17 декабрь куни электр станциялар орқали жами 254,6 млн кВт соат – режага нисбатан 103 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди ва истеъмолчиларга 242,5 млн кВт соат, режага нисбатан 104 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди:
Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 45 млн кубометр табиий газ, 16,9 минг тонна кўмир ҳамда 10 минг тонна мазут ёқилди.
Республика табиий газ истеъмоли 156,7 млн кубометрни ташкил қилган.
Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида метан заправкаларга киритилган чекловлар босқичма-босқич юмшатиб борилмоқда. Барча ҳудудлардаги метан заправкаларнинг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида йўлга қўйилган.
Кеча “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 204 та метан заправканинг 689 таси белгиланган график асосида ишлади.
Автобензин ва дизел ёнилғиси бўйича юзага келган ортиқча талабни қоплаш мақсадида мазкур маҳсулотлар ҳудудларга миқдори оширилган тарзда етказиб берилмоқда. Масалан, кеча “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига жами 1160 тонна автобензин етказиб берилди.
Ишлаётган метан заправкаларга 5,7 млн кубометр табиий газ ҳамда 400 тонна суюлтирилган газ етказилди.
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик асосида ишламоқда.
Газ босимининг бир меъёрда ростланганлиги боис 17 декабрь куни сутканинг тиғиз вақтларида электр энергияси етказиб беришга қўйилган вақтинчалик қисқа муддатли чекловлар қўлланилмади.
Республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда.
Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларда юзага келган 13 та, газ таъминотида юзага келган 2 та носозлик бартараф қилинди.
Таъминотдаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан келиб тушган 161 та мурожаат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.
Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 160 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.
Тармоқларда носозликларни бартараф қилиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган барча махсус бригадалар туну кун ишлаб, жойларда юзага келаётган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.
Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.
Энергоресурслардан ҳам тежамкорлик билан фойдаланиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, беҳуда ёнаётган чироқлар, реклама ёриткичлари ҳамда бошқа манбаларни ўчириб юриш орқали электр тармоқларига тушадиган кучланишни камайтиришимиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Ҳурматли истеъмолчилар! Электр таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.