1fintex.uz, uzbtextile.uz ва Textile Makon платформалари – тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг янги рақамли стратегиялари
https://t.me/aoka_uzАОКАда ўтказилган брифингда "Ўзтўқимачиликсаноати" уюшмаси ахборот хизмати раҳбари Шаҳзода Қўчқорова тўқимачилик маҳсулотлари экспортини жадаллаштириш платформалари ҳақида маълумот берди:
Маълумки, бутун дунёда рақамлаштириш барча соҳаларга фаол татбиқ этилмоқда. Тўқимачилик соҳаси ҳам табиийки, бундан мустасно эмас. Ҳозирги кунда 1 трлн доллардан ортиқ бўлган жаҳон саноатида тўқимачиликнинг муҳим роль ўйнаётганини ҳисобга олсак, жаҳон бозорида бу соҳанинг ҳозиргидек рақобатбардош ва долзарб бўлиб қолиш учун рақамли ечимларни жорий этиш долзарб вазифадир.
Ўзбекистон Республикаси Президентнининг “Рақамли Ўзбекистон-2030” Стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан “Рақамли тўқимачилик: IT ечимлар орқали тўқимачилик саноатини ривожлантириш” форуми ташкил этилди.
Унда алоҳида таъкидланганидек, мамлакат иқтисодиётининг драйверларидан бири бўлган соҳа - ярим миллиондан ортиқ одамни доимий иш билан таъминлаган тўқимачилик саноати бугунги кунда ўзгармоқда ва ривожланишнинг янги - рақамли даражасига кўтарилмоқда.
Тўқимачилик саноатининг рақамли трансформацияси ўзи нима?
Бу - маҳсулотларнинг шаффофликка асосланган мукаммал таъминот занжирини яратадиган маҳсулот маркировкаси, яъни блокчен.
Бу - барчага таниш бўлган маркетплейс. Мазкур интернет-платформада уйдан чиқмасдан, телефон ёрдамида деярли бутун дунё бўйлаб савдо ва харидларни амалга ошириш мумкин.
Бу - янги таъминот занжирларини яратишда онлайн ва воситачиларсиз бизнес юритишни осонлаштирадиган электрон платформалар.
Бу - маълумотларни қидиришни осонлаштирадиган, тезда қайта ишлашга имкон берадиган электрон маълумотлар базалари.
Бу - "Ягона дарча" тизими - маълумотларни киритишнинг ягона нуқтасини ифодаловчи, жисмоний ва юридик шахсларнинг хизматлардан фойдаланиш тартибини соддалаштиришга имкон берувчи ахборот платформаси.
“Рақамли тўқимачилик: IT ечимлар орқали тўқимачилик саноатини ривожлантириш” форумида Уюшманинг Тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг янги рақамли стратегияси билан таништирилди. Шунингдек, рақамли трансформацияни амалга ошириш имконини берувчи янги 1fintex.uz, uzbtextile.uz ва Textile Makon лойиҳаларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳаларга қисқача тўхталсам:
1fintex.uz лойиҳаси – молиявий платформа бўлиб, унда кичик бизнес пул воситалари эвазига дебиторлик қарзларини сотиши мумкин.
Платформада экспортёр корхоналар инвойсларини онлайн тарзда савдога қўйиш, инвесторларни жалб қилиш, дисконт билан сотиш, 3-5 кунда маблағларни олиш, ўз пул тушумларини олдиндан режалаштириш имкониятлари яратилган.
Ривожланган давлатларда бундай механизмлар асосида молиялаштириш анъанавий банк кредитлари ўрнини эгалламоқда.
Uzbtextile.com лойиҳаси - тўқимачилик В2В савдо платформаси сифатида бутун дунёдаги харидорларнинг ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини етказиб берувчилар билан мулоқотини соддалаштиради ҳамда давлат ва “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига экспорт режаларини амалга оширишда ёрдам беради.
«Textile Макон» лойиҳаси - кенг кўламли медиа, маркетинг, брендинг ва PR хизматларини таклиф қилувчи ягона медиа-марказ бўлиб, у профессионал аудио ва видео лойиҳалар, веб-сайтлар, журналлар ва каталоглар учун контент яратиш, тадбирлар, промо-тадбирлар ва халқаро форумларни юқори савияда ўтказиш орқали тўқимачилик саноати ва соҳа корхоналарини ривожлантиришга хизмат қилади.
Уюшма, шунингдек, ақлли ишлаб чиқаришга ўтиш, рақамли фабрикаларни ташкил этиш, маҳсулот кастомизацияси каби IT технологиялардан самарали фойдаланилган лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди.