1 июнь – болаларни ҳимоя қилиш куни. Нега айнан мана шу кун? Уларни нималардан ҳимоя қилиш керак?
@ona_shahrim_olmaliqДунё бўйлаб болаларнинг соғлом катта бўлиши ва сифатли таълим олишига камбағаллик, очлик, турли иқтисодий ва сиёсий инқирозлар таъсир ўтказади. Тўйиб овқатланмайдиган, сифатли таълимдан бебаҳра, мажбурий меҳнатга жалб қилинаётган миллионлаб болалар бор. Ўзбекистонда ҳам болалар билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Бу сана тарихи 1925 йилга бориб тақалади. Ўша йилда турли давлатлар иштирокида Женевада илк марта болалар фаровонлигига бағишлаб халқаро конференция ўтказилади. Конференцияда иштирокчи мамлакатлар болалар куни сифатида алоҳида санани танлашга келишиб олади. Бироқ қайсидир алоҳида сана таклиф қилинмайди, ҳамма ўз маданиятига мос санани танлаши тавсия қилинади.
1949 йилда эса совет мамлакатларида 1950 йилдан бошлаб 1 июнни «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинади ва бу сана байрам қилина бошланади.
Бундан ташқари, БМТ томонидан белгиланган 20 ноябрь санаси ҳам Халқаро болалар куни ҳисобланади. Айрим давлатларда болалар куни эмас, болалар ҳафталиги тарзида ҳам нишонланади.
Гарчи кунлар ҳар хил бўлсада, бу саналарнинг ҳаммаси ирқи, дини, ижтимоий келиб чиқиши, терисининг рангидан қатъи назар, алоҳида сана белгилаш орқали болаларни ҳимоя қилиш, уларни сифатли тиббий хизмат, таълим, етарли озиқ-овқат билан таъминлаш борасида халқаро эътиборни қаратиш мақсад қилинган.
Болалар ҳимояси, уларнинг соғлиги ва таълими ҳимоясида ҳали дунё миқёсида кўплаб муаммолар бор.
Чақалоқлар ўлими
Болалар тирик қолишидаги энг муҳим давр – умрининг биринчи ойи ҳисобланади. ЖССТ маълумотларига кўра, йилига 2,4 млн чақалоқ бир ойликда вафот этган. 28 кунликкача вафот этадиган чақалоқларнинг аксари ўлимига сифатсиз тиббий хизмат ёки муддатидан олдинги туғуруқ сабаб бўлади.
Камбағаллик оқибатлари
Дунё бўйича тахминан 356 млн бола ўта қашшоқ аҳволда яшайди. Камбағал болаларнинг ўлим хавфи ўзига тўқ яшаётган оилаларнинг фарзандларига қараганда икки баробар юқори. Ҳатто ривожланган давлатларда ҳам ҳар еттинчи болага камбағаллик хавф солади.
Қашшоқликда яшаётган болалар қаерда бўлишидан қатъи назар, камроқ билим ва малакага эга бўлиб ўсишади, бу эса уларнинг келажакда муносиб иш топишига ҳам халақит беради.
Дунё бўйича 5 ёшдан кичик бўлган 14 млн бола кучли очлик, минимал диета талабларида овқатланмасликдан азоб чекади. Уларнинг атиги 25 фоизи ҳаётини сақлаб қолиш учун даволаниш имконига эга.
Мактабга бориб ҳам билим олиш имкони чекланяпти
Дунёдаги ҳар бир бола таълим олиш ҳуқуқига эга бўлсада, ҳамма бундан фойдалана олмайди. Тахминан 600 млн бола ва катта ёшлилар ўқиш ва математикани минимум даражада ҳам ўргана олишмаган. Уларнинг ҳар 4 нафаридан бири мактабда ўқиган ёки ўқиётган бўлсада, керакли билимларни эгаллай олмаган.
Болаларнинг сифатли таълим олиши билан боғлиқ тўсиқлар жуда кўп, улар – камбағаллик, иқтисодий-сиёсий инқирозлар, низоли вазиятлар ёки табиий офатлар. Малакали ўқитувчилар етишмаслиги, мактаб инфраструктураси ёмонлиги ҳам ёш авлоднинг таълим олишига жиддий халақит беради.
