Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурининг 1-ярим йиллиги натижалари сарҳисоб қилинди

Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурининг 1-ярим йиллиги натижалари сарҳисоб қилинди

"Тараққиёт стратегияси" матбуот хизмати

Шу йилнинг 25-27 июль кунлари Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида “Тараққиёт стратегияси” маркази Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда Германиянинг Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда Ҳаракатлар стратегиясининг ҳудудларда амалга оширилишига бағишланган қатор тадбирлар ташкил этилди.

Тарғибот гуруҳлари вакиллари, ёшлар ва хотин-қизлар масалалари бўйича ҳокимликлар мутахассислари, сиёсий партия аъзолари ҳамда маҳаллий депутатлар иштирокида “Ҳаракатлар стратегияси: сарҳисоб ва истиқболдаги қадамлар” мавзусида “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Унда “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Акмал Бурханов, Республика Маънавият ва маърифат маркази директори Алишер Қодиров, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Мухаммадиев ҳамда Конрад Аденауэр фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори доктор Томас Кунце иштирок этиб, бугунги кунда Ўзбекистондаги янгиланишлар жараёни, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ошкоралик принципи асосида олиб борилаётган сиёсат, сўз ва матбуот эркинлиги масалалари каби мавзуларда сўз юритдилар.

Жумладан, доктор Томас Кунце ҳудудларда бу каби тадбирларни ўтказиш давлат томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режаларни аҳолига етказишда жуда муҳим ҳамда фойдали эканлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлардан ҳайратда эканлиги, ислоҳотлар бундай шиддат билан содир бўлишини ҳеч кутмаганлигини таъкидлаб, бир қатор натижаларни бугуннинг ўзида нафақат шаҳар марказларида, балки энг чекка туманларда ҳам кузатиш мумкинлиги эътироф этди.

Тадбир давомида иштирокчиларга Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган тадбирларнинг бориши бўйича маълумот берилди ҳамда 2018 йил Давлат дастури ижросининг биринчи ярим йиллиги натижалари тақдимоти ўтказилди. Хусусан, бугунги кунга қадар 231 та банддан иборат “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури 82 та банди ижроси таъминланди. Бунда 25 та Ўзбекистон Республикаси қонуни, 205 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, 267 та Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинганлиги ҳақида ахборот берилди.

Бундан ташқари, Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини фуқароларга тўғри ва ўз вақтида етказиш ҳамда Давлат дастурининг жойлардаги ижроси устидан тизимли мониторинг ўтказишни назарда тутувчи “Ҳаракатлар стратегияси: тарғибот ва жамоатчилик назорати” мавзусида мастер-класс ва семинарлар ўтказилди.

Тадбир якунларига кўра, жорий йилнинг август ва сентябрь ойлари давомида 2019 йил Давлат дастури лойиҳасига аҳолидан фикр ва таклифлар қабул қилиш жараёнининг бошланиши муносабати билан жойларда ташкиллаштириладиган учрашувларда мазкур масалани янада кенгроқ етказишга келишиб олинди.


"Тараққиёт стратегияси" маркази
матбуот хизмати

http://strategy.uz/fullstory.php?id=239