ᅠᅠ

ᅠᅠ

Marhamah Study

Рэй Далио «Менинг принципларим: ҳаёт ва иш» II-қисм
Мақсадга эришиш йўлида беш қадам.
1. Мақсадни аниқлаш.
Инсон ҳар кунлик хоҳиш ва истакларни рўёбга чиқараман деб энг олий мақсадини унутмаслиги керак. Рэйнинг фикрича «мақсад» бошқа, «хоҳиш» бошқа. Уларни бир- биридан фарқини яхшилаб англаб олиш керак.
Мақсад – бу сиз эришишмоқчи бўлган нарса. Хоҳиш эса баъзида мақсадингизга эришишга тўсқинлик қилиши мумкин. Масалан: Озиш бу- мақсад, ширинлик истеъмол қилиш бу мақсадга эришишга тўсқинлик қилувчи - хоҳиш.
Мақсадни аниқлаб олиш -орзуни амалга ошириш учун қўйилган энг биринчи, энг керакли ва энг қийин қадам. Чунки сиз бу дунёда нима учун яшаётганингизни белгилаб олишингиз керак бўлади. Бу жараёнда худди бир неча хил таом, ширинлик ва мевалар билан ясатилган стол атрофида ўтирган инсонга ўхшайсиз. Сиз ўзингизга ёққанини ва ўзингизга тўғри келадиган егуликларни меъёрида истеъмол қилишингиз керак. Кўп ейиш зарар, кам ейиш қоринни тўйдирмайди. Демак мақсад ҳам амалга ошадиган меъёрда бўлиши керак.
Мақсадни аниқлаш жараёнида, унга қандай усул ва воситалар билан эришишни ўйламанг.
РЭЙ Далио янги мақсадини аниқлаб олган вақтда, унга қандай усул ва воситалар билан эришиш ҳақида тасаввурга ҳам эга бўлмаган. Аммо, РЭЙ ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб шу нарсани аниқ билганки ўз қарорига қатъий туриши ва вазиятга мослашувчанлик хислатлари мақсадга эришишига кўмак беради.
Таҳлил учун саволлар:
• Яшашдан мақсадингиз?•. Энг асосий мақсадингиз?.• Мақсадингизни тўғри танлай оласизми?• Мақсадингизни аниқлашда нима асос бўлди?
2. Муаммоларни аниқлаш.
Мақсадингизни аниқлаб бўлганингиздан кейин, унга эришиш режасини ўйлаб кўринг ва мақсад йўлида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни аниқлаб олинг. Сизнинг фикрингизга кўра муаммолар жуда кўп кўринса ҳам, ҳаракатдан тўхтаманг. Бу жараёнда сизга фикрлаш, таҳлил қилиш ва вазиятга тўғри баҳо бериш қобилияти керак бўлади.
3. Муаммоларни ўрганиш.
Бу жараёнда аввалам бор ўзингизни заиф томонингизга ва камчиликларингизга аҳамият беринг. Шундан сўнг вазиятга ва ён атрофингиздаги инсонларга тўғри баҳо бериб 100 фоизлик ижобий натижага эришиш мумкин. Бу жараёнда сиз келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни ижобий ҳал этишга тайёр бўлишингиз керак.
4. Аниқ вазифалар кўрсатилган режа ишлаб чиқиш.
Режа- мақсадга эришиш йўлида бажарилиши керак бўлган вазифалар тўплами. Режада ким, қачон ва қандай вазифани бажариши аниқ кўрсатилиши керак. Режа пухта бўлиши учун таҳлил қила олиш қобилияти керак. Режа тузиш фильмга сценария ёзишдек. Сценария қанчалик кучли бўлса, фильм ҳам шунчалик оммабоп бўлади.
5. Режани амалга ошириш.
Режадаги вазифаларни бажариш учун ижро интизоми талаб этилади. Қайсидир босқичда қандайдир вазифани бажаришда қийинчилик юзага келса, режангизга ўзгартириш киритинг, шериклар ёки мутахассислар жалб этинг. Режани бажариш жараёнида кунлик бажарилиши керак бўлган вазифаларни аниқлаб олиш ижобий самара беради.
Унутманг! Муваффақиятга эришган инсонлар режаларидаги вазифаларни бажариш жараёнида вақтдан, кучдан, воситадан ва усулдан самарали фойдаланганлар. Бу босқичда сиздан ижро интизоми ва натижа сари ҳаракат талаб этилади. 
РЭЙ Далионинг жамоани бошқариш принципи.
1. Қандай қилиб кучли бизнес-жамоани яратиш мумкин?
Ҳар қандай жамоани (мактаб, жамғарма, компания ва ҳаттоки давлатни) муваффақиятга эришиши учун умумий принциплари бўлиши керак. Агар жамоани ҳар бир аъзоси умумий принципларга амал қилса, якуний мақсадга эришиш учун чин дилдан меҳнат қилади.
