[1-қисм] Инфляция қандай ҳаракатланади? Назарий ёндашув 

[1-қисм] Инфляция қандай ҳаракатланади? Назарий ёндашув 

MacroBS

Инфляция бўйича энг кенг тарқалган ғоя - “Инфляция бу - ҳар ерда ва ҳар доим монетар феномен” - машҳур иқтисодчи Милтон Фридманга тегишли бўлиб, унга кўра инфляциянинг асосий сабаби иқтисодиётда ортиқча пул массасининг кўпайиб кетишидир. Ҳақиқатда ҳам шундайми? Бу фикр қанчалик тўғри?


Ушбу фикрнинг асосида “Пулнинг миқдорий назарияси” ётади. Пулнинг миқдорий назарияси қуйидаги айният билан бошланади: 

MV ≡ PQ,

Бу ерда,

Мпул таклифи;  

V – пулнинг айланиш тезлиги;

P – нархлар даражаси;

Q – ишлаб чиқариш ҳажми.  


Мазкур айният тавтология бўлиб, унга кўра товар ва хизматлар бўйича операциялар миқдори ушбу операцияларни бажариш учун зарур бўлган пул миқдорига тенг. Пулнинг миқдорий назарияси эга бўлиш учун юқоридаги формула бўйича қуйидаги фаразлар (гипотезалар) ва сабаб-оқибат муносабатлари содир бўлиши керак:  

1)     Пул таклифи ўзгармас ёки ўзгармас фоиз ставкада ўсади ва у пул мультипликатори орқали Марказий банк томонидан бошқарилади;

2)     Пулнинг айланиш тезлиги ўзгармас (харидларни амалга ошириш одатимиз стабил);

3)     Ишлаб чиқариш ҳажми ўзининг потенциалида ёки ўзининг табий (натурал) ўсиш суратида ўзгаради. Таклиф омиллари (ишлаб чиқариш қувватлари) талаб омилларига (товар ва хизматлар сарфларига) боғлиқ эмас.


Шу гипотезаларга кўра юқоридаги формула бундай кўриниш олади:

P = MV/Q

Буни ўсиш сурати орқали қуйидагича ифода этиш мумкин:

g(P) = g(M) – g(Q) 

Агар пул таклифи ўсиши потенциал (натурал) иқтисодий ўсиш суратидан тезроқ бўлса, инфляция вужудга келади. (Масалан, g(v)= 15%, ва g(Q) =5%, шунда инфляция g(P) = 10% бўлиши керак.) Агар Марказий банк пул таклифи ўсиш суратини оширса, потенциал ўсиш сурати ўзгармаган ҳолда худди шу фоиз пунктга инфляция сурати ортади. Яъни, инфляция фақат монетар феномен.

Иқтисодий механизм кандай ишлайди?

Дастлаб, фараз қилинадики, пул иқтисодий агентлар қўлига тушади. Савол туғилади, қандай қилиб уларнинг қўлига пул тушади? Милтон Фридман иқтисодчилар пулнинг иқтисодиётга қандай кириб бориши ҳақида бош қотирмаслиги кераклиги деган фикр билан ҳам машҳур; шунчаки пул вертолётдан тушади деб фараз қилиш мумкин дейди. Юқоридаги биринчи гипотезага асосан, Марказий банк резерв яратиш орқали банк тизимига қўшимча пул киритади. Бу эса банк кредитлари ҳажмини ортишиги олиб келади.

Демак, иқтисодий агентларда кўпроқ пул инструментлари пайдо бўлади. Улар уни жамғариши ҳам мумкин. Бироқ, иккинчи гипотезага кўра, улар жамиғариш учун зарур бўлган пулни аллақачон жамғариб улгурган. Шунинг учун, пул дарҳол сарфланади. Иқтисодиёт ўзининг  потенциалида эканлигидан, унинг учун ортиқча пайдо бўлган талабни қондиришнинг ягона йўли - бу нархларнинг ошиши ҳисобланади. Шундай қилиб, пул – иқтисодиёт учун нейтрал ва ишлаб чиқариш ҳажмига таъсир кўрсатмайди.

Бундан келиб чиқадики, Марказий банк учун инфляцияни назорат қилиш жуда осон. Марказий банк, шунчаки, инфляция таргетини белгилаши ва натурал (табиий) ўсиш суратини аниқлаши керак. Масалан инфляция таргети g(P) = 8% бўлса ва табиий ўсиш сурати g(Q) =5%,  шунда пул массасининг ўсиш сурати g(м)= 13% бўлиши керак. Стабил пул мултипликатори мавжуд деб фараз қилинса, Марказий Банк резерв пулларни 13%га кўпайтириши етарли бўлади.

Бироқ, бу ёндошувнинг бир қатор муаммолари мавжуд:

Биринчидан, пул таклифи Марказий банк томонидан тўлиқ назорат қилинмайди, яъни иқтисодиётда стабил пул мултипликатори мавжуд эмас. Аксинча, пул массасининг ўсиши иқтисодий агентларнинг кредитга бўлган талабига ва ҳукуматнинг ҳаражат ва даромадига боғлиқ;

Иккинчидан, иқтисодиёт камдан-кам ҳолатда ўзининг потенциалида бўлади. Бошқача айтганда, товар ва хизматларга бўлган талаб ишлаб чиқариш ҳажмини (таклифни) оширади;

Учинчидан, иқтисодий ўсишнинг табиий даражасини аниқлаш жуда ҳам қийин. Энг муҳими эса, талаб омиллари узоқ муддатда ҳам аҳамият касб этади;

Тўртинчидан, инфляция ва пул массаси ўртасидаги коррелациянинг мавжудлиги бир ўзгарувчи бошқа бир ўзгарувчини ўзгаришини келтириб чиқармоқда деб айтишга хулоса бермайди (“correlation is not causation”). Бошқача айтганда, математик айниятдан сабаб-оқибат муносабатларини ўрнатиб бўлмайди.