...

...

AGROBLOGER

Узум сақлашнинг қадимги усули: Ота-боболаримиз қадим замонлардан буён етиштирилган узум ҳосилини сақлаш ва қиш фаслида истеъмол қилиш бўйича об-ҳаво табиий ўзгаришларига асосланган ҳолда иш олиб борганлар.

Узум ҳосилини сақлаш учун махсус омборлардан фойдаланилган. Совуқ кучайиб кетганда дераза тирқишлари пахтали кўрпача билан ёпиб қўйилган, исиб кетганида эса, очиб қўйилган. Шу жумладан, вақти-вақти билан очиб, шамоллатиб турилган. Бу билан сақлаш омбори ичкарисида доимо тоза ҳаво алмашиб туриши назоратга олинган.

Сақлаш учун етилиб пишган ва бақувват бандли узум бошлари танлаб олинган ва улар тўп-тўп, зич қилиб боғланиб чилвир ипларга тизилиб шифтга осиб чиқилган. Бу ҳолат бозор учун бўлса, баъзи деҳқонлар ўз оиласи учун токнинг кесиладиган шохларини ўз узуми билан кесиб ёҳуд узумнинг кесиб олинган зангларига боғлаб ҳам осиб чиқишган.

Омборнинг совиб кетганлиги ва ҳонанинг ҳарорати 0°С дан тушиб кетганлигини ўз вақтида сезиб қолиш учун қиш кунлари хонага бир пиёлада сув тўлдириб қўйилган. Пиёладаги сув музласа хонани иситиш чоралари кўрилган. Шунингдек, тоғораларда ҳам сувлар қўйилган. Бу чора ҳаво исиб, намлик камайиб кетган кунлари кўрилган.

Узлуксиз туманли ва давомли ёмғирли кунларда эса, намлик миқдорини камайтириш учун оҳак тошларини бутунлигича қўйиб чиқилган. Оҳак тоши ўзига ортиқча намликни тортиб олиб, ёрилиб ва титилиб кетган.

Қўлланилаётган энг сўнгги усул:

Бу усулда узум токдан узилмайди. Одатда токзорнинг атрофи девор билан ўралган бўлади ва ҳаво кириб айланиб туриши учун девор ўрталаридан эшик (туйнук) қўйилади. Ҳаво исиб кетган кунлари ёки кундузлари туйнуклар очиб қўйилади, совиб кетганда ёки тунлари ёпиб қўйилади. Бу усул учун одатда, сўриток девор бўйи қилиб тортилган бўлади. Ҳаво ҳарорати +5°С дан пасая бошлагач сўриток тепасидан полиэтилен плёнкаси тортилади. Ҳавонинг янада совиб борганида эса плёнка тепасидан хашак ва поя боғлари ташлаб қўйилади. Шунингдек, токзорнинг айрим жойларига электр лампочкалар ёқиб қўйиш ва иситгичлар ўрнатиб, умумий ҳароратни 0°С атрофида ушлаб турилиши таъминланади. Бундай ҳолатда, албатта, узум ўз бандида узоқ сақланади, лекин узум зангининг чарчаб, келгуси йили ҳосил бермаслигага олиб келади. Миришкорлар бунинг ҳам бир оз йўлини топгандайлар. Бунинг учун уч ҳосилдор новданинг биридаги узум бошлари бутунлай узиб олиниб келгуси йилга қўйиб қўйилади, чарчаган новдалар эса баҳорда кесиб ташланади.

Кичик тахта яшиклар тагига газета қоғози ёзилиб, уларга узум бошлари зич ҳолда терилади. Сақлаш учун албатта йирик донали ва меваси тоза ҳамда яхши пишиб етилган узум бошлари танлаб олинади. Улар зич ҳолда терилганида узум таркибидаги намлик узоқ сақланади. Бу эса унинг дастлабки вазни ҳолатининг узоқ ва сифатли сақланишига ҳам сабаб бўлади. Сақлаш мақсадида узиладиган ҳосил одатда, кузнинг об-ҳаво ҳарорати +20°С дан пастлаган ойларида йиғилади. Қишда сақлашга мўлжалланадиган узум бошларига мева пиша бошлаган, яъни халқ тили билан айтганда, сув кира бошлаган август ойининг бошларида уларнинг ҳар бирининг тепасидан қоғозни карнай қилиб ўраб чиқилади. Бу билан ёғилажак ёмғир ва тонгги шудринг намидан эҳтиёт қилиниб, меванинг табиий чанггини сақлаб қолишга эришилади. Унинг табиий чанги, яъни ўзига хос табиий пардаси узумнинг узоқ ва сифатли сақланишини таъминлайди. Узум яшикларга терилиб, омборга тахлаб қўйилгач, бир боғ қуруқ исириққа бир чой қошиқда олтингугуртни тутатиб қўйилади ва бу жараён ҳар ойда бир такрорланиб туради. Бундан мақсад ёрилган узум доналари ёки қорайиб чиришига сабаб бўлган бактерияларни ўлдириб, майизга айлантириб, қотириб қўйишдир. Бу жараённинг бошқа мева доначаларига таъсири бўлмайди.


AGROBLOGER канали:

https://t.me/agrobloger


Report Page