😳

😳

🌐OLTIARIQ_TV

МХХнинг Сурхондарёдаги ўйинлари. Собиқ ректор адолат истайди

Ҳидирназар Аллақулов

2002—2004 йилларда Термиз давлат университети (ТерДУ) ректори бўлиб ишлаган иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов Kun.uz таҳририятига мурожаатида ўз вақтида юқори идоралар томонидан ўзига нисбатан қилинган адолатсизликлар ҳақида баён қилди. Унинг қуйида келтириладиган тарихидан Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ амалдорлари, МХХ раисининг собиқ ўринбосари, айни вақтда қамоқда бўлган Шуҳрат Ғуломов ва МХХ собиқ терговчиси, собиқ бош прокурор Рашид Қодировнинг куёви Нодир Тўрақуловномларини ҳам кўриш мумкин. МХХ зобитларига қарши чиқа олган, ўзига нисбатан суд ишида ҳам ютиб чиққан профессор Хидирназар Аллақулов энди адолат қарор топиб, лавозими ва шаъни тикланишини истайди.

Иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 24 майдаги қарори билан Термиз давлат университети (ТерДУ)нинг ректори этиб тайинланган. Ўша вақтда МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимида Шуҳрат Ғуломов, тергов бўлими бошлиғи лавозимида Нодирбек Тўрақулов фаолият юритаётган, бошқарманинг ТерДУ бўйича куратори эса Ориф Боборажабов эди. Университетда 2002-2003 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжатлар қабул қилинаётганди. Доцент Ўрол Худойқулов тарих факультети кундузги бўлимига ҳужжатларни қабул қилиш бўйича маъсул этиб тайинланади.

Тўпланган далилларга кўра, Ўрол Худойқулов ректор қабулига келиб, (Ориф Боборажабов МХХ Сурхондарё вилоят бошқармасининг ТерДУ бўйича куратори) 2002 йилда Тожикистон Республикаси Шаҳринов туманидаги 21-ўрта мактабдан Комилжон Абдураимович Кулиев номига берилган АБ №249675 рақамли аттестатни унга қолдириб, ҳужжатларни қабул қилиб расмийлаштиришни буюриб кетганини маълум қилади.


Куратор Боборажабов Комилжон Кулиев Ўзбекистон фуқароси эканини тасдиқловчи паспортни Худойқуловга кўрсатмасдан, ўз дастхати билан мазкур аттестат эгасининг шахси ҳақида маълумот ёзиб бериб кетган. Куратор ёзиб қолдирган маълумотини аслича келтирамиз: «Яшаш жойи, Денов тумани, Мустақиллик ж/х, «Катта Қарши»қишлоғи. 2002й. Денов туманидаги 22-ўрта мактабни тугатган. Она тили тожик тили. Паспорт № СS0203363 выдан 28.03.02г. Денауским РОВД. Тарих фак-ти кундузги бўлим. Отаси – Кулиев Абдураим – ишчи, Онаси – Кулиева Саодат – уй бекаси»


Ректор Худойқуловга абитуриентнинг ўзи паспорти билан келмагунча, ҳужжатларни қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берган. Аммо Боборажабов (МХХ куратори) қабул комиссиясига бир неча марта келиб, Худойқуловдан Кулиевнинг аттестатини қабул қилиб, расмийлаштиришни талаб қилган ва қистовга олган.

Худойқулов эса ректор топшириғига кўра қўлида турган ҳужжатларни расмийлаштирмаган. Шундан кейин куратор Худойқуловдан кечқурун фуфайка (пахтали кийим) кийиб, паспорти билан МХХ Сурхондарё вилояти бошқармасига боришини тайинлаган.

Ректор чўчиб қолган Худойқуловга бир неча кун ишга келмасдан, уйида қолишига рухсат берган.

Ҳужжатлар қабул қилиш муддати тугагандан сўнг куратор Ўрол Худойқуловдан аттестат ва ўзи ёзган сохта маълумотномани олиб кетади. Нусхалар эса ректор Аллақулов қўлида қолади.

