...

...

@AGROBLOGER

Бухоро вилояти Жондор туманида яшовчи ота ва ўғил инновацион қишлоқ хўжалиги трактори яратди. Улар бу тракторни саноатга жорий этишда россиялик миллиардер Алишер Усмоновдан мадад кутмоқда.

  • Бухоролик ёш ихтирочи Шуҳрат Сувонов отаси Шаҳоб Қорёғдиев билан бирга инновацион трактор яратди. Улар ушбу техникани оммавий ишлаб чиқаришга жорий этишда ўзбек миллиардери Алишер Усмоновдан ёрдам сўради. Ота-ўғил бу қишлоқ хўжалиги техникасини кўп жиҳатдан бошқа турдошларидан устунлигини айтмоқда. Бу ҳақда “sputniknews” хабар берди

Маҳаллий фермерлага маъқул келмоқда

Тўлиқ ишлайдиган модель – бу аллақачон Бухоро вилояти кенгликларида маҳаллий фермерларнинг кўнглини овламоқда. Аммо бу фойдали техникани саноат ишлаб чиқаришда жорий этиш учун ҳомийлар ва конвейер линиялари талаб қилинади. 

Ихтирочи ота-бола Алишер Усмоновдан ёрдам сўради

Бухоролик ихтирочи ота-бола келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган тадбиркор, россиялик миллиардер Алишер Усмоновдан ушбу қишлоқ хўжалиги техникаларини саноат ишлаб чиқаришга жорий этиш учун бизнес лойиҳани амалга оширишда ёрдам беришни сўрамоқда.

Улар Алишер Усмоновнинг қўллаб-қувватланишига умид қилишмоқда. Чунки у ҳар доим ҳам ватандошларни у ёки бу фойдали ишларида қўллаб-қувватлашга тайёрлигини бир неча бор таъкидлаган. 

10 йиллик меҳнат меваси

Ўн йил давомида ота ва ўғил Шаҳоб ва Шуҳрат ҳовлисида, турдошларидан устунликка эга бўлган қишлоқ хўжалиги машинасини яратиш устида ишлаган. Бунинг учун улар яратилажак трактор учун асос бўлиб хизмат қилган бешта эски машинани сотиб олиб, демонтаж қилган. Улар бугун бу ютуғи билан фахрланади.

Тежамкор ва арзонроқ

Улар ушбу гибрид тракторни “Шуҳрат” деб номланган. У бир вақтнинг ўзида дизел ва метан ёқилғиси билан ўт олади. Бунинг ёрдамида рентабелликка эришиш мумкин. Масалан, бу тарктор ёрдамида бир гектар ерни 35-40 сантиметр чуқурликда ҳайдаш учун атиги беш литр дизел ёки 20 кубометр газ керак бўлади. 

“Айтайлик, ўша ҳудудда 50 литр ёқилғи сарфлайдиган “Cаsе” билан солиштирганда, у деярли ўн баравар тежамкор. Шунингдек, унинг атиги 3 тонна 840 килограмм оғирлиги бор - худди ўша “Магнум”дан беш баравар енгилроқ,” дея тушунтиради 24 ёшли Шуҳрат Сувонов.

Шаҳоб Қорёғдиев бу трактор Бухоронинг шўр ерларига жуда мос эканлигини таъкилайди. 

“Бизнинг Бухоронинг ерлари ўзига хос: туз жуда кўп. Чет эл машиналари оғир ва тупроқни пресслайди. Бизнинг тракторимиз енгил ва шунинг учун маҳаллий далаларга мос келади”, деди оила раҳбари Шаҳоб Қорёғдиев. 

Улар қишлоқ жойларда яшагани сабабли фермерларнинг қишлоқ хўжалиги техникалари етишмаслиги билан боғлиқ қийинчиликларини билади. Ихтирочилар яратган трактори ушбу муаммоларни ҳал қилиши мумкинлигига ишонади. Ота-боланинг фикрига кўра, битта нусханинг қиймати 450 миллион сўмдан (деярли 48 минг доллар) ошмайди, шунга ўхшаш функционал кўрсаткичга эга хорижий аналог эса 600 миллион (қарийб 64 минг доллар) туради.