Аммо, бу ҳали ҳаммаси эмас, мақсадга эришиш учун жамоага узоқни кўра билиш қобилиятига эга етакчи ва ўз касбини мукаммал ўзлаштирган мутахассислар керак.
 РЭЙ Далио ўзи раҳбарлик қилган жамоа ижобий натижаларга эриша олмаётганлигига эътиборини қаратди. Олиб борилган таҳлил натижалари шуни намоён этганки, вазифалар ўз ишини мутахассиси бўлмаган ходимларга топширилганлиги сабабли ижобий натижага эришилмаган. Шундан сўнг, РЭЙ компаниясида ходимлар ҳақида тўлиқ маълумот берувчи, уларнинг кучли ва заиф томонлари баён этилган «бейсбол карточкаси» тизимини жорий этди. Тез кунларда бу тизим ўзини ижобий натижасини берди. Гарвард университети ходимлари томонидан Рэйнинг «бейсбол карточкаси» тизими чуқур ўрганиб чиқилди ва жуда самарали деб топилди.
Кучли бизнес -жамоа аъзолари:
а) мақсадга эришиш учун бажариши керак бўлган ўз вазифаларини яхши биладилар;Б) муаммоли ва баҳсли вазиятларга мутахассисларнинг фикрига қулоқ соладилар;В) йўл қўйган хато ва камчиликни тан оладилар;г) хавфли таваккалчиликка йўл қўймайдилар;д) ўз ишини доимо таҳлил қилиб олдинга интилиш учун ҳаракат қиладилар. 
Е) ходимлар орасидан ажралиб туришга ҳаракат қилмайдилар;ж) масъулиятни ўзига оладилар;З) қарор қабул қилиниш жараёнида ўз манфаатларини устун қўймайдилар;и) жамоа ривожланишига тўсиқ бўлмайдилар;к) жамоа мақсадига эришиши учун меҳнатини аямайдилар.
2. Ходимларни танлаш принциплари:
- Ходимни ишга қабул қилиш даврида кўпроқ унинг маънавий етуклиги ва қобилиятига эътибор беринг. Албатта, тажриба ҳам муҳим, аммо ундан ҳам муҳими умумий мақсад йўлида жамоа принципларини қўллаб- қувватлаши.
- Ходим танлашга масъул шахс тайинлаётганингизда, шуни унутмангки, ҳар қандай инсон ўзига ўхшашини танлашга ҳаракат қилади. Агар сизга ташаббускор, янгиликка интилувчи ва ўзгача фикрловчи мутахассис керак бўлса, ходим танлашни шундай қобилияти бор мутахассисга топширинг ёки номзод билан суҳбатни бир гуруҳ масъул шахслар иштирокида олиб боришни йўлга қўйинг.
- Суҳбат жараёнида номзод томонидан берилаётган жавоблардан кўра, кўпроқ унинг саволларига аҳамият беринг. Ақлли ва мантиқий савол ҳар қандай жавобдан устун.
- Номзодлар орасидан ижобий томондан яққол ажралиб турадиганларни танланг. Тажрибаси бор, аммо, бошқа ҳеч қандай қобилияти йўқ инсонларни ишга қабул қилмаганингиз маъқул.
 - Мақсад билан вазифани бир -биридан ажрата олмайдиган номзодларни ишга қабул қилманг. Бунинг учун номзодни ҳаётдаги энг олий мақсадини ва шу мақсадга эришиш учун нима иш қилганлигини аниқлашга ҳаракат қилинг. Мақсади йўқ инсонлар ҳар куни бажарадиган ишлари ҳақида гапиришдан четга чиқа олмайдилар.
Менежментликнинг  бешта асосий принципи:
1. Менежмент - жамоа олдида қўйилган мақсадга эришиш учун ишни тўғри ташкил этиш ва ходимларни самарали бошқариш.
2. Мақсадга эришишни дастлабки босқичига ходимларингиз билан яқиндан ҳамкорлик қилинг. Билмаган ёки тушунмаган нарсаларини ўргатинг. Фарзандингизда велосипедда учишни ўргатган даврингизни эсланг, сизни қатъиятлигингиз ва қўллаб -қувватлашингиз фарзандингизга велосипедда мустақил учишга куч берган.
3. Мақсадга эришиш йўлида қўлга киритилган натижаларни доимо таҳлил қилинг. Агар қандайдир муаммо юзага келган бўлса, уни сабабларини аниқланг. Ушбу муаммолар келиб чиқишига сабабчи бўлган ходимларни назорат қилишни кучайтиринг.
4. Буйруқбозликка йўл қўйманг. Ходимларга ҳаддан ташқари кўп кўрсатмалар берманг. Сизнинг авторитар бошқарувингиз ходимларингизни касбий ўсишига ва ташаббускорлик хислатларини ривожланишига тўсқинлик қилиши мумкин. Ходимлар ўз ваколати доирасида қўрқмасдан мустақил қарор қабул қилишни ўргансин.
 5. Ходимларингизни ҳар бирига аниқ вазифа беринг. Масъул шахслар тайинланг. «Биз шу ишни бажаришга масъулмиз», -деб эмас, «Сен бу ишни бажаришга масъулсан», -деб айтинг. Шунда ходим масъулиятни ҳис этади.
 Фикрлаш усули.
Қобилиятли менежер ҳар бир ходимни кучли ва заиф томонини ўрганиб олади. Бундай қобилиятни доимий равишда ривожлантириш учун аввалам бор фикрлаш қобилиятингизни оширинг.
Нобель мукофоти соҳиби Роджер Сперри таъкидлашича одамлар асосан икки усулга фикрлайдилар: «чап томон» ва «ўнг томон» билан.
• «Чап томон» билан фикрловчи инсонларнинг таҳлил қилиш қобилияти кучли. Улар умумий муаммони эмас, алоҳида бир муаммони кўрадилар ва шу муаммони ижобий ҳал этадилар. Бошқача айтсак, ўрмонни кўрмасдан, алоҳида бир дарахтни кўрадилар. Ўзларига юклатилган қийин вазифаларни муваффақиятли бажара оладилар.
• «Ўнг томон» билан фикрловчи инсонлар аксинча, алоҳида бир муаммони эмас, умумий муаммони кўра оладилар. Улар диққатларини алоҳида бир дарахтга эмас, ўрмонга қаратадилар. Бундай инсонлар ўзларига юклатилган вазифани асл моҳиятини яхши тушунадилар ва самарали бажаришга ҳаракат қиладилар.
Сиз раҳбар сифатида ходимларингизни фикрлаш қобилиятини кузатиб қандай усулда фикрлашини аниқлаб олишингиз мумкин. Масалан: ходим умумий вазифалар ҳақида гапирадими ёки алоҳида бир топшириқ ҳақидами? Таҳлил қилиш қобилияти қандай? Ходимларингиз орасида қайси усулда фикрловчилар бўлишидан қатъий назар улар жамоангизга фойда олиб келиши зарур. Аммо, бир нарсани унутмаслик керак «чап томон» ва «ўнг томон» билан фикрловчи инсонлар бир -бири билан келишиб ишлаши қийин.
Масалан: Қандайдир масалани муҳокама қилиш жараёнида улар бир- бирларининг фикрларига қарши чиқадилар. Юзага келган муаммони қандай ҳал қилиш бўйича ҳам бир- бирига қарама- қарши фикр билдирадилар. Шунинг учун ҳам жамоага бир хил усулга фикрловчи инсонларни жамлашга ҳаракат қилинг.
Кутубхоначи ёки мутафаккир?
Баъзи инсонлар муаммони ҳал этиш учун ўқиган китоби, билими ва тажрибасидан келиб чиқиб қарор қабул қилади. РЭЙ бундай инсонларни «кутубхоначи» деб тариф берган. Шундай инсонлар борки муаммони ҳал этишда янги мустақил фикр билдирадилар. Бундай фикрловчи инсонларни РЭЙ «мутафаккир» деб атаган. Аксарият «кутубхоначи» -«чап томон», «мутафаккир» -«ўнг томон» билан фикрловчи инсонлар тоифасига кирадилар.
«Кутубхоначи» ва «мутафаккир» бир -бирини тушуниши қийин. Чунки «кутубхоначи» муаммоларни анъанага кўра, тажрибага ишонган ҳолда ҳал қилиниши тарафдори. У муаммони ҳал этиш бўйича «мутафаккир» томонидан билдирилган янгича фикрларни камдан -кам ҳолда қўллаб қувватлайди. «Кутубхоначи»ни аниқлаб олиш қийин эмас,  ундайлар мактабда ёки олий ўқув юртларида яхши баҳоларга ўқиган. «Мутафаккир»ни аниқлаш эса анча қийин, айниқса кам иш тажрибасига эга бўлса.
Ҳозир кунми ёки келажак?
Кимдир кунлик даромад, кимдир келажакдаги мақсади йўлида меҳнат қилади. Келажак учун меҳнат қилувчи инсонлар вазият қандай ривожланишини олдиндан кўра биладилар. Улар янги ғояларни амалга оширишга мойиллар. Бундай инсонларнинг аксарияти -«ўнг томон» билан фикрловчи инсонлар бўладилар. Ҳозирги кун билан яшовчи инсонларнинг кўпчилиги кунлик вазифаларни муваффақият билан бажарадилар. Аммо, бундай инсонларга аввал бажармаган вазифаларни юклаш хавфли, чунки бундай вазиятга улар ўзларига юклатилган вазифаларни қандай бажаришни билмай қолиб хатога йўл қўядилар.