Биринчидан, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан хорижий давлатларнинг фуқароларини Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига қабул қилиш тартиб-қоидалари белгилаб қўйилган.

Умумий асосда тест синовларига қатнашиб, етарли балл тўплаган хорижлик абитуриентлар, аввало Вазирлар Маҳкамаси белгилаб қўйган суммани валютада банкдаги ҳисоб рақамига (университетнинг ҳисоб рақамига эмас) туширишлари лозим. Шундан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг рухсати билан ректорнинг хорижлик абитуриентни талабаликка қабул қилиш ҳақидаги буйруғи чиқарилади.

МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходими нафақат қабул жараёнларига оид ҳукумат қарорларини оёқости қилмоқчи, балки давлатни валюта тушумидан маҳрум этмоқчи бўлган.

Иккинчидан, ўзи йўқ, шахси ва фуқаролиги номаълум шахснинг ҳужжатларини зўравонлик билан қабул қилдириш ёки қабул қилиш қонунларга «хиёнат» ҳисобланади.

Куратор Боборажабов ректордан 2002-2003 ўқув йили учун иқтисод мутахассислиги кундузги бўлимига ҳужжат топшириб, тест синовларидан 47,60 балл (гуруҳи – 269, жавоб варақаси №0200356) тўплаган абитуриент Артем Вячеславович Коноплеевни талабалар сафига қабул қилишни ҳам талаб қилган, у ректорга буни МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ғуломов талаб қилаётганини билдириб, буйруқ чиқаришни сўраган.

Куратор 2002 йил ноябрь ойи мобайнида ушбу абитуриентга буйруқ чиқаришни бир неча марта талаб қилади. Ректор эса бу талабни бажармайди. Улар босимини кучайтиришган, шу боис 2002 йил 28 ноябрь куни бу ҳақида университет раҳбарияти ва қабул комиссияси аъзолари иштирокида далолатнома тузиб қўйилган.

Шундан сўнг, МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими бошлиғи Нодирбек Тўрақулов ректор қабулига келиб, ТерДУ ҳақида юқори идораларга тақдимнома киритилишини айтиб, ректор Аллақуловга таҳдид қилган.

2003 йилнинг 25 январь куни МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ғуломовнинг имзоси билан юқори идоралар, шу жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазири Саидаҳрор Ғуломовга тақдимнома киритилган. Тақдимнома ижрочиси тергов бўлимининг бошлиғи Нодирбек Тўрақулов эди.


Ушбу тақдимномадан айрим жумлаларни аслича келтирамиз: «… Следует также отметить, что ректор ТермГУ Аллакулов Х. видя и ощущая на себе весь этот негативный процесс ничего не предпринимая, собирает вокруг себя, а именно, назначает на руководящие должности лиц, не имеющих своего мнения, а хуже всего которые не знают даже свои функциональные обязанности и процесс работы в ВУЗе.

Например, начальник отдела кадров ВУЗа Бекмурадов Х., ранее работавший преподавателем исторического факультета ТермГУ, в связи с тем, что не знает или не желает знать своих обязанностей, постоянно вступает в конфликт или не может ответить на вопросы сотрудников ТермГУ в части его касающейся. Кроме того, Аллакулов Х. назначил на должности проректоров Дусярова Х. и Бердиева У., которые являются кандидатами наук, хотя в ВУЗе имеется и доктара наук и профессора, достойных этих должностей.

С разрешения Аллакулова Х. на работу в качестве экспедитора был принят Жумаев Х., который родом из Олтынсайского района Сурхандарьинской области. В связи с тем, что ректор не согласовав вопросы о принятии и назначении Жумаева Х. на работу, были распространены слухи о том, что Аллакулов Х. собирает в Университете своих земляков /Аллакулов Х. сам родом из Олтынсайского района Сурхандарьинской области/.