Коронавирус пандемияси эса таълим инқирозини янада чуқурлаштириб юборди.
Кам ва ўрта даромадли мамлакатларда яшайдиган 10 ёшгача болаларнинг 50 фоизи шундоқ ҳам ўзлаштириш кўрсаткичларида орқада бўлган. Мактабларнинг узоқ вақт ёпилгани ва масофавий таълим етарли даражада самарали бўлмагани сабабли ўрганишида муаммоси бор болалар 70 фоизга етиши тахмин қилиняпти.
Болалар меҳнати
Дунё бўйлаб 160 млн бола мажбурий меҳнатга жалб қилинган. Пандемия мажбурий меҳнатга жалб этиладиган болалар сонини янада кўпайтириши хавфи мавжуд.
Маълумотларга кўра, мажбурий меҳнат қиладиганларнинг 28 фоизи атиги 5-11 ёшда, 35 фоизи эса 12-14 ёшда – уларнинг айни мактабга қатнайдиган даври. Турмуш ташвишлари сабаб ўғил болалар қиз болаларга нисбатан эртароқ меҳнат қилишга, рўзғорга қарашишга мажбур бўлишади. Қишлоқ ҳудудларида яшайдиган болалар шаҳардаги болаларга нисбатан 3 марта кўпроқ мажбурий меҳнат билан банд бўлади.
Эрта турмуш
18 ёшдан кичикларнинг турмуши – эрта никоҳ ҳисобланади. Пандемиядан олдин дунёда 100 млн қизни эрта никоҳ кутаётгани прогноз қилинган бўлса, локдаунлардан сўнг яна 10 млн қизни шундай ҳаёт кутаётган бўлиши мумкин.
Эрта никоҳ қизларнинг соғлигига жиддий хавф солади, қолаверса, уларнинг таълим олишини чеклайди, уй зўравонлигига учраши ҳолатини кўпайтиради.
Ўзбекистон болалари
Ўзбекистонда 18 ёшгача бўлганлар сони 18 миллионга яқин. Улар таълим олиш ва тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга. Мажбурий меҳнат бартараф этилган: Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон 2021 йилда болалар меҳнатига бутунлай чек қўйгани ҳақида хулосага келди.
Лекин мамлакатда болалар дуч келаётган муаммолар ҳам мавжуд. Масалан, 3 млн ўқувчининг малакали кадрлардан дарс олиш имкони йўқ.
Ота-онаси бошқа давлатларга меҳнат муҳожири бўлиб кетган болалар ҳам анчани ташкил қилади. Болаларга оид аниқ рақамлар бўлмасада, меҳнат муҳожирлари сони орқали болаларнинг ҳам тахминий сонини чиқариш мумкин: биргина Россиянинг ўзида 1,3 млн ўзбек мигранти меҳнат қилади.
Бундан ташқари, ногиронлиги мавжуд бўлган 35 мингдан ошиқ болаларнинг инклюзив жамият орасида бўлиш орзуси кўчалар ва бинолар инфраструктураси талабга жавоб бермаслиги сабабли амалга ошиши қийин, улар бошқалар каби тўкис ҳаракатлана олишмайди.
Қолаверса, энг жиддий муаммо – болалар мактабни тугатгач, касб ўрганиб меҳнат бозорида ўз ўринларини топиши билан боғлиқ. Олий таълим билан қамров бу йил 38 фоизга етказилаётган бўлсада, ҳамма болаларда ОТМда ўқиш имконияти йўқлиги ўқишга киролмаганларнинг келажак учун турли кўринишда курашишларига сабаб бўлади.
Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, болалар бугун дуч келаётган ва келажакда дуч келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун доимий равишда ишларни амалга ошириб бориш фақатгина 1 кун – 1 июнни тантанали байрам қилишдан кўра кўпроқ уларга бахт ва келажак фаровонлигини бера олиши мумкин.