12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди:
✔️ Жамият ҳаётининг барча жабҳаларида изчил амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш, инсон шаъни ва қадр-қимматини улуғлаш ҳамда эркин ва фаровон турмушини таъминлаш каби олижаноб мақсадлар мужассамдир. Ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — инсон омили экан, бугунги кунда миллий қонунчилигимиздан мустаҳкам ўрин олган ярашув институти тўғрисида алоҳида тўхталиш лозимдир.
Ярашув институти илк марта миллий қонунчилигимизда бундан 21 йил муқаддам жорий этилган. Яъни 2001 йил 29 августда қабул қилинган "Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"даги қонун асосида Жиноят кодексининг 66-1-моддасида ярашилганлиги муносабати билан шахсни жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган.
Мазкур ҳуқуқий институт жорий этилгандан буён қонунга киритилган ўзгартиришлар асосида такомиллаштириб келинмоқда. Натижада унинг таъсир доираси кенгайди ва қўллаш тартиби соддалаштирилди. Ҳозирда ярашув институти татбиқ этиладиган Жиноят кодексининг моддалари 46 тага етганлиги ҳам фикримизга яққол далилдир.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу институтнинг жиноят қонунчилигига киритилиши жиноий-ҳуқуқий муносабатларни эркинлаштиришда самарали восита бўлди. Ўтган даврда ушбу институт жабрланувчининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатда судланганлик ҳолатини камайтириш, жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтининг кенгроқ қўлланишига имкон яратди.
Ҳаёт синовидан муваффақиятли ўтган бу амалиёт эндиликда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишларда ҳам кенг қўлланилмоқда. Бунга 2021 йил 4 октябрдаги "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида"ги қонун ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ярашганлиги муносабати билан шахсни маъмурий жавобгарликдан озод қилиш асослари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-2-модда белгилаб қўйилди. Аниқроқ айтганда, 12 турдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз айбига иқрор бўлса, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни бартараф этса, суд уни маъмурий жавобгарликдан озод қилиб, ишни тугатиши мумкин.
Ушбу норма Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг:
40-моддасида — туҳмат;
41-моддасида — ҳақорат қилиш;
45-моддасида — фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш;
46-моддасида — фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этиш;
46-1-моддасида — шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузиш;
52-моддасида — енгил тан жароҳати етказиш;
61-2-моддасида — мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш;
104-моддасида — экинзорларни пайҳон қилиш, қишлоқ хўжалик экинларининг далада тўплаб қўйилган ҳосилига зарар етказиш ёки уни йўқ қилиб юбориш, кўчатларга шикаст етказиш;
133-моддасида — транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келиши;
134-моддасида — ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши транспорт воситаларининг ёки бошқа мол-мулкнинг шикастланишига олиб келиши;
183-моддасида — майда безорилик;
200-моддасида назарда тутилган ўзбошимчалик каби маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар бўйича ярашув шартлари бажарилган ҳолларда татбиқ этилиши мумкин.
Эслатиш жоизки, ушбу ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашганлиги муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.
Илгари биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз вақтида жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаган, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган ҳамда жабрланувчи билан ярашган тақдирда ҳам маъмурий жавобгарликдан озод қилиш тартиби қонунчиликда мавжуд эмас эди.
Лекин ҳуқуқни қўллаш амалиётида эр-хотин, қариндош-уруғ, қўни-қўшни, таниш-билиш ва ҳамкасблар ўртасида келишмовчилик рўй бергандан сўнг ўзаро ярашиб, зарарлар қопланиб, ўрталарида адоват қолмаган ҳолатлар тез-тез учраб турар, аксарият ҳолларда тарафлар ярашган бўлса ҳам ҳуқуқбузарлар маъмурий жазога тортилар эди. Табиийки, бу яқин инсонлар орасида адоват давом этишига, уларнинг муносабатларига совуқлик тушишига сабаб бўларди.
Эндиликда қонунчиликда ярашув институтининг жорий этилиши натижасида бу каби салбий оқибатларнинг олди олинади.
Фикримизча, ярашув институтининг қонунларимиздан мустаҳкам ўрин эгаллаб, амалда кенг қўлланиб келаётганининг асосий сабаби ундаги инсонпарварлик ва одиллик тамойиллари олийҳиммат халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби фазилатларига уйғунлиги билан изоҳланади. Шуни таъкидлаш керакки, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахснинг жабрланувчи билан ярашганлиги туфайли жавобгарликдан озод қилиниши нафақат унинг ўзи, балки яқинлари учун ҳам катта маънавий ва тарбиявий аҳамият касб этади.
Шу маънода жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жами 388 524 та маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўрилгани, уларнинг 40 117 таси эса тарафлар ярашуви муносабати билан тугатилганлиги ҳам фикримизга ёрқин далил бўла олади.
Хулоса шуки, миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган ушбу ҳуқуқий институтнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Ярашув институти моҳият-эътибори билан фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилмоқда.