«Ақтобе» фожиаси сири...

«Ақтобе» фожиаси сири...

🌐OLTIARIQ_TV

​​«Одамлар ёниб кетса-ю, телефон ёнмаса — шунақа ҳам бўлиши мумкинми? Демак, улар тирик»

Pic

Ақтўбедаги суд 52 ўзбекистонликнинг ўлимига сабаб бўлган автобус ёнғини бўйича ишни кўриб чиқишни бошлади. Хабар беришларича, суд эшитувларига Ўзбекистондан 11 киши — ўша автобусда ёнганларнинг қариндошлари келган.


Судья Серик Маҳамбетов тергов-суриштирув ишлари қозоқ тилида олиб борилгани боис, суд ҳам ишни шу тилда кўриб чиқишини маълум қилган. Бироқ судга келган ўзбекистонликлар қозоқ тилини ҳам, рус тилини ҳам билмасликларини, шунинг учун таржимон келтиришни сўраган. Ушбу илтимосни қондириш учун суд тушгача танаффус эълон қилган (ўзбекистонликлар судда Ўзбекистон элчихонасидан бирор вакил, иложи бўлса, элчи ҳам қатнашишини ҳам сўраган).


Судда Ақтўбедаги фожиа оқибатида ўғли ва неварасини йўқотган Юлдуз Ғаниева чиқиш қилган. «Биз уларнинг ўлганига ишонмаймиз. Улар тирик, — деб айтган Юлдуз Ғаниева (суратда). — Ўғлим ва неварамнинг телефони ҳали ҳам ишлаяпти, лекин жавоб бермаяпти. Ўлди дейилаётганларни кўпларининг телефони ишлаяпти. Одамлар ёниб кетса-ю, телефон ёнмаса — шунақа ҳам бўлиши мумкинми? Демак, улар тирик. Балки уларни қулликда ушлаб туришгандир».


Бошқа жабрланувчилар ҳам тахминан шундай фикрда. «Диапозон»нинг ёзишича, бундай ўй-хаёлларнинг пайдо бўлишига энг асосий сабаб — қурбонларнинг жасадлари қариндошларга кўрсатилмаган ва уларнинг ўлимини тасдиқловчи таҳлил натижалари тақдим этилмаган. Тириклайин ёниб кетган ўзбекистонликларнинг қариндошлари сўзларига кўра, жасадлар ёпиқ тобутларда олиб келиниб, дафн этилган, улар очилмаган. 


Судланувчилар курсисида беш киши ўтирибди. Улардан уч нафари — ўша маъшум автобус ҳайдовчилари. Ҳайдовчилардан бири — Мақсат Пернебековнинг опаси ўз укаси ноҳақ айбланаётганини таъкидлаяпти. Шунингдек, у ҳодисанинг яна икки тирик гувоҳи — фожиадан омон қолган икки ўзбекистонликни ҳам судга олиб келиш шарт, деб айтяпти. Бу иш бўйича Ақтўбенинг Ирғиз туманида бўлган биринчи суд мажлисида ёнғинга айнан омон қолган ўзбекистонликлар (1988 йилда туғилган Аҳрор Исоқов ва 1980 йилда туғилган Исроилжон Мирзааҳмедов)дан бири сабабчи бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахмин билдирилган эди.