ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ДАВРИ

ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР ДАВРИ

Узбекско-Китайский Торговый Дом "ASIA STAR"

2017 йилда Ўзбекистонлик ишбилармон тадбиркорлар учун ўзгача бир давр бошланди. Бу даврда маҳсулотларни чет элга экспорт қилиш учун кенг имкониятлар очилди. Хусусан, илгари ишлаб чиқарувчи ёки олиб-сотар корхоналар маҳсулотни чет давлатларига экспорт қилиб, валюта тушумини 25% ёки 50% ни давлатга Марказий банк курси билан мажбурий сотар эдилар. Бу ҳол экcпорт қилувчи хўжалик ёки корхона учун кам манфаат келтиргани ва кўплаб қийинчиликларга учраётгани сабабли қизиқарсиз эди. Эндиликда эса Ҳукуматимиз ташаббуси билан 2017 йилнинг 1 августдан барча экспортчилар, ишлаб чиқарувчи ҳамда олди-сотди билан шуғулланувчи корхоналар экспортдан тушадиган хорижий валютани талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда истаган нархларига сотиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, Юртбошимиз ташаббуси билан қатор чет давлатларида Ўзбек Савдо Уйлари ташкил этилмоқда. Ушбу Савдо уйларининг асосий вазифалари юртимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни чет давлатларига сотиш, ватанимизда туризмни ривожлантириш ва реклама ишларини олиб бориш, шунингдек хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун ҳамкорлар излашдан иборатдир. 

2017 йилнинг бошидан буён юртимиздаги тадбиркорлар хеч қандай қийинчиликсиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларини Хитой, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатларга, хаттоки Америка Қўшма Штатларига экспорт қилмоқдалар. Бу тадбиркорлар юртимиз иқтисодиётига зарур бўлган хорижий валютани олиб келмоқдалар ва халқимиз учун катта манфаат келтирмоқдалар. Ахир айнан ана шу валюта ҳисобига юртимизда ишлаб чиқарилмайдиган, халқимизга зарур бўлган дори-дармон, нефть, темир, ёғоч ва бошқа кўплаб маҳсулотлар чет давлатларидан харид қилинмоқда. Тўғри, экспорт ривожлангани сайин юртимиздаги маҳсулотларнинг нархи кўтарилгани сезилмоқда. Аммо бу вақтинчалик қийинчилик, ислоҳотлар тўлиқ амал қилгандан сўнг албатта ҳаммаси ўз ўрнига тушади. Шу зайлда ҳаммага қизиқ бўлган “қачон” деган савол уйғониши табиий. Бу саволга жавоб бериш учун бир қанча рақамларни кўриб чиқамиз:

Кun.uz сайтидан олинган маълумотларга кўра 2015 йилда Ўзбекистон жами 5,85 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилиб, 10 млрд долларлик маҳсулот импорт қилган. 

Ўзбекистон хорижга асосан олтин (1,88 млрд доллар), табиий газ (577 млн доллар), пахта толаси (484 млн доллар), кимё саноати маҳсулотлари (432 млн доллар), мис (341 млн доллар), қишлоқ хўжалиги ва бошқа 100 турга яқин маҳсулотларни (2,136 млрд доллар) экспорт қилган.
Ўзбекистонга қадоқланган дори-дармонлар (570 млн доллар), автомобиль эҳтиёт қисмлари (551 млн доллар), нефть маҳсулотлари (493 млн доллар), металл прокатлар (248 млн доллар), ёғоч маҳсулотлар (212млн доллар), озиқ-овқат ва кийим кечак ҳамда 100 дан ортиқ бошқа маҳсулотлар (7,926 млрд доллар) импорт бўлган.

Энди яна савол туғилади Ўзбекистон 2015 йилда 5,85 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилиб, 10 млрд долларлик маҳсулот импорт қилган бўлса, орадаги тафовут 4,15 млрд доллар маблағ қаердан келган? Бу пулларнинг аксарияти чет элда ишлаётган юртдошларимизнинг уйларига, оилаларига юборган маошларидир.

Қачонки Ўзбекистоннинг экспорт ҳажми импортга нисбатан ортиб кетса, шундагина юртимизда иқтисодий барқарорлик, доллар курсининг пасайиши, нарх наволарнинг пасайиши юзага келади. Экспорт ҳажмини ошириш учун эса ҳукуматимиз қўлидан келган барча ишларни ва ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ҳукуматимиз сайи ҳаракатларига ёрдам беришимиз керак. Бунинг учун барча эшиклар биз учун очиқ. Авваламбор ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари сифатини ошириб, жаҳон стандартлари даражасига етказиши керак. Деҳқон ва фермерлар экологик тоза ва сифатли маҳсулот чиқаришлари лозим. Маҳсулотларнинг турига қараб қайта ишлаш, сақлаш муддатини ошириш, қадоқлаш ва харидорбоп кўринишга келтиришлари керак. Имконияти бор ишлаб чиқарувчилар ва ишбилармон тадбиркорлар маҳсулотларни чет давлатларига экспорт қилиб, юртимизга валюта оқимини кўпайтириш керак. Бу борада сиз ишлаб чиқарувчи бўлишингиз шарт эмас. Чет давлатларда танишингиз ёки ҳамкорингиз бўлса Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишни тавсия қилинг. Ўзингиз ишлаб чиқарувчидан харид қилиб, фойдангизни қўйиб, Чет давлатларига сотинг. Бу фаолиятни энди сиз тўлиқ қонуний равишда амалга оширишингиз ва мўмай даромад олишингиз мумкин. Энг муҳими бу каби тадбиркорлик фаолиятингиз билан Ўзбекистон иқтисодиёти ривожи, халқимиз фаровонлиги учун ўз хиссангизни қўшиб турганингиз сизга янада кўпроқ куч-ғайрат ва шижоат бахшида этади. Шу каби юрагида ўти бор, ватанпарвар тадбиркорларга биз ҳам қўлимиздан келганича ўз маслаҳатларимизни ва амалий ёрдамимизни беришга тайёрмиз.

“ASIA STAR” Савдо Уйи, А.Халилов