МАКТАБЛАРНИ ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИГА КИРИТИШДА АНИҚ ТИЗИМ ЯРАТИЛИШИ ЛОЗИМ

МАКТАБЛАРНИ ИНВЕСТИЦИЯ ДАСТУРИГА КИРИТИШДА АНИҚ ТИЗИМ ЯРАТИЛИШИ ЛОЗИМ


Жорий йилнинг 2 сентябридан вилоятдаги умумтаълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёрлиги, карантин даврида мактаблар фаолиятини эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда ташкил этилиши, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижросини ўрганиш мақсадида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Самарқандда бўлиб турибди. Вазир вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов билан биргаликда Ургут ҳамда Нарпай туманларидаги мактабларда ҳам бўлди.

“Мактаб болани вақтинча ушлаб турадиган маскан эмас”

2018/2019 ўқув йилида Миллий рейтинг натижаларига кўра, вилоятимиз мактаблари салбий кўрсаткични қайд этганди. Бунга асосий сабаб нима: таълим сифатининг пастлигими ёки битирувчиларнинг ОТМга топширмаслиги? ОТМга кирмаган мактаб битирувчилари бугун қандай фаолият билан машғул? Педагог-ходимларнинг салоҳияти қандай?

Халқ таълими вазири Ургут туманидаги 6-, 8-, 9-, 27- ва 69-умумий ўрта таълим мактабларида, Нарпай туманидаги 43-, 49-, 55-, 56- ва 64-мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари билан танишиш билан бирга, мактаб педагогик жамоаси билан мулоқотларда ана шундай саволларни ўртага ташлади.

Ш.Шерматов мактаб болани вақтинча ушлаб турадиган маскан эмаслигини уқтириб, мактаб директори, битирувчиларнинг синф раҳбарлари, фан ўқитувчиларини масъулиятли бўлишга чақирди. Бундай ҳолат келгусида ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида юқори малака ва тажрибага эга олий маълумотли кадрларнинг камайиб кетиши, мутахассис етишмовчилиги, ишсизликнинг ортиб кетиши каби салбий ҳолатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Мактабнинг инвестицияга киритилишида аниқ тизим бўлиши зарур

Халқ таълими вазири туманлардаги таъмирга муҳтож, қурилганига бир неча ўн йиллар бўлган мактабларни инвестиция дастури асосида реконструкция ишларини олиб боришда аниқ тизим яратилиши лозимлигини таъкидлади. Бунда туман ёки шаҳар бўйича энг таъмирга муҳтож мактабларнинг рейтинги тузилади.

Ҳар йили ажратилган маблағлар мувофиқ, ҳудуддаги энг аҳволи оғир 1 та ёки 2 та мактаблар танланади ва реконструкция ишлари олиб борилади. Бу орқали ҳақиқий таъмирга муҳтож бўлган мактаблардан бошлаб, ўқувчи ва ўқитувчиларга кенг шароитлар яратилишига эришилади.

Мактабларни ўрганиш жараёнида Халқ таълими вазири ҳар бир туманларда мактабларнинг ҳолатига кўра мана шундай рейтингларни шакллантириш, бунда спорт зали, фаоллар зали ҳамда кутубхоналарда муносиб шароитлар яратилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши лозимлигини қайд этди.

Вазир Нарпай туманидаги 43-, Ургут туманидаги 27-мактабларидаги реконструкция ишлари билан танишиб, қурилиш ишларини сифатли амалга ошириш ва камчиликларсиз якунлаш бўйича қурувчиларга тавсиялар берди.

Халқ таълими вазири «Мард ўғлон» давлат мукофоти соҳиблари, Нарпай туманидаги 64-умумтаълим мактаби ўқувчилари, ака-ука Ҳасан ва Ҳусан Нуруллаевларни табриклаб, уларнинг кейинги юксак муваффақиятларига омад тилади. Устозларига миннатдорчилик билдирди.

Вазир мактабларнинг карантин даврида мактаблар фаолиятини ташкил этиш бўйича қилинаётган ишларни ҳам кўздан кечирди. Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларга пухта билим бериш бўйича яратилган шароитлар билан танишди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.

Report Page