1 метр куб ичимлик сувининг тариф харажатлари қанча?

1 метр куб ичимлик сувининг тариф харажатлари қанча?

https://t.me/aoka_uz

АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсувтаъминот"АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов ушбу саволга жавоб берди:

Сўнгги йилларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашга доир дастурлар, киритилган инвестициялар натижасида тоза ичимлик сувини етказиб бериш ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

 Биргина, 2017-2023-йиллар мобайнида жами 5 870 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, салкам 32 минг км ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилди ва реконструксия қилинди. Соҳанинг моддий техник базасини яхшилаш мақсадида 2021-2022-йилларда 215 та янги махсус техника воситалари харид қилинди. Ушбу ишлар натижасида 11,8 млн нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланиб, 6,6 млн нафар аҳоли илк бор марказлашган ичимлик суви билан таъминланди. 2030 йилга келиб марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражасини 90 фоизга етказиш мақсадида 2023-2030-йилларда республика бўйича 50 минг км.дан ортиқ ичимлик суви тармоқлари ҳамда 2 000 та иншоотлар қуриш ва реконструксия қилиш режалаштирилган;

Таъкидлаш жоизки, марказлашган тизим орқали аҳолига узлуксиз ва сифатли ичимлик суви етказиш бериш бирмунча машаққат, меҳнат ва харажатни талаб этади.

Ўзбекистон Республикасининг 784-сонли “ИЧИМЛИК СУВИ ТАЪМИНОТИ ВА ОҚОВА СУВЛАРНИ ЧИҚАРИБ ЮБОРИШ ТЎҒРИСИДА”ги қонунига асосан ичимлик ва оқова сув тарифлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилади ва монополияга қарши курашиш ҳамда молия органлари хулосалари асосида ҳудудий халқ депутатлари кенгашлари томонидан белгиланади.

Ҳурматли юртдошлар!

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ичимлик суви тариф даражалари шакллантирилиши ҳудудларнинг географик жойлашуви, сув манбаларининг аҳоли пунктларигача бўлган масофаси, сув манбаларининг чучуклиги ва шўрлиги, қаттиқлик даражасига қараб қайта ишлаш харажатлари шунингдек, электр-энергия, иш ҳақи, реагентлар, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари, амортизация ажратмалари, халқаро молия институтлари кредитларини қайтариш харажатларидан ташкил топади.

Маълумот сифатида, 1 метр куб ичимлик сув тариф харажатларида электр энергия харажатлари 27 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш харажатлари 19 фоизни, Хорижий молия ташкилотларининг жалб этилган кредитларини қайтариш харажатлари 21 фоизни, иш ҳақи харажатлари 29 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлар 4 фоизни ташкил этади.

Республикада 1 метр/куб ичимлик суви яъни 1000 литр сув учун ўртача тариф аҳоли истеъмолчилари 1 384 сўм, бюджет ташкилотлари учун 2 851 сўм ва бошқа улгуржи истеъмочиларга 3 187 сўм, 1 метр/куб канализация хизматлари бўйича ўртача тариф аҳоли истеъмолчилари 888 сўм, бюджет ташкилотларига 1 669 сўм ва бошқа улгуржи истеъмолчиларга 2 001 сўмни ташкил қилади.

Республика бўйича энг арзон 1 метр/куб тариф қиймати Тошкент шаҳрида 400 сўм, энг қиммат тариф қиймати Навоий вилоятида 3 000 сўмни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, ичимлик сувини етказиб бериш харажатлари фарқланиши ҳисобига, тарифлар ҳар бир вилоят ҳудудларида ҳар хил шакллантирилган.

Бугунги кунга қадар Қашқадарёда аҳолиси учун 1 м3 ичимлик суви тарифлари 2 000 сўмга, Сурхондарёда 2 140 сўмга, Тошкент вилоятида 1 700 сўмга, Андижонда 1 500 сўмга ўзгарди.

Барча вилоятларда аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда оқова сув хизматлари даражасини ошириш режалаштирилган. Бунинг учун ичимлик суви ва канализация тармоқлари, иншоотлар барпо этилиши зарур. Бундан ташқари, иш ҳақи, электр-энергия, солиқ тўловлари, хорижий кредитлар тўловларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, жорий ва капитал таъмирлаш, тизимни модернизация қилиш ишларида ҳам сарф-харажатлар талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, республикамизнинг барча ҳудудларида ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун босқичма-босқич янги тарифларга ўтилиши режалаштирилган.

 


Report Page