Режа ёки вазиятга қараб.
Раҳбар режа билан ёки вазиятга қараб иш бажарувчиларнинг иккисининг ҳам кучли томонидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилиши керак. Вазиятга қараб иш бажарувчилар юзага келган муаммоларни сабаб ва шароитини тез аниқлайдилар ва бартараф этишни унумли усулларидан фойдаланадилар.
Муқаддима.
• Мақсадингизни белгилаб олинг. Қўрқув сабабли мақсаддан воз кечманг. • «Мақсад» ва «хоҳиш» тушунчаларини бир -биридан ажратиб олинг. Нафсни қондиришга бўлган «хоҳиш», «мақсад» йўлига тўсиқ бўлмаслиги керак.
• Принципларингиз сиз чин дилдан эътиқод қилган қадриятларингизни акс эттириши керак. Принцип танлашда масъулият билан ёндашинг.
• Доимо ҳалол бўлинг. Таҳлил қилиш қобилиятингизни ошириб боринг. Унутманг! Ҳамманинг заиф томони бор. Аммо, муваффақиятга эришган инсон билан муваффақиятга эриша олмаган инсонни фарқи шундаки, муваффақиятга эришган инсон ўзини заиф томонини аниқ билади ва уни йўқотишга ҳаракат қилади ёки устун тарафи билан заиф томонини ёпиб кетади.
•. Ишга номзод танлаётганда тажрибасига эмас, ҳаётий қадрияти, принципи ва қобилиятига аҳамият беринг. Агарда ходимларингиз сизни ҳаётий қадриятларингизни қўллаб -қувватласа, кучли бизнес жамоа шакллантира оласиз.
• Ходимларингизга баҳо бераётганда қуйидагиларга эътибор беринг: Ходимларингиз ўз манфаатини жамоа манфаатларидан устун қўймаганми?
Ходимингиз қарор қабул қилишда масъулиятлими?
•. Ҳар бир топшириққа масъул ходим тайинланг.
• Ходимларингизни фикрлаши ва қобилиятига мос равишда топшириқ беринг.
•. Менежментликнинг асосий вазифаси бизнесни яхшилаш эканлигини Унутманг.
• Вақтингизни унумли тақсимланг. Режадаги вазифаларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилинг.
• Муаммо юзага келганда ҳаракатдан тўхтаб қолманг. Аксарият муаммолар -ривожланишнинг навбатдаги босқичи бўлади. Навбатдаги муаммони ҳал этиб, сиз ўз мақсадингизга янада яқин бўласиз.
• Эволюция — бу дунёни ушлаб турган энг буюк куч. Агар ижобий томонга ўзгармас экансиз аста секинлик билан бу дунё билан хайрлашасиз. Катта мақсадлар сари ҳаракат қилишдан қўрқманг.
Китоб муаллифини шаҳсий ҳаёти.
РЭЙ Далио 1949 йил 8 августда Нью -Йоркда туғилган. У  Лонг-Айленда университетини тугатиб бакалавр бўлган.  Гарвард бизнес мактабини тугатиб магистр бўлган. Далио олийгоҳни тугатиб Нью–Йорк фонд биржасида ишга кирган. Кейинчалик Dominick & Dominick компаниясида раҳбар лавозимида фаолият олиб борган. 1974 йил РЭЙ баъзи сабабларга кўра Dominick & Dominick компаниясидан ишдан бўшатилган.
РЭЙ Далио 1975 йили регби командасидаги жамоадоши билан
Bridgewater компаниясига асос солди. 2012 йилга келиб Bridgewater компанияси дунёдаги энг йирик жамғармаларнинг бирига айланди. Компания иқтисодий Daily Observations бюллетенини чоп этади.
РЭЙ Далио оилали, турмуш ўртоғи Барбара билан Девон, Пол, Мэтью ва Марк исмли фарзандлари бор. 2011 йили РЭЙ ва Барбара ўзларининг жамғарган сармояларини яримини хайрия қилишга қасамёд қилишган.
 РЭЙ океанда тадқиқот олиб боришни ёқтиради.
The New York Times берган маълумотга кўра РЭЙ Далионинг  «Менинг принципларим: ҳаёт ва иш» («Мои принципы: жизнь и работа») китоби жаҳон бестселлерлари рўйхатига киритилган.
2020 йилда РЭЙ Далионинг шахсий жамғармаси 20 миллиард долларга тенг бўлган.
Сизга ҳам РЭЙ Далио каби омад ёр бўлсин!
«Ҳаётнинг завқи - мақсадга интилиш» Рэй Далио

Report Page