ᅠᅠ

ᅠᅠ

Marhamah Study

Маргулан Сейсембаевнинг муваффақият тарихи. I-қисм
Охирги вақтларда oммавий ахборот воситалари орқали Қозоғистонлик бизнесмен, инвестор, «Seimar Social Fund» нотижорат хайрия фондининг ва Буюк Британиянинг «Haileybury School Almaty» шахсий мактабини Қозоғистондаги таъсисчиси, «AlmaU» Олма- Ота менеджментлик университетининг ҳомийси Маргулан Калиевич Сейсембаев ҳақида кўп эшитмоқдамиз. Аслида Маргулан Сейсембаев ўзи ким? Қаерда туғилган? Қандай қилиб катта муваффақиятларга эришган? Бизнесни бошлаш арафасида турган ёшлар ундан нимани ўрганса бўлади? Биз сизга Маргулан Сейсембаевнинг  фикрлари, дунё қараши ва муваффақият тарихи ҳақида ҳикоя қилишга қарор қилдик.
Болалик йиллар.
Маргулан Сейсембаев 1966 йили 2 ноябрь кунида Қозоғистоннинг Жезказган вилоятида туғилган. Отаси агроном бўлган. Унинг отаси меҳнат фаолияти давомида Жезказган вилоятидаги бир неча совхозда меҳнат қилган. Шунинг учун Маргулан бир неча ўрта мактабда қозоқ ва рус тилларида ўқишга мажбур бўлган. Маргулан учун ўқув даргоҳларини тез- тез ўзгартириш, эндигина дўст бўлиб қолган синфдошлар билан ажралиш, ўқитувчиларни ўзгариши ўзига яраша қийинчиликлар уйғотган. Аммо, бу ҳолатнинг ижобий томони ҳам бўлган. Маргулан қозоқ ва рус тилларида мукаммал гаплаша оладиган, бегоналар билан тезда тил топиша оладиган, керак бўлса ўзи ва дўстлари учун хар қандай қийинчиликни енга оладиган инсон бўлиб етишди.
Маргулан ўрта мактабни тугатиб тахминан бир ярим йил совхозда чўпон бўлиб меҳнат қилди. Албатта, қўйларни боқиш ёш йигитга қийин бўлган. Шундай кунларнинг бирида Маргулан  бу дунёга фақат еб ичиш учун келмаганлигини тушунди. Чўпонликни ташлаб, отасини ташаббуси билан асаларичилик билан шуғулланган. 1987 йил икки йил ҳарбий хизматни ўтаб келгандан сўнг, ота- онасининг маслаҳати билан Қозоғистон Давлат Университетининг ҳуқуқшунослик йўналиши бўйича ўқишга кирди.
Маргулан ўқиш даврида мустақил равишда инглиз тилини ўрганишни ният қилди. Бунинг учун у 10 000 сўздан иборат қозоқча-инглизча луғат китобни қўлига боғлаб ўқиб юрди. Қўлида боғланган китобни овқатланганда ҳам, ювинганда ҳам, ухлаганда ҳам ечмаган. Тахминан икки йил ўтиб инглиз тилида мукаммал гаплаша оладиган бўлганидан кейин қўлида боғланган китобни ечган.
Бизнесни бошланиши.
Олийгоҳни аъло баҳога тугатгандан сўнг бизнес билан шуғулланишга қарор қилди ва «Сеймар коммерция» компаниясига асос солди. Бизнес соҳасида биринчи ишини мебель олиб сотиш билан бошлади. Бунинг учун кредитни Германия банкидан олган. Бу банк Қозоғистонда истиқомат қилувчи немис миллатига мансуб шахсларга имтиёзли кредит берган. Маргулан раҳбарлигидаги «Сеймар коммерция» компанияси ходимларидан бири немис миллатига мансуб эди. Банкдан олинган пулга мебель ишлаб чиқарувчи корхоналардан катта миқдорда стол ва стул харид қилиб, эндигина бизнес бошлашни ният қилган ўзига ўхшаган тадбиркорларга сотиб биринчи моддий фойдасини олди. 
Маргуланнинг бизнесдаги навбатдаги режаси Қозоғистонда етиштирилган бўғдойни МДХ давлатларига сотиш бўлган. Шу тариқа фаолият олиб борган Сейсембаев 28 ёшда тўлганда 13 миллион долларлик сармояга эга бўлди.
