12 нафар маҳкум озод қилинди
@ohangaronthokimligiБугун Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, судья М.Базаровнинг раислигида, суд мажлиси баённомасини юритувчи судья ёрдамчиси Ф.Бахадировтарафлардан Оҳангарон туман прокурорининг ёрдамчиси О.Ўткиров ва Оҳангарон туман ИИБ Пробация гуруҳи катта инспектори Б.Бердиевларнинг иштирокида, Оҳангарон тумани ИИБ бошлиғи томонидан маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 73-моддасига асосан ўталмаган жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ҳақидаги тақдимномасини иш ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқди.
Суд иш ҳужжатлари билан атрофлича танишиб чиқиб, маҳкумлар берилган жазо муддатини ўташ мобайнида ўзини фақат ижобий томондан кўрсатиб, иш жойидан ижобий тавсифномага эга эканлигини, содир этган жиноятини тан олиб, қилмишидан пушаймондалигини, оилавий шароитини инобатга олиб, маҳкумларни ҳақиқатдан ҳам тузалиш йўлига ўтган деб ҳисоблади ва ўталмаган жазо муддатидан шартли равишда озод қилишни лозим топди.
Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди томонидан инсонпарварлик ва одиллик принципларини қўллаган ҳолда жами 12 нафар маҳкум (шундан икки нафар аёл) аҳлоқ тузатиш ишлари ҳамда озодликни чеклаш жазоларидан (9 нафар шахс озодликни чеклаш ва 3 нафар шахс аҳлоқ тузатиш ишлари жазосидан) муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Севара ТУРҒУНОВА.