17

17

@ilmhazinasi

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Одамни яратгач, Ўзи хоҳлаган муддат уни ўз ҳолига ташлаб қўйди. Шунда Иблис уни айлана бошлади. Одамнинг (ичи) ғовак эканини кўргач, унинг ўзини (шаҳватлардан) тута олмайдиган махлуқот эканини билди[2].

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамга (руҳ) пуркалиб, руҳ унинг бошига етганида акса урди ва “Алҳамду лиллаҳи Раббил оламийн”, – деди. Шунда Аллоҳ табарока ва таоло унга: “Ярҳамукаллоҳ”, – деди[3].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Одамни тупроқдан яратди. Сўнгра уни лойга айлантирди. Сўнгра уни (шу ҳолатда) ташлаб қўйди, токи у (пишиб етилган) сассиқ қора лойга айлангач, Аллоҳ (ундан) Одамни яратди ва унга сурат бахш этди. Сўнгра уни (шу ҳолатда) тарк этди. Токи у (оловда пишган) сопол сингари (чертганда жиринглаган овоз чиқарадиган) қуп-қуруқ лойга айлангач, Иблис унинг яқинидан ўтар ва унга қарата: “Дарҳақиқат, сен буюк бир иш учун яратилдинг!”, – дер эди.

Сўнгра Аллоҳ унга Ўз Руҳидан пуркади. Руҳ аввало унинг кўзи ва бурнига кирди. Шунда Одам акса урди. Аллоҳ унга Раббига ҳамд айтишни илҳом берди (ва у Аллоҳга ҳамд айтди). “Раббинг сени Ўз раҳматига олсин”, – деди Аллоҳ. Сўнгра Аллоҳ таоло деди: “Эй Одам, анави (фаришталардан иборат) жамоат олдига бориб, уларга “Ассалому алайкум” дегин ва уларнинг нима жавоб қилишига қара”. Одам уларнинг олдига келиб салом берди. Шунда улар: “Ва алайкас саламу ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ”, –дедилар. “Бу сенинг ва зурриётингнинг саломлашувидир”, – деди Аллоҳ таоло. Одам деди: “Эй Раббим, зурриётим кимлар?”. Аллоҳ деди: “Эй Одам, (икки) қўлимдан бирини ихтиёр эт”. Одам деди: “Раббимнинг ўнг қўлини ихтиёр этаман. Зеро, Раббимнинг ҳар икки қўли ўнг қўлдир”. Шунда Аллоҳ таоло кафтини ёйди. Бирданига унинг зурриётидан дунёга келадиган (барча) халойиқ Раҳмоннинг кафтида пайдо бўлди. Қараса, улардан айрим кишиларнинг оғзи нурга тўлган. Айниқса, уларнинг ичида бир кишининг нури Одамни ўзига жалб этди. “Эй Раббим, бу ким?”, – деди Одам. “(Бу) сенинг ўғлинг Довуд”, – деди Аллоҳ таоло. “Эй Раббим, унга қанча умр бердинг?”, – деди Одам. “Олтмиш йил умр бердим”, – деди Аллоҳ таоло. “Эй Раббим, унга менинг умримдан қўшиб бер, токи унинг умри юз йил бўлсин”, – деди Одам. “Аллоҳ таоло унинг тилагини бажо келтирди ва бу ишга (халойиқни) гувоҳ қилди.

Одам ёшини яшаб бўлгач, Аллоҳ таоло унга ўлим фариштасини юборди. “Ахир, умримдан яна қирқ йил қолган эмасми?”, – деди Одам. “(Умрингдан қирқ йилини) фарзандинг Довудга бахшида этмабмидинг?”, –деди фаришта. Одам буни инкор этди, унинг фарзандлари ҳам инкор этдилар. Одам унутди, унинг зурриёти ҳам унутдилар[4].

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Одамни яратар экан, унинг ўнг елкасига урди ва ундан дур сингари (нуроний) оппоқ зурриётини чиқарди. (Шунингдек), унинг чап елкасига уриб, худди кўмир мисоли қора зурриётларни чиқарди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло Одамнинг ўнг (томони)дагиларга қарата: “Мен (ҳеч кимсага) парво қилмаган ҳолда (анавиларни) жаннатга (киргизгумдир)”, – деди. Одамнинг чап елкаси (томон)дагиларга қарата: “Мен (ҳеч кимсага) парво қилмаган ҳолда (анавиларни) дўзахга (киргизгумдир)”, – деди[5].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Одамни бўйи олтмиш газ бўлган ҳолда яратди. Сўнгра унга қарата: “Бориб, анави фаришталар жамоатига салом бер. Уларнинг саломингга алик олишларига қулоқ тут. Зеро, уларнинг бу салом-аликлари сен ва зурриётингнинг саломлашувидир. Одам: “Ассалому алайкум” – деди. Фаришталар: Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ”, – дея (Одамнинг саломига алик олишар экан) “ва роҳматуллоҳ”ни қўшимча қилдилар. Жаннатга кирган ҳар бир киши Одам суратида бўлур. То ҳозирга қадар (Одам болаларининг) қадди-қомати қисқариб давом этди[6].

Муслим ибн Ясор Ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қуйидаги оят ҳақида сўралди: “Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни пушти камарларидан то қиёмат кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: “Мен Парвардигорингиз эмасманми?”, деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: “Ҳақиқатан Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз”, деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик – “аҳд-паймон” олишимиз) қиёмат кунида: “Бизлар бундан бехабар эдик”, демасликларингиз учундир” [Аъроф:172]; Умар ибн хаттоб розияллоҳу анҳу деди: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу оят ҳақида сўралганларида шундай деганларини эшитганманДарҳақиқат, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратди. Сўнгра унинг орқасини ўнг қўли билан силаб, ундан зурриёт чиқарди. “Мен анавиларни жаннат учун яратдим ва улар жаннат аҳлининг амалини қиладилар”, – деди Аллоҳ таоло. Сўнгра Одамнинг орқасини силаб ундан (яна бошқа) зурриётларни чиқарди. “Мен анавиларни дўзах учун яратдим ва улар дўзах аҳлининг амалини қиладилар”, – деди Аллоҳ таоло”.

Шунда бир киши: “Эй Расулуллоҳ, унда амалнинг нима кераги бор?”, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Агар Аллоҳ таоло бандани жаннат учун яратса, уни жаннат аҳлининг амалини қиладиган қилиб қўяди. Токи, бу банда жаннат аҳлининг амалларидан бирини қилаётиб вафот этади ва шу амал сабаб жаннатга киради. Агар Аллоҳ таоло бандани дўзах учун яратса, уни дўзах аҳлининг амалини қиладиган қилиб қўяди. Токи, бу банда дўзах аҳлининг амалини қилаётиб жон таслим қилади ва шу амал сабаб дўзахга киради[7].

[1] Саҳиҳ ҳадис. Бу ҳадисни Аҳмад (4/ 400, 406), Абу Довуд (4693), Термизий (2955), Ибн Ҳиббон “Саҳиҳи”да (14/29/ 6160) ва бошқалар саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар.

[2] Аҳмад (3/152) ва Муслим (2611) ривоят қилганлар.

[3] Саҳиҳ ҳадис. Ибн Ҳиббон (6165) саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилган.

[4] Саҳиҳ ҳадис. Абу Яъло (6580), Термизий (3076, 3368), Насоий “Амалул явми вал-лайла” асарида (219-220), Ибн Абу Осим “Ас-сунна” асарида (206), Ибн Ҳиббон (6167), Ҳоким (1/ 64, 2/585, 4/263) ва Ибн Абу Ҳотим “Тафсир”ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бир қанча йўллардан ривоят қилганлар.

Ҳадис бу йўллар йиғиндиси ила саҳиҳдир, валлоҳу аълам.

[5] Саҳиҳ ҳадис. Аҳмад (6/441) ва ўғли Абдуллоҳ “Аз-завоид” асарида, улар иккисининг йўли орқали Ибн Асокир “Тарихи Димашқ” асарида (7/397-бет), Баззор “Муснад” асарида (2144) саҳиҳ ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар. Шунингдек, ҳадисни устозимиз Албоний роҳимаҳуллоҳ “Ас-саҳиҳа” асарида (49) саҳиҳ деганлар.

[6] Бухорий (3326, 6227) ва Муслим (2841) ривоят қилганлар.

[7] Саҳиҳ лиғайриҳ. Молик (2/898), Аҳмад (1/44), Абу Довуд (4703), Термизий (3075), Ибн Ҳиббон (6166), Ҳоким (1/27, 2/324, 544) ва бошқалар Моликнинг мазкур ҳадисдаги йўлидан ривоят қилганлар.

Шунингдек, мазкур ҳадисни Абу Довуд (4704), Ибн Абу Осим (201) ва Ибн Абдулбар “Тамҳид” асарида (6/4-5) Зайд ибн Абу Унайса йўлидан ривоят қилганлар.

Термизий “Сунан” асарида баён қилганидек, ҳадиснинг ровийлар шажараси заифдир. Бироқ Абу Ҳурайра, Ибн Аббос, Абдураҳмон ибн Қатода, Анас ва Убай розияллоҳу анҳумлар ривоят қилган ҳадислар маъноси мазкур ҳадис маъносини қўллаб-қувватлайди ва шу сабаб бу ҳадис саҳиҳ ҳадис даражасига кўтарилади. Буни Ибн Абдулбар ўзининг “Тамҳид” асарида таъкидлаган ва Мунзирий ҳам “Мухтасарус-сунан” асарида (7/ 73)  бу фикрга қўшилишлигини айтган.

Obuna bo'lish uchun quyidagi manzilni ziyorat qiling va baham ko'ring

https://t.me/joinchat/AAAAAEWzfgHoVDMNUUEgXg