1 миллиард сўмлик меҳмонхона харажати бюджетдан тўланмаган деган иддаога нисбатан муносабат

1 миллиард сўмлик меҳмонхона харажати бюджетдан тўланмаган деган иддаога нисбатан муносабат

uzasbouz

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 84 нафар ходими меҳмонхонада яшагани учун қарийб 1 миллиард сўм тўлангани ОАВда эълон қилингандан сўнг вазирлик бюджет маблағларидан 1 сўм ҳам ишлатилмаган деб раддия берди. Келинг, мазкур раддия қанчалик асосли эканлигини ўрганиб чиқамиз. Давлат харидлари тўғрисидаги Қонуннинг 41-моддасига асосан давлат буюртмачилари томонидан тузилган шартномалар бўйича маълумотлар тўлиқ махсус ахборот порталига жойлаштирилиши керак. Шунингдек, шартномалар реестридаги ахборот тўлов ундирилмаган ҳолда танишиб чиқиш учун очиқ бўлиши керак.

dxarid.uzex.uz - махсус ахборот порталига жойлаштирилган 1710534-лот рақами маълумотларига кўра Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан "INTERHOTEL" МЧЖ ўртасида тузилган шартнома бўйича тўлов вазирликнинг 401010860262737950100088001 шахсий ғазна ҳисобварағидан амалга оширилган. Бу қандай шахсий ғазнаҳисобварақ ва унинг манбаси нималардан шаклланади?

Адлия вазирлигида 2772-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ахборот тизимида шахсий ғазна ҳисобварақларини юритиш қоидаларига асосан 27 та разряддан иборат харажатлар бўйича шахсий ғазна ҳисобварақнинг дастлабки тўртта разряди маблағлар манбасини билдиради ва 4010 билан бошланувчи шахсий ғазна ҳисобварақ ажратмалар ҳисобига шаклланадиган вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари учун очилади. Мазкур шахсий ғазна ҳисобвараққа келиб тушадиган тўлов турлари ва унинг ҳажми Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 апрелдаги 62-сон қарори билан тасдиқланган Вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига йўналтирилаётган давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлардан, маъмурий ва молиявий жазолардан ажратмалар миқдорларида кўрсатилган. Лекин мазкур жадвалда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мавжуд эмас. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 10 майдаги 390-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисидаги низомда вазирликнинг асосий вазифалари қаторида товарларнинг келиб чиқишини сертификатлаштириш, ташкилотлар томонидан ўз эҳтиёжлари учун олиб келинадиган маҳсулотларни сертификатлаштириш, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган технология асбоб-ускуналари, эҳтиёт қисмлар, материаллар ва компонентларни маҳаллийлаштириладиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришда технологик жараёнда фойдаланиладиган тоифага киритиш тўғрисида хулосалар беришни мустақил амалга ошириши ёки бу борадаги ваколатларни тегишли ташкилотларга бериши ҳам қайд этилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 декабрдаги 994-сон қарори билан тасдиқланган Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 6-иловасида Ваколатли орган томонидан товарларнинг келиб чиқишини аниқлаш бўйича экспертиза ўтказиш хизмати бўйича нархлар келтирилган. Бу билан 4010 билан бошланувчи шахсий ғазна ҳисобвараққа келиб тушадиган биттагина манба кўрсатилди, бунақа тўловлар бир нечта бўлиши мумкин. Яъни юқоридагилар билан кўрсатиб бермоқчи бўлганимиз - бу шахсий ғазна ҳисобвараққа келиб тушадиган суммалар бюджет маблағи эмас дейиш мутлақо хато, солиқ бўлмасада давлат томонидан жорий қилинган давлат божи, йиғим тарзида фуқаролар тўлайдиган тўловлардир. (Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тўғрисида низомнинг 45-бандида қуйидагилар келтирилган: Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети, Вазирликнинг бюджетдан ташқари Ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Вазирлик ходимларига иш ҳақи тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.

Вазирликнинг Ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси низоми Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

Лекин мазкур низом ички ҳужжат бўлиб, lex.uz тармоғида мавжуд эмас)


Энди келинг аслида бугунги кунда ишлатиб келинаётган 4010 билан бошланувчи шахсий ғазна ҳисобварақ - ажратмалар ҳисобига шаклланадиган вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармасининг ишлатилиши ноқонуний эканлигини кўрсатиб берамиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 декабрдаги ПҚ-4555-сон Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги Қарорининг 25-бандида қуйидагилар келтирилган:

25. Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 февралга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига давлат божлари, йиғимлар ва солиқ бўлмаган тўловлар, маъмурий ва молиявий жарималардан ажратмалар миқдорини бюджетдан ташқари маблағлардан тўлаб келинаётган иш ҳақи ва рағбатлантириш тўловларини унификациялаштирган ҳолда Давлат бюджети орқали амалга ошириш ҳисобига мақбуллаштириш бўйича таклиф киритсин.

Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан уларнинг ходимларига уй-жой ва автомашиналар хариди учун имтиёзли кредитларни ва фоизсиз ссудаларни ажратиш бекор қилинсин.

Яъни бу каби тўловлар вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармасига эмас, тўғридан-тўғри бюджетга тўланиш тизимига ўтилиши керак эди. Қарорнинг мазкур бандини "Адолат" СДП қуйидаги ташаббуси президент қарорида акс этди деб айтишганди:

"Биз бугунги кунда давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига тушмаётганлигидан хавотирдамиз. Ундирувларнинг бир қисми давлат бюджетига тушмаган ҳолда айрим давлат органларига йўналтирилганлиги бизни мутлақо қониқтирмайди. Бундай ундирувлар фақат давлат бюджетига ундирилиши ва сўнгра қонун ҳужжатларига мувофиқ тақсимланиши зарур. Акс ҳолда, давлат божлари ва бошқа мажбурий ундирувлар парламент назорати доирасидан четда қолади ва айрим давлат органлари томонидан мақсадсиз фойдаланишга, ички коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлади”.

Лекин, афсуски, Президент қароридаги тегишли банд бугунги кунгача ўз ижросини топгани йўқ. Шунингдек, ўз вақтида чет эллик экспертлар ҳам бирон бир давлат тажрибасида бу каби тўловларни бюджетга эмас, балки давлат идораларига тўлаш амалиёти йўқ деб айтишганди. Давлат бюджетини ислоҳ қилиш ва бюджет шаффофлигини таъминлашда мазкур ҳолатни тўғрилаш тавсия қилинганди.

Report Page