Маргулан Сейсембаев мебель ва бўғдой билан шуғулланишдан ташқари ўз бизнес йўналишларини кенгайтириб телекоммуникация, банк, брокерлик, қурилиш, қишлоқ -хўжалиги, озиқ-овқат, кўмир, газ, нефть ва бошқа соҳаларда ҳам фаолият олиб борди.
 Бир неча йилдан кейин унинг сармояси 6 миллиард доллардан ошди. Маргулан 70 миллион долларга харид қилган шахсий ахтага, 1 дона самолёт, 3 дона вертолёт, тан соқчилар ва кўплаб хизматчиларга эга бўлди. Шундай кунларнинг бирида Маргулан ўзига савол берди, бундай ҳашаматли ҳаёт нимага керак? Кўп ўйлаб ўтирмасдан ҳашаматли ҳаётдан воз кечишга қарор қилди.
У Москва шаҳрининг Арбат кўчасида тинчгина ёлғиз ўзи ҳеч нарсадан қўрқмасдан айланиб юришни ва оила аъзолари билан ўзининг уйида тинчгина истиқомат қилишни ният қилди.
Маргулан Сейсембаев катта муваффақиятлар эришиши силлиқ бўлмаган. Унга қарши таъзиқлар, қўрқитишлар бўлган ҳаттоки ишонган ҳамкори томонидан уни ҳаётига суиқасд уюштирилган.
 2009 йил унга нисбатан қўзғатилган жиноий иш бўйича 5 миллиард 800 миллион долларга тенг сармояси давлат томонидан олиб қўйилган. Ўзи эса Қозоғистон ҳудудини тарк этишга мажбур бўлган.
Бундан ташқари Швейцария, Лихтенштейн, Лондон ва Дубай ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан унга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Интерпол томонидан қидирув эълон қилинди.
 Маргулан катта муаммоларга дуч келди. Нима бўлганда ҳам у ўзини йўқотиб қўймади. Унинг таъкидлашича, бундай қийин вақтларда ўзининг имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилди. асосийси у соғлом ва озодликда эканлигини тезда тушунди. Маргулан курашди ва ўзини айбсиз эканлигини исботлади. 2016 йилга келиб унга нисбатан қўзғатилган барча жиноий ишлар жиноят тартиби йўқлиги сабабли ҳаракатдан тўхтатилди.
У сармоясиз қолди. Шу даврда, Маргуланни таъкидлашича Аллоҳ унга 130 миллион доллар берди. Бу пул Маргуланга тегишли мобил алоқа компанияси сотилганидан қолган пул эди. Ҳозирги вақтда Маргулан Сейсембаев Олма-Ота шаҳрида истиқомат қилади. Асосан инвестиция билан шуғулланади.
Оилали, турмуш ўртоғи: Сейсембаева Сауле Каирбаевна (26.01.1972 й.Т.). Фарзандлари: Зере (19.08.1992 й.Т.), Дамели (23.11.2008 й.Т.), Альмира (23.11.2008 й.Т.)
Маргулан ов қилишни, тоғда чанғи учишни, авиаспортни, шахмат ва гольф ўйнашни ёқтиради.
Маргулан Сейсембаевнинг маслаҳатлари.
Бизнесни нимадан бошлаш керак?
Маргулан Сейсембаевнинг таъкидлашича бизнес бошлашган аввал нима билан шуғулланишни ёқтиришингизни аниқлаб олинг. Севган машғулотларингизни рўйхатини тузиб чиқинг. Кейин рўйхатдаги қайси машғулотни яхши бажара олишингизни аниқланг. Унутманг! Одамлар сизга бекордан-бекорга пул тўламайди. Улар сизга бошқаларга қараганда яхшироқ ишлаб чиқарган маҳсулотингиз ёки яхшироқ кўрсатган хизматингиз учун ҳақ тўлайди.
Ҳар қандай бизнес йўналишни танлашдан бошланади. Яхшилаб таҳлил қилинг сизнинг қобилиятингиз қайси соҳани бошқалардан кўра яхши бажаришга мойил.
Қайси спорт тури билан шуғулланишни бошлашни ўйлаб турган ёш болани кўз олдингизга келтиринг. Айтайлик боланинг бўйи узун, қўллари жисмонан бақувват, кафтлари кенг. Сиз унга қайси спорт тури билан шуғулланишни маслаҳат берасиз. Албатта сув билан боғлиқ спорт тури билан. Чунки бу спорт тури билан шуғулланиш учун унда Аллоҳ томонидан берилган устунлик бор. Мана шу устунлигидан унумли фойдаланса муваффақиятга эриша олади. Агар бола футбол ўйнашни яхши кўрса, аммо яхши югура олмаса, у қандай қилиб муваффақиятга эриша олади.
