2-тадбир. Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги доирасида кастинг бўлиб ўтади
Жорий йил 11 январдан 11 февраль кунига қадар “Янги Ўзбекистон ва Миллий кинемотография” шиори остида миллий кино санъати ойлиги доирасида 11-16 январь кунлари “Ўзбек миллий кино санъати ҳафталиги” ўтказилмоқда. Ҳафталикнинг илк кунида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан 2021 йилда суратга олинадиган лойиҳалар учун кастинг бўлиб ўтади.
“Ёшлар ижодий-тажриба студияси” Давлат унитар корхонасида бўлиб ўтадиган кастингда ёш актер ва актрисалардан ташқари юртимиз томошабинларига танилишга улгурган киноижодкорлар қатнашишади. Кастинг давомида янги лойиҳалар учун зарур қаҳрамонлар танлаш жараёни, пробалар ва очиқ тингловлар бўлиб ўтди. Жорий йилда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги буюртмасига асосан 40дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли, 10га яқин сериаллар суратга олинади. Кастинг давомида талабгорлар мавжуд бўш ролларга ўзларини синовдан ўтказишади.
Ҳафталикнинг биринчи қисмида расмий очилиш маросими ва кастингдан сўнг “Кино сценарий қандай ёзилиши керак”мавзусида ёш киноижодкорлар учун таниқли сценарийнавис Шоира Ғиёсовадан маҳорат дарси, 2021 йилда суратга олинадиган фильмлар тақдимоти ва кун сўнггида режиссер Муҳаммадали Искандаровнинг “Мен террорчи эмасман” фильми премьераси бўлиб ўтади.