1 март куни электр таъминотига киритилган энг катта чеклов 365 МВтни ташкил қилди
Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.
Кеча, 29 февраль куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.
29 февраль куни электр станциялар орқали 238,3 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 2 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 42,9 млн кубометр табиий газ, 17,3 минг тонна кўмир ҳамда 11,1 минг тонна мазут ёқилди.
Туркманистон Республикасидан 22,3 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.
Республика истеъмолчиларига 231,4 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 2 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.
Қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 29 февраль куни мамлакатимиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 700 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилмоқда. Бугун айни дамгача киритилган энг катта чеклов 365 МВтни ташкил қилди.
Газ босимининг одатдагидан кўра паст эканига қарамай, 29 февраль куни ҳам унинг истеъмоли юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 150,8 млн кубометрни ташкил қилди.
Табиий газ босими аста-секинлик билан кўтарилмоқда. Бироқ меъёрий схеманинг тўлиқ тикланиши учун ҳозирча бу етарли эмас.
17 февраль куни Бухоро вилоятида кучли шамол ва муз аралаш ёққан қор туфайли содир бўлган авариядан сўнг магистраль газ қувурларида газ босими кескин тушиб кетганининг оқибатларини бартараф этиш, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг олдини олиш, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида барча ҳудудлардаги автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларининг иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилмоқда.
Кеча мамлакатимиздаги 550 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 3 миллион 707 минг кубометр табиий газ сотилди. Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 700 минг суюлтирилган газ етказилди.
Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 29 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 4 минг 313 тонна автобензин етказиб берилди.
Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 11 минг 965 тонна автобензин, 1 минг 569 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 7 минг 184 тонна автобензин, 967 тонна дизель ёнилғиси сотилди.
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.
Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.
Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 6 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.
Жумладан, кеча соат 16 дан 55 дақиқа ўтганида Сурхондарё вилоятидаги “Гулча” подстанциясида носозлик юзага келган. Бунинг оқибатида Олтинсой, Узун туманлари ва Денов шаҳридаги 10 минг 200 та абонент электр таъминотидан узилган. Соат 23 дан 10 дақиқа ўтганида носозлик тўлиқ бартараф этилиб, истеъмолчилар электр таъминотига қайта уланган.
Соат 20 дан 20 дақиқа ўтганида Тошкент шаҳридаги “Ҳосилот” подстанциясида носозлик юзага келган. Натижада Яшнобод туманида истиқомат қилувчи 2 мингта истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Соат 23 дан 15 дақиқа ўтганида таъмирлаш ишлари якунланиб, истеъмолчиларнинг электр таъминоти тўлиқ тикланди.
Қайд этиш жоизки, қиш кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадаларнинг 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.
29 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 628 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.
Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 235 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.
Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.