Бизнесни бошлашни ният қилган ҳар бир инсон ўзини бошқаларга нисбатан устун томонини аниқлаб олиши ва шу устунлигидан самарали фойдаланиши шарт.
Кейинги босқич- танлаган бизнесни ўрганиш. Бунинг учун шу соҳа билан шуғулланувчи корхона ёки компанияга ёлланма ишчи сифатида иш бошлаш афзал. Чунки, биринчидан сиз ҳеч қанча пул тикмайсиз, иккинчи афзал томони шундаки, сиз текинда бизнес билан шуғулланишни ўрганасиз. Ҳаттоки меҳнатингиз учун иш ҳаққи ҳам оласиз. Бошқача айтилса текинга университетни тугатасиз. Ёлланма ишчи сифатида меҳнат қилиш жараёнида сиз на фақат оддий ишчи сифатида малакангизни ошириб боришингиз, балки раҳбар сифатида фикрлаш, масъулиятни бўйнига олиш ва қарор қабул қилишни ўрганишингиз керак бўлади. Маълум бир даражага етганингиздан кейин ўзингиз мустақил равишда бизнес бошлашингиз мумкин.
Бизнес фаолият.
Бизнес билан шуғулланиш қандайдир устунлик ва таваккалчиликлардан иборатдир. Бизнесга муваффақиятга эришиш учун инсон ўз олдига аниқ бир мақсад қўйиши керак. Бу мақсадга эришиш учун аввалам бор баъзи саволларга жавоб топиши керак. Нима сабабдан бизнес билан шуғулланмоқчисиз? Қандай натижага эришмоқчисиз? Инсон ўзининг имкониятидан келиб чиқиб мақсад белгилаши керак. Маргулан Сейсембаевнинг фикрича аксарият ёш бизнесменларнинг асосий муаммоси шундаки, уларнинг истаклари имкониятларига мос келмайди. Аввалам бор имкониятдан келиб чиқиб ўз олдига мақсад қўйиш керак. Мақсад катта бўлиши шарт эмас.
Катта муваффақиятга эришган омадли ва бой бизнесменлар мустақил равишда фаолиятини бошлаш босқичида ўз олдига кичик мақсадлар қўйган ва шу мақсадларга эришиш йўлида шошмасдан, аммо, ишонч билан муваффақият сари қадам ташлаганлар. 
Кичик мақсад-катта натижа беради. Ҳар бир кичик мақсадга эришганингиздан сўнг ўзингизни рағбатлантиринг. Масалан; қандайдир мақсадга эришганингиздан кейин оила аъзоларингиз билан дам олиб келишни режа қилинг ёки куни билан ўзингизга ёққан сериал томоша қилинг.
Ҳар бир кичик мақсадга эришиш сизга қўшимча куч ва ғайрат беради, ўзингизга бўлган ҳурмат ва ишонч ортади. Кичик бир мақсадга эришганингиздан сўнг, янги мақсадларни режалаштиринг ва уни амалга оширганингиздан кейин яна ўзингизни рағбатлантиринг. Бу сизга одат бўлиб қолади.
  Унутманг! Муваффақиятга эришиш ён-атрофингиздаги инсонларга ҳам боғлиқ. Улар қанчалик кучли, билимли ва омадли бўлса, муваффақият ҳам шунчалик катта бўлади. Шунинг учун ҳам сиз кучли, омадли ва катта муваффақиятга эришган инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилинг, улардан ўрганинг, улар билан дўст бўлишга ҳаракат қилинг. Уларнинг бизнесдаги ва ҳаётий тажрибаси сизни қўпол хатолардан асрайди.
Ҳаракатдан тўхтаманг.
Маргуланнинг фикрича катта муваффақиятга- ўзини ҳурмат қилган ва ўзига ишонган инсон эришади. Ўзини ҳурмат қилган инсон катта мақсадларга эришишни ният қилади ва шу мақсадларга эришишига ишончи бўлади. Ишонч инсонни ҳаракат қилишига ундайди. Муваффақиятга эришган инсонларнинг бошқалардан ажратиб турадиган жиҳати, улар ҳаракат қилишдан тўхтамаганлар. Мақсадга эришиш учун бир неча бор уриниб кўрганлар. Биринчи, иккинчи ва ҳаттоки кейинги уринишларда ҳам муваффақият келмаса ҳам тўхтаб қолмаганлар. Янги усул восита ва кучлардан фойдаланганлар. Унутманг! Моддий фойда олиб келмаган уриниш ҳам сизни нимагадир ўргатади.
