10 мингга яқин талабалар иштирок этган танлов ғолиб ва совриндорлари аниқланди

10 мингга яқин талабалар иштирок этган танлов ғолиб ва совриндорлари аниқланди

@eduuz

ОТМ талаба-ёшлари ўртасида анъанавий ўтказиб келинаётган “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси” республика танловининг 2022 йилги мавсум финал беллашувлари жорий йилнинг 23-24-июн кунлари Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида бўлиб ўтди.

Жорий йилда ушбу танловда барча давлат олий таълим муассасалари (105 та талабалар театр студиялари) фаол иштирок этди. Танловнинг факультет босқичида 105 та ОТМнинг 300 дан ортиқ жамоаларида 9 минг нафар, ҳудудий босқичида 105 та жамоадаги 3 минг 150 нафар, минтақавий босқичида жами 17 та жамоадаги 510 нафар иқтидорли талабалар фаол иштирок этди.

Танловнинг финал босқичида 10 та театр студиясининг жами 300 нафар талабалари фаол иштирок этиб, улар томонидан тайёрланган саҳна асарлари маҳорат билан ижро қилинди.

Танлов иштирокчиларини қутлаш, уларга омад тилаш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазири А.Тошқулов ҳам Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига борди.

Даставвал вазир институтда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар хусусан, сузиш ҳавзаси ва ахборот-ресурс маркази фаолияти билан яқиндан танишди.

Сўнгра олий таълим муассасаларининг театр жамоалари томонидан намойиш этилаётган саҳна асарини томоша қилди.

Вазирни кузатиб қўйишар экан талабалар таълим соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, уларга берилаётган имтиёз, қўллаб-қувватлашдан мамнун эканликларини яшириб ўтиришмади.

“Олий таълимда ҳам, барча соҳалар каби ислоҳотларнинг бошида Президентимиз турибди. Агар вазирга, ректорга йўл очиб бермаганларида бу ислоҳотлар, қачон бўлган?” – дея йиғилганларга юзланиб, бор имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади А.Тошқулов.

Ниҳоят танловнинг энг ҳаяжонли дақиқалари – ғолиб ва совриндорлар номи эълон қилиш бошланди.

Аввал финал босқичидаги фаол иштирок учун Андижон давлат университетининг “Ҳумо” талабалар театр студияси жамоаси тақдирланди. “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси бадиий раҳбари” номинацияси эса Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиали “Мажидий издошлари” театр жамоаси раҳбари Мустафаев Шомуродга насиб этди.

Бундан ташқари, тадбир давомида олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусидаги “Энг яхши плакат”, “Мен диний экстремизм ва терроризмни қандай тушунаман?”, “Ўзбекистонлик эканлигимдан фахрланаман”, “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзуларидаги “Энг яхши мақола”, “Одам савдоси – давр муаммоси” мавзусида ўтказилган “Энг яхши иншо” танловлари ғолиблари 1-ўрин учун 3 млн. 500 минг, 2-ўрин учун 2 млн. 500 минг ва 3-ўрин учун 1 млн. 500 минг сўм миқдорида пул мукофотлари, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шунингдек, “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси – 2022” республика финал босқичининг “Энг яхши эркак роли учун” номинацияси бўйича Наманган давлат университети “Ниҳол” жамоаси аъзоси Ҳамидов Даврон ҳамда “Энг яхши аёл роли учун” Тошкент кимё-технология институти Шаҳрисабз филиали “Замондош” жамоаси аъзоси Турдиева Сабина ҳам эътироф этилди.

Навбатда танловнинг мутлақ ғолибларини эълон қилиш бўлди.

“Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси – 2022” республика финал босқичи 1-ўрин соҳиблари Чирчиқ давлат педагогика университетининг “Меҳр” ва Фарғона политехника институтининг “Қир гули” талабалар театр студиялари;

2-ўрин соҳиблари Тошкент тиббиёт академиясининг “Дармон” ҳамда Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтининг “Настарин” талабалар театр студиялари;

3-ўрин соҳиблари Бухоро давлат университетининг “Бухорий” ва Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти “Ниҳол” жамоалари деб топилди.

“Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси” танлови қуйидаги 6 та номинация бўйича иштирокчилар:

“Энг яхши спектакль” 60 млн. сўм, “Долзарб мавзунинг саҳнавий талқини учун” 40 млн. сўм, “Миллий анъана ва қадриятларни тараннум этгани учун 30 млн. сўм, “Энг яхши эркак роли учун” 8 млн. сўм, “Энг яхши аёл роли учун” 8 млн. сўм ва “Йилнинг энг фаол талабалар театр студиялари раҳбари” 4 млн. сўм миқдорида пул мукофоти, махсус диплом ва эсдалик совғалари билан эътироф этилди.

Тадбир ёш хонандалар ижросидаги куй-қўшиқлар билан якунланди.

Report Page