2 миллиард 608 миллион сўмлик субсидия маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди

2 миллиард 608 миллион сўмлик субсидия маблағлари ўзлаштирилгани аниқланди

March 16, 2023
Сўнгги йилларда бутун республикамиз бўйлаб қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, соҳада туб ислоҳотлар амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар маблағлаштирилмоқда. Ўз навбатида, мазкур маблағларнинг тегишли тартибда сарфланиши, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиши масъул идора вакилларининг мунтазам назорати давомида халқ манфаатларини эмас, ўз "жиғилдонини" кўпроқ ўйловчи кимсалар ҳам бор эканлиги аниқланмоқда.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан Давлатимиз Раҳбарининг 2019 йил 25 октябрдаги “Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4499-сонли Қарори доирасида 2022 йилда вилоятдаги фермер хўжаликларига ажратилган субсидия маблағларини мақсадли ишлатилиши юзасидан ўтказилган текширув тадбирлари давомида бир қатор ҳолатлар аниқланди.

Хусусан, вилоятнинг Нарпай, Пахтачи ҳамда Булунғур туманидаги субсидия ажратиш бўйича ишчи гуруҳ мансабдор шахслари ҳамда мазкур тумандаги фермер хўжалиги раҳбар шахслари ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда юқоридаги қарор бандларини қўпол равишда бузган ҳолда жами 2 миллиард 608 миллион сўмлик субсидия маблағларини ўзлаштириб юборганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди. 

Жумладан, Субсидия ажратиш бўйича Нарпай тумани ишчи гуруҳи мансабдор шахслари амалда томчилаб суғориш тизими жорий этмаган 35 та фермер хўжаликларига 1 миллиард 325 миллион сўм ҳамда сув тежовчи техналогия мавжуд бўлса-да ундан амалда фойдаланмаган 7 та фермер хўжалигига 321 миллион сўмлик субсидияларни ажратиб бериш орқали, жами 1 миллиард 646 миллион сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирган.

Пахтачи туман субсидия ажратиш бўйича ишчи гуруҳ мансабдор шахслари тумандаги фермер хўжалиги раҳбарлари билан тил бириктирган ҳолда юқорида таъкидлаб ўтилган қарорнинг 4-банди талабларини қўпол равишда бузиб, амалда томчилаб суғориш тизими жорий этмаган 25 та фермер хўжаликларига 727 миллион сўмлик субсидия маблағларини ажратиб бериш орқали ўзлаштириб юборган.

Субсидия ажратиш бўйича Булунғур туман ишчи гуруҳи эса амалда сув тежовчи технологияларни жорий этмаган 9 та фермер хўжалигига 235 миллион сўм субсидия маблағларини ўтказиб, талон-тарож қилган.

Ўз навбатида ҳолат юзасидан субсидия ажратиш бўйича туман ишчи гуруҳи мансабдор шахслари ҳамда фермер хўжалиги раҳбар шахсларига нисбатан тегишли тартибда жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда.

 Халқ фаровонлиги учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш бутун бир давлатга қилинган хиёнат билан баробардир. Жиноят эса ҳеч вақт жазосиз қолмайди.

Report Page