2 та олийгоҳ Удмурт Республикаси билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди
Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Раҳимжон Ҳакимов шу кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё–2022” халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш мақсадида келган Удмурт Республикаси (Россия Федерацияси) Бош вазири ўринбосари бошчилигидаги делегация аъзоларини қабул қилди.
Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Глазов педагогика университети билан Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.
Олий таълим муассасалари бир нечта ўзаро манфаатли соҳаларда, жумладан, бакалавриат ва магистратура босқичлари бўйича талабалар, ўқитувчилар ва илмий ходимлар тайёрлаш, қисқа ва узоқ муддатли малака оширишлари, касбий (тадқиқот, бакалавриат, педагогик) амалиёт ўташлари учун академик алмашинув дастурларини амалга ошириш, шунингдек, ҳар икки томон олий ўқув юртларининг бакалавриат ва магистратура босқичларида қўшма таълим дастурларини тайёрлаш масалаларида келишиб олдилар.
Удмурт олий таълим муассасалари салоҳияти ҳақидаги тақдимотда Россия томони Ўзбекистон делегациясини жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган “Удмуртда таълим олиш” форумида иштирок этишга таклиф қилди.
Томонлар, шунингдек, профессионал таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.