1000 дан ортиқ ўқувчилари талаба бўлган қорақалпоғистонлик фидоий устоз

1000 дан ортиқ ўқувчилари талаба бўлган қорақалпоғистонлик фидоий устоз


Яқинда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 56-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 82% битирувчиси талаба бўлгани ҳақида хабар бергандик. Бугун ана шу мактабнинг математика фани ўқитувчиси, 32 йиллик тажрибага эга ўқитувчи Азимбай Сапарбаев фаолияти билан сизларни таништирамиз. Тажрибали педагог таълим жараёнига инновацион технологияларни татбиқ этиб, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширмоқда.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини самарали ташкил этиш ва уларнинг иқтидорини ривожлантириш мақсадида Азимбай Сапарбаев “Ёш математиклар” тўгарагини ташкил қилган ва унда ушбу фанга қизиқувчи 100 дан ортиқ ўқувчилар учун қўшимча машғулотлар ўтказиб келади. Мактаб ўқувчиларини фанлар олимпиадасига ва олий таълим муассасаларига ўқишга тайёрлаб, ёш авлоднинг билимли бўлиб вояга етишида муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Натижада изланувчан устознинг ўқувчилари умумтаълим фанлари олимпиадасида муваффақиятли иштирок этиб, устози меҳнатини мактаб давриданоқ оқламоқда. Жумладан, иқтидорли ўқувчилари математика фан олимпиадасида, шунингдек, жаҳон олимпиадасига саралаш босқичига қатнашишга муяссар бўлиб, 1-, 2- ва 3-ўринларни эгаллаган. Маҳоратли педагогдан сабоқ олган ўқувчиларининг 85 фоизи эса турли олий таълим муассасалари талабалари бўлиб келмоқда.

 

Эътиборлиси, тажрибали устоз биринчилардан бўлиб мактабларда вариатив ўқув режа асосида ташкил қилинган X-XI синфларда дарс машғулотларини бошлаган. Вариатив синфлар бўйича ўтказилган тест натижаларига кўра ўқувчилари 75-78% натижа кўрсатмоқда. 2020 йилда вариатив синф ўқувчиларининг 33 дан 29 нафари давлатимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларига - 11 нафари давлат  гранти ва 18 нафари шартнома асосида ўқишга қабул қилинди. Олий таълимга кириш 88 фоизни ташкил қилиб, бу натижа билан Қорақалпоғистон Республикасида энг олдинги ўринни эгаллади. 2020 йил битирувчиларнинг олий таълимга кириш кўрсаткичи бўйича жорий қилинган ранг тоифасида мактаб 46,2% билан яшил мактаб мақомига эга бўлди.  

2019-2020 ўқув йили давомида унинг “Ёш математиклар” тўгарагида таълим олган 97,3 фоиз шогирдлари Ўзбекистон Республикаси ҳамда хорижий олий таълим муассасаларига талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Айни кунда устознинг олий маълумотли шогирдлари сони 1500 нафарга етди.

Азимбай Сапарбаев илмий-услубий изланишлари асосида яратган «Замонавий дарсни ташкил этиш методикаси», «Тригонометрик тенглама ва тенгсизликлар системалари», «Логарифмик тенгламаларни ечишнинг қулай усуллари», «Абитуриент учун математикадан тест саволлари», «Квадрат функциялар графиги», «Ўқувчиларда мантиқий фикрлашда математика фанининг ўрни» каби 12 дан ортиқ ўқув-методик қўлланмалари таълим жараёнига татбиқ этилган. Муаллим ўзи яратган «Математикадан олимпиада масалалари» мавзусидаги электрон дарс ишланмаси, 150 дан ортиқ кўргазмали воситалари, мураккаб мавзуларни ўқитиш бўйича электрон слайд ва плакатлардан дарс машғулотларида самарали фойдаланмоқда.

Изланувчан педагог жонкуяр ва камтар инсон сифатида ҳамкасблари ҳамда маҳалладошлари ўртасида ҳурмат қозонган. Кўпгина кўрик-танловларда 1-ўринларни эгаллаб, фахрий ёрлиқ ва дипломлар билан тақдирланган.

Дарвоқе, Азимбай Сапарбаев ҳар йили 10 дан ортиқ “Темир дафтарга” кирган ўқувчиларни бепул Олий таълим муассасаларига тайёрлаб, уларнинг талаба бўлишига ҳам ўз ҳиссасини қўшаётган фидоий инсонлардан.

Сиз ҳам мана шундай фидоий устозларни билсангиз бизга етказинг, биз уларнинг фаолиятини батафсил ёритишга ҳаракат қиламиз, зеро халқ ўз қаҳрамонларини таниши керак.

Report Page