Все вышеуказанные факты во-первых, наносят урон авторитету нашей страны /люди, дающие знание нашим детям, всегда олицетворяли интеллигенцию и свет государства/, во-вторых, наносят непоправимый ущерб в воспитании молодого поколения /наши дети видят все эти негативные процессы/, в третьих, вызывает недоверие среди населения в получении достойного образования и справедливости проведения тестовых экзаменов в связи с чем просим Вас в ближайшее время дать следующие указания соответствующим Управления вверенного Вам Минестерства для оздоровления климата и обстановки в Термезском Государственно Университете:

  • провести беседу с ректором ВУЗа Аллакуловым Х. по вопросам кадровой политики, а также недопущения впредь подобных нарушений;
  • провести в ближайшее время комплексную и инспекторскую проверки со стороны компетентных соответствующих подразделений вверенного Вам Министерства …»

МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбар ходимларининг ноқонуний талабларини бажармагани учун улар ректорга таҳдид қилиб, тақдимномалар киритган.

Ректор Х.Аллақуловга қадар тест синовларида мутлақо қатнашмаган ёки етарли балл тўплай олмаган ёхуд ҳужжатларини бошқа шаҳарлардаги олий ўқув юртларига топшириб, тест синовларида етарли балл тўплай олмагани учун талабаликка қабул қилинмаган абитуриентлар собиқ ректорларнинг талабаликка қабул қилиш ҳақидаги буйруқларисиз университетнинг талабалари таркибига киритилиб, ноқонуний ўқитилиб, ноқонуний дипломлар бериб келинган.

Ректор ноқонуний ўқитиб келинган талабалар рўйхатини илова қилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси, Президент Девони ва бошқа идораларга маълумотномалар тақдим этган, муаммо ҳал этилишини сўраган. Лекин ҳеч нарса ўзгармаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, ҳокимият вакиллари ва бошқа шахслар ундан бу «талабалар»га кириш буйруқлари чиқариб, қонуний қабул қилинган талабалар сафига қўшишини талаб қилишади. Х.Аллақулов уларнинг талабларини яна бажармайди.

ТерДУда шундай муаммо борлигини МХХ ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамда юқори идоралар яхши билишган. Аниқланишича, бундай «талабалар» сони 917 нафар бўлган. Лекин МХХ ходимлари ўзларини билмаганга олиб келишган. Чунки бундай «талабалар» сафида уларнинг фарзандлари, қариндошлари ва бошқа таниш-билишлари бор эди. Бу муаммони Х.Аллақулов кўтариб чиққани уларга ёқмайди ва улар ректорнинг ўзини айбдор қилмоқчи бўлишади.

Х.Аллақулов ТерДУнинг ғазнаси ва банкдаги ҳисоб рақамидан Сурхондарё вилоят ва Термиз шаҳар прокуратураларининг ҳамда вилоят хўжалик (ҳозирги иқтисод) судининг мансабдор шахсларининг ҳимоясида бўлган университетнинг мансабдор шахслари, фирма ва банк муассасаси раҳбарлари томонидан талон-торож қилинган расмий курсда 600 000 (олти юз минг) АҚШ долларига тенг пулни университетга қайтартирди. Бунга қадар ТерДУни йиллар давомида қайта-қайта текшириб, тафтиш қилган МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси буни кўрмаганмиди?

Аллақулов ректорлиги даврида ТерДУда амалга оширилган ишлардан баъзиларини Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ҳайъатининг қарорлари, вазирликнинг Вазирлар Маҳкамасига юборган хати ва бошқа расмий ҳужжатлар асосида келтириб ўтилади.