Маргулан Сейсембаев бизнес бошлашни ният қилган ёшларга савдо- сотиқдан бошлашни маслаҳат беради. Бунинг учун катта маблағ ҳам шарт эмас. Ҳаракатни бошланг, ён атрофни кузатинг, бозорда нимага талаб ошган ўрганинг. Бу нарса мавсумга ҳам боғлиқ, айтайлик қиш мавсуми яқинлашмоқда, демак қишки кийим, иситиш мосламалари, янги йил байрам совғаларига талаб ошади. Бунинг учун талаб ва эҳтиёж ошган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи корхоналардан харид қилинг ва ўз мижозингизни топинг. Кейинги навбат баҳор мавсумига тайёргарлик кўринг.
Муваффақият.
Маргуланнинг фикрича бизнес бошлагандан кейин муваффақиятга эришиш учун аввалам бор тўс-тўполон бизнес оламида омон қолиш керак. Омон қолиш учун зарур бўлмаган нарсалар билан шуғулланиб вақтингизни кетказмаслигингиз керак. Фараз қилинг ўрмонда бир йигитнинг ортидан йиртқич ҳайвонлар қувламоқда. Бу вазиятда йигитнинг асосий мақсади омон қолиш. Шунинг учун йигит озиқ-овқат ва захира кийимлари солинган сумкасини ҳамда тез югуришига халақит қилаётган эгнидаги баъзи кийимларини ечиб югуради ва йиртқичлардан қочиб дарахтга чиқиб жон сақлаб қолди. У ўз мақсадига эришди-омон қолди. Аҳамият бердингизми омон қолиш учун кераксиз нарсалардан воз кечди.
Муваффақиятга эришишнинг кейинги босқичи-зарурий билим олиш.  Маргуланнинг фикрича зарурий билим олиш билан шуғулланмаган инсоннинг кўп вақти фойдасиз нарсаларни ўрганиш билан ўтади. Билим бўлмаса муваффақият келмайди. Ҳозирги вақтда бизнес билан шуғулланиш учун зарурий билим олиш катта муаммо эмас. Кўплаб китоблар чоп этилган, бизнес ўргатувчи ўқув марказлар фаолият олиб бормоқда, форумлар ва семинарлар ташкил этилмоқда.
Кейинги босқич ўзлаштирган билимдан унумли фойдаланиш. Билимингиздан фойдаланмасангиз унда ўрганишга не ҳожат. Кўпроқ амалиёт билан шуғулланинг. шундагина билимингиз ортидан катта қобилиятга эга бўласиз. Қобилиятингиз сизга муваффақият олиб келади.
Сейсембаевнинг таъкидлашича муваффақиятга эришиш қуйидаги босқичлардан иборат:
1. Бизнес билан шуғулланиш учун истак.
2. Мотивация.
3. Ҳаракат.
4. Хато ва камчиликларни енгиб ўтиш.
5. Зарурий билимга эга бўлиш.
6. Билимни амалиётга татбиқ этиш.
7. Муваффақият.
Маргулан Сейсембаевнинг фикрича муваффақият – бизнес фаолиятнинг самарали маҳсулоти ҳисобланади. Муваффақият деганда албатта бой бўлишни тушуниш керак эмас. Инсон бой бўлишга эмас, бахтли бўлишга ҳаракат қилиши керак. Аксарият инсонлар пул топиб бой бўлиш ниятида кечаю-кундуз меҳнат қилади. Оиласига, яқинларига, дўстларига, қариндошларига вақт ажратмайди, севган машғулоти билан шуғуллана олмайди. Бунинг натижасида асаблари ишдан чиқади, сурункали касаллик орттиради ва натижада бой бўлиш нияти амалга ошмайди, аксинча, бахтсиз ва омадсиз инсонга айланади.
 Маргуланнинг ўзи бой бўлишга эмас, бахтли бўлишга ҳаракат қилган. Унинг фикрича, мақсади бахтли ҳаёт кечириш бўлган инсонга муваффақият албатта келади. Ўзини бахтли инсон деб ҳисоблаганларнинг ҳаммаси муваффақиятга эришган. Чунки муваффақиятга эришиш учун аксарият инсонларга куч, вақт, восита, билим етишмаслиги мумкин, аммо, бахтли бўлиш учун эса барча зарурий нарсалар етарли.
«Хатодан сабоқ олмаслик, катта хато». Маргулан Сейсембаев
Манба: Маргулан Сейсембаевнинг ОАВ ходимлари билан суҳбатлари.

Report Page