ᅠᅠ

ᅠᅠ

Marhamah Study

ТАЙИТИ ОНО: ТОЙОТА КОМПАНИЯСИДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ТИЗИМИ!
Кириш.
Япониялик муҳандис ва бизнесмен Тайити Оно ўз китобида ўттиз йиллик тарихга эга бўлган Toйота компаниясини тежамкор ишлаб чиқариш тизими ҳақида ҳикоя қилади. Бу тизим Toйота компаниясига на фақат Японияда, балки бутун дунёда етакчилардан бирига айланишига кўмак берган. Жуда қийин даврда асос солинган автомобиль ишлаб чиқарувчи Тойота компанияси, ХХ -асрнинг 50 -йилларининг ўрталарида тежамкор ишлаб чиқариш тизимини жорий этди. Ушбу тизим сабабли компания сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича юқори кўрсатгичларга эришиб дунё етакчиларидан бирига айланди.
Ҳозирги вақтда бу тизимдан бошқа соҳаларда фаолият олиб борувчи компаниялар ҳам унумли фойдаланмоқдалар.
 Тайити Онони китоби ҳар қандай даражадаги раҳбарларга, иқтисодий ва молиявий мутахассислик бўйича таълим олувчи талабаларга, ишлаб чиқаришда меҳнат қилувчи менежерларга ва умуман ҳар қандай ишлаб чиқаришга қизиқувчи ўқувчиларнинг кенг доирасига мўлжалланган.
Аксарият инсонлар японлар юқори самара берувчи компанияларга асос солишга туғма қобилиятга эга деб ҳисоблашади. Аммо, ХХ- асрнинг 40- йилларида Япония давлатининг ишлаб чиқариши АҚШга нисбатан 10 баробар паст бўлган. Вақтлар ўтиб Япония сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича дунё етакчиларидан бирига айланди. Бунга қандай эришилди. Албатта буни сабаблари кўп, аммо, таҳлилчиларнинг фикрига кўра асосий сабабларидан бири компанияда тежамкор ишлаб чиқариш тизимини татбиқ этиш бўлган.
Тайити Оно тежамкор ишлаб чиқариш тизимини биринчи бўлиб Тойота компаниясида синаб кўрди. Тайити Оно бир неча йил давомида АҚШ саноатидаги барқарорлик, юқори технологик жараён, маҳсулот ишлаб чиқаришдаги унумдорлик сабабларини чуқур ўрганди. Шундан кейин АҚШ автомобиль ишлаб чиқариш саноатидаги ижобий хислатларни ўзининг ишлаб чиқаришни такомиллаштириш усули билан бирлаштирди. Бунинг натижасида «яширин қурол» - Тежамкор ишлаб чиқариш тизими TPS (Toyota Production System) пайдо бўлди.
Тежамкор ишлаб чиқариш тизими татбиқ этилгандан бир неча йил ўтиб меҳнат унумдорлиги бўйича Тойота компанияси Америка компанияларини ортга қолдирди. Тойота компаниясининг тажрибаси дунёнинг кўпгина олийгоҳларида ўқитилади. Бу тизим жорий этилган кўплаб ишлаб чиқариш корхоналари юқори самарадорликка эришганлар.
Тежамкор ишлаб чиқариш тизимини татбиқ этган корхоналар маҳсулот сифатини яхшилаш билан бирга харажатларни камайтириб даромадларни оширишга эришганлар. Энг асосийси бу тизимни ишлаб чиқаришда татбиқ этиш кўп моддий харажатлар талаб этмайди. Чунки тизимни 80 фоизи ташкилий ишлардан иборат.
Японларнинг тежамкор ишлаб чиқариш тизими ҳажмидан, соҳасидан ва жойлашган манзилидан қатъий назар ҳамма корхоналарга татбиқ этиш мумкин.
Биз сизга Тайити Оно томонидан асос солинган ва юқори самарадорликка сабаб бўлган тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг асосий принциплари ҳамда ютуқлари ҳақида қисқача маълумот беришга қарор қилдик.
1. Тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг афзаллиги ва асосий принциплари.
Тойота компаниясида тежамкор ишлаб чиқариш тизими татбиқ этиш мажбурий чора сифатида пайдо бўлди. Чунки иккинчи жаҳон урушидан кейинги қийин даврда Японияда янги автомобильларга талаб катта бўлмаган. Форд компаниясида ўхшаб автомобильларни оммавий ишлаб чиқариш, Тойота компанияси учун самара бермаган. Шунинг учун ҳам Тойота компаниясининг менежерлари оз миқдорда бўлса ҳам фақат талаб бўлган автомобиль русумларини ишлаб чиқаришга ҳаракат қилишган. Қийин вақтда компанияда жорий этилган тежамкор ишлаб чиқариш тизими бир неча йилдан кейин иқтисодий жиҳатдан ривожланишга эришган вақтида ҳам юқори самара бермоқда.
1.1 Тежамкор ишлаб чиқариш тизимини афзаллиги.
• Маҳсулотлар оз миқдорда ишлаб чиқарилади, бунинг натижасида нуқсонли маҳсулотлар сони жуда кам бўлади. • Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилган корхонада икки баробар кам-ишчи кучи, катта бўлмаган ишлаб чиқариш ҳудуди ва оз миқдорда моддий харажат талаб этилади.
•Янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш учун вақт тежалади.
Тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг асоси –йўқотишларга барҳам бериш. Йўқотишлар моддий (кўп чиқинди) ёки моддий бўлмаган (қўшимча куч, вақт ва ресурс) бўлиши мумкин. Агар компания бир хил турдаги маҳсулотни бозор талабини ўрганмасдан катта миқдорда ишлаб чиқарса у компания албатта йўқотишларга учрайди.
Йўқотишлар қуйидаги сабаблар туфайли бўлиши мумкин:
-  Маҳсулот, хом- ашё ёки деталлар меъёридан кўп ишлаб чиқарилганлиги сабабли;
- Маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бўлган хом-ашё ёки детальларни кутиб беҳуда вақт сарф қилинганлиги сабабли;
- Ортиқча транспортировка қилиш сабабли;
- Ортиқча ишлов бериш сабабли;
- Меъёридан ортиқ захира сабабли;
- Меъёридан кўп ишлаб чиқарилган маҳсулот, хом-ашё ёки детальларни сақлаш жойини бир неча бор ўзгартирилиши сабабли;
- Носоз маҳсулот ишлаб чиқарганлиги сабабли.
 Тойота компанияси тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг жорий этиб юқорида баён этилган йўқотишларга барҳам берди.
1.2. Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилмаган компанияга хавф солувчи Йўқотишлар
• Ишлаб чиқариш.
 Агар компания бозор талабидан кўп маҳсулот ишлаб чиқарса, маҳсулотни сақлаш, транспортировка қилиш ва хизмат кўрсатиш учун қўшимча харажатлар юзага келади.
• Ходимларни ишга бўлган салбий муносабати.
Фақат раҳбарни буйруғини бажариш билан чегараланиб қолган ходим мотивацияни йўқотади. Ходимда ишга бўлган ижобий муносабатни ошириш учун уни ишлаб чиқариш жараёнини янада такомиллаштиришга жалб этиш керак. Компания ичида фикр ва тажриба алмашувини йўлга қўйиш ижобий натижа беради. 
• Транспортни ортиқча ҳаракати.
 Транспортга ортилган хом-ашё ёки тайёр маҳсулотнинг керагидан ортиқча ҳаракати, қўшимча харажатлардан ташқари хом-ашё ёки тайёр маҳсулотга зарар етказилиш хавфини келтириб чиқаради.
• Кечикиш.
 Ишлаб чиқаришни мукаммал режалаштирмаслик ва етказиб берувчилар томонидан хом-ашё, асбоб-ускуна ва жиҳозларни вақтида етказилиб берилмаслик ҳолатлари компания ишчиларнинг қимматли вақтлари бекорга сарф бўлишига олиб келади.
• Ортиқча ҳаракат.
Хом-ашё, асбоб-ускуна ва жиҳозлар захирасини керагидан ортиқча жамлаш ҳам ишчиларни қимматли вақтларини бекорга сарф бўлишига олиб келади. Чунки ортиқча хом-ашё, асбоб-ускуна ва жиҳозларни қайтариб бериш ёки сақлаш жойини алмаштириш ишчи кучи, вақт ва қўшимча харажат талаб этади.
• Қўшимча ишлов.
 Ишлаб чиқарилган сифатсиз маҳсулот, эҳтиёт қисм ёки детальларга қўшимча ишлов бериш ёки шу маҳсулотни қайта ишлаб чиқариш керак бўлади, бу ҳолат ҳам қўшимча харажатларни талаб этади.
• Ортиқча захира.
 Омборда сақланаётган хом-ашё, асбоб-ускуна ва жиҳозларни меъёридан кўплиги уларни эскириб қолишига, фойдаланиш муддати ўтишига ёки носоз ҳолга келишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида ишлаб чиқарилган маҳсулотни сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Тайити Онони таъкидлашича бир неча ўн йиллар аввал истиқомат қилган деҳқонлар қурғоқчилик ва табиий офатлардан қўрқиб керагидан кўп миқдорда егулик маҳсулотларини захирасини яратишга ҳаракат қилганлар. Ҳозирги баъзи менежерлар ҳам худди қадимда истиқомат қилган деҳқонлар каби етишмовчилик хавфидан қўрқиб керагидан ортиқ хом-ашё, асбоб-ускуна ва тайёр маҳсулотлар захирасини яратмоқдалар. Тайитини фикрича ҳозирги ривожланган жамиятда зарур нарсани, зарур миқдорда ва зарур бўлган вақтда харид қилиш мумкин ва мақсадга мувофиқдир.
• Сифатсиз маҳсулот.
 Сифатсиз маҳсулот ёки эҳтиёт қисм ишлаб чиқариш шуниси билан хавфлики, у қўшимча харажатлардан ташқари буюртмачининг норозилигига сабаб бўлади ва компания обрўсига салбий таъсир этади. Тойота компанияси сифатсиз маҳсулот ёки эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни олдини олишга катта аҳамият беради. Шунинг учун ҳам Тойота компаниясининг шиори: «Носозликни пайдо бўлган жойда аниқлаш!» Бу шиорга амал қилиш учун ишчилар ишлаб чиқариш жараёнида тайёрланаётган ҳар бир детални диққат билан назорат қиладилар.
  1.3. Компаниядаги жамоавий маданият: Форд ва Тойота.
Японларнинг фикрича ишлаб чиқаришни такомиллаштириш учун жамоавий маданият яратиш керак. Албатта бундай маданият бошқа компанияларда ҳам бор, хусусан Форд компаниясида. Қуйида икки компанияда ўрнатилган жамоавий маданиятни солиштириб кўрамиз.
2. Тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг принциплари.
2.1. «Ўз вақтида»
 «Ўз вақтида» - тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг асосий принципларидан бири ҳисобланади. Бу принцип шундан иборатки, маҳсулотни йиғиш учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ўз вақтида ва керакли миқдорда етказиб берилади. «Ўз вақтида» принципига амал қилган компания кўп миқдорда эҳтиёт қисмлар захирасини яратмаса ҳам бўлади. Бунинг натижасида корхонани бошқариш осонлашади. Албатта автомобиль ишлаб чиқариш компанияларида бу принципга 100 фоиз амал қилиш қийин, чунки автомобиль мингга яқин эҳтиёт қисмларни бир-бирига уланишидан пайдо бўлади.
Тежамкор ишлаб чиқариш тизимининг яна бир устун томони бозорда талаб бўлмагунча янги маҳсулотни ёки эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқармаслик. Аҳамият берганмисиз супермаркет пештахталари маҳсулот билан доимо тўла бўлмайди. Пештахта маҳсулот билан истеъмолчи томонидан талаб ва истак ошганда тўлдирилади.
«Ўз вақтида» принципига амал қилиш учун:
• Талаб ва истак даражасини ҳар куни назорат қилинг.• Мижозларга маҳсулотингизни ёки хизматингизни зарур вақтда ва керакли миқдорга тақдим этинг.• Ишлаб чиқарилган маҳсулот захираси кўпайиб кетишига йўл қўйманг.• Захирангизда оз миқдорда тайёр маҳсулот сақланг ва талаб бўлмагунча сотувга чиқарманг, акс ҳолда қўшимча харажатлар қилишга мажбур бўласиз.
 «Ўз вақтида» принципи жорий этилган корхоналарга қуйидагиларга аҳамият бериш зарур.
- Ишлаб чиқариш вақти - бир деталь ишлаб чиқаришга сарф қилинган вақт (сония ва дақиқа).- Ҳаракатлар кетма-кетлиги - ишлаб чиқариш жараёнида ишчи ва ускуналарни ҳаракати.- Зарурий захира- маҳсулот ишлаб чиқариш учун энг кам миқдордаги эҳтиёт қисмлар ва деталлар захираси.
2.2. Кўп жараёнли ишлаб чиқариш тизими.
Компаниялар ўз маҳсулотини ишлаб чиқариш учун кўп ускуналардан фойдаланишга мажбур. Аксарият корхоналарда бир оператор фақат битта ускунани бошқаради. Тойота компаниясида ишчи меҳнати кўп жараёнли ташкил этилган, яъни бир оператор бир неча турдаги ускуналарни бошқара олади. Ишчилар меҳнатини бундай тарзда ташкил этиш-кўп жараёнли деб аталади.
 Бир ишчи бир неча турдаги ускуналарни бошқара олиши натижасида ишчилар сони камаяди. Тойота компанияси учун ишчилар меҳнатини бундай ташкил этиш корхонани турғунлик ёки ривожланиш даражаси юқори бўлмаган даврида жуда муҳим бўлган. 
2.3. Ишлаб чиқаришни такомиллаштириш учун «канбан» усулидан фойдаланиш.
«канбан» сўзи япон тилидан «кан» - «кўриниб турган» ва «бан» – «карточка» сўзларидан олинган. «канбан» сўзи кенг маънода - ишлаб чиқариш жараёнини назорат қилиш асбоби тушунчасини билдиради. Оддий тилда тушунтирилса «канбан» кўпгина корхоналарда кўринадиган жойда илиб қўйилган эълонлар доскасига ўхшаш. Унда жойлаштирилган карточкаларга барча маълумотлар жамланади. Хусусан бажарилиши керак, бажарилаётган ва бажарилган ишлар, шунингдек керакли эҳтиёт қисмлар ва тайёр маҳсулотлар рўйхати ҳамда бошқа керакли маълумотлар.
 «канбан» вазифалари
•Тайёр маҳсулотни қабул қилиш жойи ва вақти ҳақида маълумот бериш.• Қўшимча харажат ҳисобида автомобильни қайта ишлаб чиқаришни олдини олиш. • Тайёр маҳсулот ҳақида тўлиқ маълумот бериш.• Ишлаб чиқариш жараёнидаги муаммоларни аниқлаш. • Маҳсулотни сифатли ишлаб чиқаришга кўмак бериш.
• Сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарилишни олдини олиш ва нуқсон пайдо бўлган босқични аниқлаб бериш.
«канбан»дан фойдаланишнинг энг оддий усули – бир доска уч бўлакка бўлинади. Биринчисига «Режа», иккинчисига «Бажарилаётган», кейингисига «Бажарилган» ишлар ҳақида карточка шаклида маълумот берилади. Доскада яна бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин. Масалан; «Бошланиши» ёки «Зудлик билан».
«Канбан» дан самарали фойдаланиш қоидалари. 
• Карточкада кўрсатилмаган ҳеч қандай эҳтиёт қисм ёки деталлар ишлаб чиқармаслик. Бу қоида ортиқча ишлаб чиқаришни олдини олади.• Ҳар бир босқичда фақат карточкада кўрсатилган миқдорда эҳтиёт қисм ёки деталлар ишлаб чиқариш.
• Навбатдаги босқичда ўздан аввалги босқичда бажарилган ишларни карточкада қараб қабул қилиш.• Ишлаб чиқарилган сифатсиз эҳтиёт қисм ва деталлар кейинги босқичга ўтказмаслик. Бу қоида сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқаришни олдини олади. • Доскани ҳаммага кўринадиган жойда ўрнатиш.
3. Сабабини аниқлаш ва муаммони ҳал этиш.
 Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилган Тойота компаниясининг ҳар бир ходими муаммо юзага келса ўзига «Муаммо нима сабабдан юзага келди?» саволини бир неча бор беради.
Фараз қилинг синовдан ўтаётган мотоциклда носозлик юзага келди.Бу вазиятда компания ходимлари қуйидаги саволларга жавоб топадилар: 
1. Нима сабабдан мотоцикл ишламай қолди?
- Ортиқча кучланиш сабабли ҳимоя қилиш мосламаси куйиб қолган.2.Нима сабабдан ортиқча кучланиш юз берди?
 - Подшипник етарлича мойланмаган.3. Нима сабабдан подшипник етарлича мойланмаган?
- Мой етказиб берувчи насос носоз бўлган.4. Нима сабабдан насос носоз бўлган?
- Насос поршени едирилган. 5. Нима сабабдан насос поршени едирилган?
- Фильтр ўрнатилмаганлиги сабабли поршеньга металл заррачалари тушган.  
Агар мотоциклни ишламай қолишини асил сабаби аниқламасдан, ҳимоя қилиш мосламаси ёки поршень алмаштириб қўйилса, тез кунда шундай носозликлар қайтарилиши аниқ.
4. Японча профилактика.
 Замонавий ускуналар ишлаш жараёнига инсон иштироки жуда қисқартирилган. Аммо, бундай ускуналарнинг бир салбий хислати бор, бундай ускуналарда оммавий равишда кўп миқдорда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бир кун келиб ўз сифатини йўқотади. Чунки кўп вақт фойдаланилганлик сабабли носоз ҳолга келган ускуналарда сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқарилаётганлигини ўз вақтида аниқлаш қийин. Бунинг натижасида сифатсиз минглаб тайёр маҳсулотлар, эҳтиёт қисмлар ва деталлар омборни тўлдиради.
Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилган Тойота компаниясида юқорида кўрсатилган салбий ҳолат юз бермайди, чунки жорий этилган тизим носозликни бошланғич босқичида аниқлайди ва сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқаришни олдини олади. Шунингдек, Тойота компаниясида ишлаб чиқариш жараёнлари бир- бири билан боғлиқ равишда ва узлуксиз усулда олиб борилади.
Тайити Ононинг фикрича технологик жараённи шундай ташкил этиш керакки, ярим тайёр маҳсулот,эҳтиёт қисм ва деталлар омборда кўп муддат қолиб кетмасин.
Фараз қилайлик компания уяли телефонлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Агарда оммавий равишда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, унинг эҳтиёт қисмлари шу жумладан уяли телефон учун кўп миқдордаги қувват бериш мосламалари ҳам компания омборида сақланади. Вақт ўтиши билан омборда сақланаётган қувват бериш мосламаси ўз хусусиятини йўқота бошлайди. Навбатдаги партия уяли телефонлар ишлаб чиқаришда ўз хусусиятини йўқота бошлаган қувват бериш мосламаларидан фойдаланилади. Бу эса маҳсулот сифатида салбий таъсир этади. Аммо, аксарият ҳолларда компания раҳбарияти бу вазиятдан уяли телефон харид қилган мижозлардан шикоятлар келиб тушгандан сўнг хабар топадилар.
Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилган корхонада ҳар бир жараён бир-бири билан боғлиқ ва узлуксиз равишда олиб борилиши сабабли уяли телефонларнинг қувват бериш мосламаси кўп муддат омборда сақланмасдан цехга чиқарилади, агарда мосламада носозлик ёки ўз хусусиятини йўқотиш ҳолати юзага келган бўлса, сифатни назорат қилиш босқичида аниқланади ва мослама зудлик билан шу ернинг ўзида алмаштирилади.
4.1 Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилган корхоналарда қуйидагилар амалга оширилади:
 • Носозлик аниқланса ишлаб чиқариш жараёни тўхтатилади.
Ишлаб чиқаришда носозлик юзага келганда унинг асл сабабини аниқлаш жуда муҳим. Тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этилган корхоналарда носозлик юзага келганда ишлаб чиқариш жараёни бутунлай тўхтатилади. Бу ҳолат самарасиздек кўринсада, аммо тажрибада ишлаб чиқариш жараёни тўхтатиш носозликни асл сабабини тезда аниқлаб муаммони зудлик билан ижобий ҳал этилишига кўмак бериши исбот қилинган.
 • Иш ҳажми тенг миқдорда тақсимланади.
Маҳсулотни оммавий ишлаб чиқариш жорий этилган корхоналарда юқори суратда ишлаб чиқариш билан бирга, ишлаб чиқариш жараёни тўхтаб қолиши ҳам кузатилади. Бундай вазиятларни олдини олиш учун «тошбақа» каби шошмасдан, кескин ҳаракат қилмасдан ва тўхтаб қолмасдан ишлаб чиқариш жадвалига риоя қилган ҳолда ишлашни ташкил этиш зарур. Ишчиларга ортиқча вазифа юкламасдан, ускуналардан меъёридан ортиқ фойдаланмасдан иш жараёнини тенг миқдорга олиб бориш керак.
Шундагини ишчилар жисмонан толиқмайдилар, ускуналар эса кўп йил бенуқсон хизмат қилади. Тайити Онони таъкидлашича, секин ҳаракат қилувчи тошбақа, мақсадсиз тез югуриш натижасида тез чарчаб қоладиган қуёндан афзал.
•Носозликни вақтида аниқлаб берувчи ускуналар ўрнатилади.
Тойота компаниясида маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнида носозликни автоматик равишда аниқлаб берувчи ускуналар ўрнатилган. Шундай ускуналар борки, ишлаб чиқариш жараёнида носозлик юзага келганда автоматик равишда тўхтайди. Ишлаб чиқарувчилар бундай ускуналарни «хатолардан ҳимоя қилувчи» ускуналар деб номлашган.
 Бундай ускуналар:
- Биринчи операцияни тугатмасдан кейингисини бошланмайди.• Ишлаб чиқариш жараёнида носозлик юзага келган вақтда ускуна автоматик равишда детальга ишлов беришдан тўхтайди. • Деталда носозлик аниқланса ускуна ишга тушмайди.
• Ишлаб чиқариш жараёнида хатога йўл қўйилган бўлса ускуна автоматик равишда тузатиш киритади ва шундан сўнггина детальга ишлов беришни давом эттиради. Тайити Онони таъкидлашича, компания худди инсон танасидек ишлаши керак. Инсон ўз ҳаракатларини бошқара олади ва шу билан бирга инсон ҳаётида баъзи жараёнлар автоматик равишда содир бўлади. Масалан; асаб тизими ҳаттоки инсон ухлаган вақтда ҳам атрофдаги воқеаларга автоматик равишда муносабат билдиради.
• Ходимларнинг вазифалари қисқартирилади ва стандартлаштирилади.
Ишчиларга топширилган вазифа қанчалик оддий ва оғир бўлмаса, уни сифатли бажариш ҳам қийин бўлмайди. Ишчилар ўз вазифасини сидқидилдан бажарганлиги учун рағбатлантирилади.
Муқаддима.
• Тежамкор ишлаб чиқариш тизимини жорий этишдан асосий мақсад – йўқотишларни камайтириш. Бунинг учун ишлаб чиқариш жараёнини таҳлил қилинг. Ишлаб чиқариш жараёнига юзага келган носозликларни, сифатсиз маҳсулот ёки ортиқча маҳсулот ишлаб чиқариш учун йўқотилган вақт ва моддий ресурсларни ҳисоблаб чиқинг.
• Ишлаб чиқариш жараёнини шундай ташкил этиш керакки, тайёр маҳсулотлар, эҳтиёт қисм ва деталлар омборда чанг босиб ётмасин.• Ишлаб чиқаришда «ўз вақтида» принципини қўлласангиз ортиқча маҳсулот ишлаб чиқаришни олдини олган бўласиз.•. Ишлаб чиқариш жараёнини яхшилаш мақсадига «канбан» тизимини жорий этинг. • Юзага келган муаммони асл сабабини аниқлаш ва уни ижобий ҳал этиш мақсадида бир неча бор «Нима сабабдан шундай бўлди?» саволига жавоб беринг. • Ишлаб чиқариш жараёнида носозликни автоматик равишда аниқлай оладиган ускуналардан фойдаланинг. • Ходимларингизга «тошбақа» каби кескин ҳаракатлар қилмасдан ишлашни ўргатинг. Ишчиларга ортиқча вазифа юкламанг. Ускуналардан меъёридан кўп фойдаланманг. Ишлаб чиқариш жараёнинг тенг миқдорда тақсимлаган равишда олиб боринг.• Ишчиларга қобилиятига қараб топшириқ беринг.
 Тайити Ононинг таъкидлашича Тойота компанияси ўз олдига қўйган вазифаларнинг энг асосийси - истеъмолчига сифатли маҳсулот етказиб бериш. Ҳозирги кунда қадар компания ўзининг асосий вазифасини сидқидилдан бажариб миллионлаб автомобил ишқибозларига завқ улашмоқда.
Муаллиф ҳақида.
Тайити Оно 1912 йил 29 февраль куни туғилган.  Нагойа  политехника институтининг битирувчиси.Тайита Оно 1932 йили институтни тугатиб «Тоёта босёку» компаниясига ишга кирган. 1943 йили «Toyota Motor» заводига ишга ўтган. Шу ерда ишлаб чиқариш жараёнини такомиллаштириш билан шуғулланди. 1946 йили у цех бошлиғи лавозимига тайинланди. Бир неча йилдан сўнг бу цех тежамкор ишлаб чиқариш тизими жорий этиш бўйича лабораторияга айлантирилди. Тайити Ононинг  компаниядаги лавозими кўтарилиб 1975 йил компания вице президенти этиб тайинланди. 1978 йили «Toyota Motor» компаниясини тарк этиб, шу йили «Тоёта босёку» компаниясининг директорлар кенгашининг раиси лавозимига тайинланган.  Тайити Оно 1990 йил 28 май куни вафот этган.
«Тежамкорлик-фаровонлик манбаи» Цицерон

Report Page