Х.Аллакулов профессор-ўқитувчилар орасида соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида ижодий изланишларга кўра, эришилган натижаларига қараб, энг кам иш ҳақининг бир баробаридан олти баробаригача табақалашган устама иш ҳақларини жорий этган. Голландия, Жанубий Корея, Россия, Австралия каби мамлакатлардаги олий ўқув юртларида ТерДУ профессор-ўқитувчилари тажриба алмашдилар. Ўзаро манфаатли илмий-амалий алоқалар йўлга қўйилди. Университет Осиё университетлари Федерацияси аъзолигига қабул қилинди. 2002-2004 йиллар учун тараққиёт ҳисобланган «Ахборот технологиялари ва масофадан ўқитиш маркази» ташкил этилди. Ўқув жараёнига 300 га яқин компьютерлар олиб кирилиб, 13 та махсус компьютер синфлари ташкил этилди. Барча бўлимлар, кафедралар ва ўқув заллари интернет тизимига уланди, улар ўртасида электрон почта тизими жорий этилди. Янги информацион технологияларга асосланган компьютерлашган «лектор» тизими орқали тасвирли субтитр ёзувли маърузалар ўқитилиши йўлга қўйилди.Еттита замонавий лаборатория ишга туширилди. Кутубхонадаги китоблар фонди уч баробарга бойитилиб, учта электрон ўқув заллари ташкил этилди.

Бу ишлар ўз самарасини берди: Профессор-ўқитувчилар томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тавсия қилган ўнлаб дарсликлар, электрон-ўқув қўлланмалар чоп этилди. Университет олимлари томонидан ўнлаб монографиялар нашр қилинди. Йигирмадан ортиқ ихтиролик ишлари учун патентлар олинди. Докторлик, ўн олтита номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Талабаларнинг фан олимпиадалари бўйича 59-ўринда турган ТерДУ, 2003 йилга келиб республикадаги олий ўқув юртлари ўртасида юқори ўринларни эгаллаган бўлса, ҳудудлардаги (Тошкент шаҳрида жойлашган ОТМлардан ташқари) олий ўқув юртлари орасида эса биринчи ўринга чиқиб олди.

Магистрантлар сафидан эса «JICA» фонди грантларининг совриндорлари етишиб чиқиб, улар Япония олий ўқув юртларига таҳсил олишга юборилди. Талабалар орасидан Давлат стипендияларини олишга сазовор бўлганлар миқдори уч баробарга кўпайди. Спортчи талаба ёшлар таркибидан халқаро турнирлар ғолиби, Осиё қитъаси чемпионлари етишиб чиқди.

Лекин университетда ижобий ўзгаришлар бўлаётганини кўриб турган МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ғуломов ва тергов бўлими бошлиғи Нодирбек Тўрақулов киритган тақдимномаларида асоссиз маълумотларни қайд этишган.

Тақдимномалар киритилганидан кейин бошқарма ходимларининг таҳдиди янада кучайди.

Х.Аллақулов ректор бўлиб ишга боргач, талабалар контингентини текширган. Ходимлар бўлимида сақланиши шарт бўлган ҳужжатлар, шу жумладан талабалар кириш буйруқларининг бир қисми йўқлиги аниқланган. Ҳисобхонадаги аҳвол ҳам худди шундай эди. Бу ҳужжатлар МХХ Сурхондарё вилояти бошқармасининг оғзаки талабларига кўра бошқармага бериб юборилган ва кейинчалик университетга қайтарилмаган.

Ректор университетдан чиқадиган ҳар бир ҳужжат ёзма сўровномаларга кўра унинг рухсати билан тегишли равишда расмийлаштирилиб берилиши ҳақида кўрсатма берган.

Аммо МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари оғзаки равишда барча талабаларнинг ўқишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқларини бошқармага етказиб беришни узлуксиз равишда талаб қилган. Лекин уларнинг бу талаблари ҳам бажарилмаган. Улар эса тақдимномада фамилияси келтирилган ходимлар бўлими бошлиғи доцент Х.Бекмурадов ва бошқа ходимларга дўқ-пўписа қилиб, паспорти билан бошқармага боришни талаб қилган. Бундай хатти-ҳаракатлар ҳақидаги ҳужжатлар Kun.uz нашрида мавжуд.

