залида “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини уй-жой билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар ҳақида мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида мудофаа вазирининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби полковник Отабек Юлдашев, Тошкент ҳарбий округи қўшинлари қўмондонининг ўринбосари – Тошкент гарнизони уй-жой комиссияси раиси полковник Бахтиёр Уралбоев, Мудофаа вазирлиги Уй-жойдан фойдаланиш бошқармаси бўлим бошлиғи капитан Алижон Қамбаров спикер сифатида мавзу юзасидан ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалари борасидаги кенг кўламли ишлар ҳақида тегишли маълумотлар бериб, Республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш масалалари ҳақидаги саволларига тўлақонли жавоб бердилар.

Матбуот анжуманида Мудофаа вазирлигининг соҳа йўналиши бўйича масъул бош бошқарма ва бошқарма бошлиқлари, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш масалалари бўйича масъул шахслар ҳамда Республика ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Report Page