Минг гектардан ортиқ майдонни шудгорлади

Тракторнинг афзалликлари аллақачон ихтирочиларнинг ҳамқишлоқлари томонидан юқори баҳоланган. Бугунги кунга қадар у минг гектардан ортиқ майдонни шудгор қилди. Фермерлар бундай техника ўта мураккаб бўлган ҳудудда жуда фойдали бўлишини тан олишди. Машинанинг нархи ва тежамкорлигини ҳисобга олсак, фермерлар дала ишларида харажатларни камайтиришга эришади. 

Техник ва тижорат сирини ошкор қилмаган

Ихтирочилар барча техник ва тижорат сирини ошкор қилмаган. Тракторнинг двигатели “Ниссан” компаниясига ва ҳаракатланиш қисмлари турли совет автомобилларидан эканлиги маълум. Унинг ташқи кўриниши ўз дизайнига кўра бутунлай бошқача. Агар ишлатилган механизмлар ўрнига янги механизмлар қўйилса, унумдорлик янада оширилиши мумкин.

“Агар сиз уни ишлаб чиқаришни йўлга қўйсангиз, қанча пулни тежашингиз мумкин? Агар имконият бўлганида, биз барчасига ёрдам берардик ”, дея давом этади Қорёғдиев.

Ҳар қандай таклифга тайёр

Қишлоқлик ихтирочилар аллақачон ўз ихтироларини Ўзбекистон интеллектуал мулк агентлигида рўйхатдан ўтказган. Яқин келажакда улар патент олишади. Бир нечта бизнес-форумларда иштирок этиши уларнинг маҳсулотига юқори талабни кўрсатди. Мамлакатнинг турли бурчакларидан келган фермерлар ушбу техникани сотиб олиш истагини билдирди. Бироқ, бу техникани талаб даражасида ишлаб чиқариш молиявий кўмак талаб қилади.

“Беш юзга яқин фермер трактор етказиб бериш бўйича шартнома тузишга тайёр. Агар сармоялар мавжуд бўлса, биз аллақачон бизнесни бошлардик. Бир марта, ТТЗ вакили келди, аммо ишлаб чиқариш линияси кераклигини айтди. Мен тушунишимча, улар фақат ўша ерда йиғиш билан шуғулланмоқчи", дейди Қорёғдиев. 

Маҳаллий инвесторлардан аниқ таклифлар келиб тушмади. Бугунги кунда Бухоро ҳаваскор муҳандислари янги лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам берадиган ҳар қандай фойдали таклифларни кўриб чиқишга тайёр.

“У бизни эшитади”

“Мен Алишер Усмонов билан бўлган интервьюни ўқидим, у Ўзбекистонда ёш ихтирочиларнинг инновацион лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтган. Менимча, бу айнан ўша ҳолат. У бизни эшитади ва ғояларимизни амалга оширишда ёрдам беради деб умид қиламан. Бизнинг асосий мақсадимиз ушбу машина ишлаб чиқаришга киришиш ва деҳқонларнинг ҳаётини осонлаштиришдир", дея хулоса қилди Шуҳрат Сувонов.

Бу орада, машина Жондор тумани далаларини айланиб ўтиб, соатига 60 километргача тезлашди. Аслида трактор тезлиги соатига 100 километргача етказишга мўлжалланган. Бироқ, технологиянинг асосий устунлиги – бу тежамкорлик, бошқарувдаги қулайлик ва рентабеллик.

Ҳозирча буни маҳаллий фермерлар тўлиқ қўллаб қувватламоқда. Энди фақат инвесторларнинг янгиликка эътибор беришларини кутиш керак.


togri.uz

@AGROBLOGER