ᅠᅠ

ᅠᅠ

Marhamah Study
Амир Темурнинг Олтин Ўрдага қарши 1391 йилдаги юриши

Амир Темур давлати  V - Қисм
Шундан сўнг Эрон жануби — Форсда ва унинг пойтахти Шерозда юз берган ҳолат Амир Темур диққатини жалб қилади.
Бу воқеалардан бироз аввал Форс ҳокими Шох Шужў вафот этади. Ўлимидан аввал у ўғли Зайналобидинни ворис этиб тайинлаганди ва ворисини Амир Темурга тақдим этиб, мактуб йўллаганди.
Бир оз муддатдан сўнг Амир Темур Шерозга, Зайналобидиннинг ҳузурига ўз одамини юборади.
Зайналобидин Амир Темур ҳузурига келиш ўрнига унинг элчисини ҳибсга олди. Шундан сўнг 1387 йил кузида Амир Темур Форс вилоятига юришни бошлади. Унинг йўли Исфахон орқали ўтарди. Шаҳарга яқин келиб, у лашкарларни саф торттирди. Шундан сўнг шаҳар аъёнлари «така ҳаки» деб аталган омонлик моли тўлашни бўйинларига олдилар. Кечаси Али Кўчапо деган шахс бир тўда каллакесарлар билан келишиб, солиқ йиғувчиларни ўлдира бошлади. Уларнинг кўплари ўлдирилди, баъзилари қочди. Шаҳарга ўз иши билан кирган баъзи аскарлар ҳам ўлдирилди. Ҳаммаси бўлиб уч минг киши ўлдирилган эди. Ўша кечасиёқ бу ҳақда Амир Темурга хабар етказилди.
Бутун лашкар, жумладан, Амир Темурнинг ўзи ҳам ғазабга тўлган эди, аскарлар қасос талаб қилдилар. Шундан сўнг шаҳар таланди.
Амир Темур Исфахондан сўнг 1387 йил декабрининг ўртасида Шероз яқинидаги Тахти Қорача деган мавзега келиб тўхтайди. Исфахон воқеаси ҳақида эшитган атроф вилоятларнинг кўп ҳокимлари ҳавфсираб Амир Темурнинг ҳузурига келадилар ва унинг номи билан хутба ўқийдилар. Фақат Зайналобидин ундан ўзини олиб қочади.
1388 йил январининг охирларида Амир Темур Шерозда турганида Мовароуннаҳрдан хавотирли хабарлар келади.
Амир Темур йўқлигида, фурсатдан фойдаланиб, Тўхтамиш Мовароуннаҳрга катта куч юборади ва Сабронни қамал қилади. Бу ҳақда эшитиб Андижондан шахзода Умаршайх ўз кучлари билан Сабронга келади. Самарқанд аскарлари ҳам бу ерга етиб келади. Сўнг юз берган жангда Тўхтамишнинг аскарлари енгади ва мамлакатнинг ички ҳудудларига киради. Дашт кучлари Хоразм орқали Бухорога келиб, унинг атрофларини вайрон қиладилар. Кейин улар Кеш вилоятига келиб Занжир Саройни ёндирадилар ва Қарши, Хузор орқали Амударёгача ўтадилар.
Шунингдек, Амир Темурнинг йўқлиги ҳақида эшитиб, Мўғулистондан амир Анка Тўра Тошкентни талайди ва Фарғона водийсига — Андижон тарафга йўл олади. Андижонда шахзода Умаршайх унга қаттиқ қаршилик кўрсатади ва уни тоғ тарафга чекинишга мажбур қилади.
Амир Темур Шероздалигида 1388 йил февралининг бошларида бу воқеалар ҳақида эшитади. Шунда у шошилинч равишда Форс вилояти шаҳарларини Музаффарийлар ўртасида тақсимлаб, 9 февраль куни Мовароуннаҳр тарафга йўл олади ва тезда Самарқандга етиб келади. Унинг келгани ҳақида эшитган душманлар ҳар тарафга қочади: мўғулистонликлар ўз юртига кетади, Тўхтамиш аскарларининг бир қисми ўз юртига кетиб, яна бир қисми Хоразмда, Гурганчда қолади.
Бу эса Амир Темурни 1388 йил эрта баҳорида Хоразмга бешинчи юриш қилишга мажбур этади. У Гурганчга яқин келиб, аҳолисини Самарқандга кўчиришни буюради ва шаҳар ўрнига арпа септиради. Бу ишни Амир Темур гурганчликлар Тўхтамишнинг аскари таркибида бориб Занжир Саройни ёндиришда иштирок этганлари ва душман тарафида бу ишларда қатнашиб, унга нисбатан хоинлик қилганликлари учун қасос сифатида қилган эди. Бироқ уч йилдан сўнг Амир Темур фармони билан шаҳар аввалгидан ҳам яхши қилиб қайта тикланди ва аҳолиси қайтариб келтирилди.
1388 йил охирида Тўхтамиш Дашти Қипчоқдан Сирдарёнинг чап соҳилидаги Ачуқ Зарнуқни эгаллади. Амир Темур дархол лашкар тўплаб, душман устига юрди. Бироқ 1388/1389 йил қишининг қаттиқ совуқлиги туфайли бир оз кутишга мажбур бўлди. 1389 йил баҳорида иккала тарафнинг кичик гуруҳлари ўртасида айрим тўқнашувлар бўлди.
Тўхтамиш чиғатойлар лашкарини чалғитиб чўлга киритиш, сўнг пистирмадаги кучлари билан зарба бериш мақсадида ўз лашкарини атайин «қочган қилиб кўрсатмоқчи бўлади». Лекин Соҳибқирон беклари бу найрангга учмайдилар ва Амир Темурни душманни таъқиб қилишдан тўхтатиб, Мўғулистонга Туғлук Темурнинг ўғли Ҳизр Ҳожахонга қарши юришга, сўнг Тўхтамишга қарши юришга кўндирадилар.
1389 йил ёзида Амир Темур Мўғулистонга бешинчи марта юриш қилади. Чиғатойлар бу гал душманнинг қочаётган гуруҳларини қувиб, мамлакатнинг анча ичкари ҳудудларига кирадилар. Лашкар Балхаш кўлининг шарқидан бориб, Зайсан кўлидан жануброқдаги Чигучак шаҳри яқинига келиб тўхтайди.
Амир Темур Амир Жахоншох ва Уч Қаро Баҳодурни ўттиз минг кишилик аскар билан Шарққа юборади. Улар Иртиш дарёсидан ўтиб, Олтой тоғи этакларигача етадилар ва орқага қайтадилар. Сўнг Амир Темур жануби-ғарбий йўналишда юриб, Қорашардан шимолроқдаги Юлдуз ўтлоғида тўхтайди. Шу ерда Амир Темур лашкарини 20—30 минг кишилик гуруҳларга бўлиб, Мўғулистоннинг турли вилоятларига юборади.
Амир Темур аскарлари Ҳизр Ҳожахоннинг чекинаётган гуруҳларини қувлаб, бутун Шарқий Туркистонни айланиб чиқдилар. Улар бир қанча шаҳарлардан ўтиб, Хитой чегарасига бевосита яқинлашдилар ва асл Мўғулистоннинг ғарбий ҳудудларига кирдилар.
Шу билан бирга Юлдуз ўтлоғи Амир Темур қадами етган энг шарқий мавзе бўлди. Амир Темур бу юришдан 1390 йил бошида қайтди. Ҳизр Ҳожахоннинг ўзи қўлга тушмаган бўлса ҳам, бу юришда эришилган қатор ғалабалар мўғулларнинг кучини анча синдирди.
1390 йили Амир Темур Самарқандга қайтиб келгач, Мўғулистонга, Қамариддинга қарши 20 минг кишилик аскар юборди. Юриш жами олти ой давом этди.
1390 йил охирларида Амир Темур Тўхтамишга қарши биринчи асосий юришга тайёргарлик кўради. Ўша йил охирида Тошкентга келгач, Темур қирқ кун бетоб ётади. Соғайгач, 1391 йил 19 январида йўлга чиқади. Йўлда Ўтрор яқинида Қора Сомон деган жойда тўхтаганида Тўхтамиш элчилари келиб, тўққиз от ва бир шунқорни тортик қиладилар ва уни авф этиш ҳақидаги хабарни етказишади.
Бу бир айёрлик нағмаси бўлиб, у Амир Темур юришининг олдини олиб, вақтдан ютиш учун қилинган эди. Амир Темур буни тўғри тушуниб, Тўхтамиш таклифини қатъиян рад этди.
Шундай бўлса ҳам Амир Темур Тўхтамишхон элчиларини яхши кутиб, уларни меҳмон қилди, сўнг улар билан бирга йўлга чиқди. Апрель ойи бошларида чиғатой лашкари ҳозирги Марказий Қозоғистондаги Кичик тоғ ва Улуғ тоғга етди.
Сўнгра Темур лашкари билан шимолга юриб, Тобол, Ёйик (Урал) ва Ийик (Ик) дарёларидан ўтди.

Тайёрлади: Имомов Хуршид / Marhamah Study буюртмаси асосида!
Манба: “Амир Темур жаҳон тарихида”. Тошкент, «Шарқ». 2001 йил. 

БИЗНИНГ САҲИФАЛАРИМИЗ:
👉 ТEЛEГРАМ КАНАЛГА КИРИШ 👈
👉 MARHAMAH STUDY 👈
👉 ФАНЛАР 👈

Report Page