Х.Аллақулов университетда ноқонуний ўқитилиб келинган «талабалар» муаммоси бўйича президентнинг давлат маслаҳатчиси, академик Тўхтапўлат Рихсиев номига маълумотнома тақдим этган. Т.Рихсиев 2003 йил 17 апрелдаги 07-585 сонли хати билан «Комиссия тузиб, ушбу муаммо узил-кесил ҳал қилинсин» деган мазмунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига кўрсатма берган. Вазирликнинг 2003 йил 18 апрелдаги 91-сонли буйруғига асосан махсус комиссия томонидан ушбу муаммо университетда ўрганилган. Вазирликнинг навбатдаги Ҳайъатида МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси тақдимномасида фамилиялари келтирилган маънавият ва маърифат ишлари бўйича 1-проректор Х.Дусяров ва ўқув ишлари бўйича проректор Ў.Бердиев лавозимларидан озод этилган.

Ҳолбуки ундан олдин Х.Аллақулов моддий манфаатдорлик эвазига «талабалар»нинг ноқонуний ўқитилиб келинишида иштирокчи бўлган ўқув ишлари бўйича проректор Асрориддин Қосимов ва маънавият ва маърифат ишлари бўйича 1-проректорни лавозимдан озод этиб, ноқонуний ишларга аралашмаган Х.Дусяров ва Ў.Бердиевни уларнинг ўрнига проректор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинлаганди. Лекин энди улар вазирликнинг Ҳайъати қарорига кўра лавозимдан озод этилди. Х.Аллақулов эса ноқонуний ўқитилиб келинган «талабалар» муаммосини кўтариб чиққани учун вазирлик Ҳайъатида огоҳлантириш билан «мукофотланади».

Бинобарин, шу даврга келиб МХХ раисининг муовини лавозимида фаолият юритаётган Шуҳрат Ғуломовнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси бошлиғи пайтида киритган тақдимномасидаги талаблар бажарилди. Аммо ноқонуний ўқитилиб келинган «талабалар» муаммоси очиқ қолдирилди.

Х.Аллакуловнинг сўзларига кўра, Олий ва ўрта махсус таълим вазири академик Саидаҳрор Ғуломов ректор Х.Аллақуловга ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига профессор Шукур Хуррамовни тавсия этишини тайинлаган, ректор вазирга рад жавоби қайтарган. У ўзида профессор Ш.Хуррамов университетдаги ноқонуний қилмишларни содир этган гуруҳлардан бирининг бошчиси эканлиги ҳақида расмий ҳужжат мавжудлиги ва у проректор бўлиб ишлаган кезларда моддий манфаатдорлик эвазига «талабалар» ноқонуний ўқитилиб келинишига ҳомийлик қилгани, бу тўғрисида университетдаги ўқишини тугатган, лекин кириш буйруқлари бўлмаганлиги учун диплом ололмаётган шахсларнинг тушунтириш хатлари мавжудлиги ҳақида вазирга ахборот берган. Шундан сўнг вазир МХХнинг вазирлик бўйича куратори Ш.Хуррамовни проректор этиб тайинлашни сўраганини ректорга маълум қилган ва бу мавзуга нуқта қўйган.

Шуҳрат Ғуломов МХХ Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган кезларда Шуҳрат Тошпўлатов унга муовинлик қилган.

Тақдимномалар киритилганидан бироз вақт ўтиб Шуҳрат Ғуломов МХХ раисининг муовини лавозимига кўтарилган. Шуҳрат Тошпўлатов эса МХХ Жиззах, Тошкент вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари бошлиғи, Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи, бир вақтнинг ўзида МХХ раиси муовини лавозимларида фаолият юритади.

Х.Аллакуловнинг айтишича, Профессор Шукур Хуррамов Шуҳрат Тошпўлатовнинг поччаси (холасининг эри) бўлади. Шунинг учун МХХ уни проректор этиб тайинлашни сўраган.

Ўша вақтдаги ҳукумат инфляцияни жиловлаш учун муомаладаги пул массасини қисқартириш йўлини танлаб хато йўлдан борди. Оқибатда, банклар мижозларини етарли миқдордаги пул маблағлари билан таъминламади. Натижада кишилар пешона тери билан ишлаб топган иш ҳақи ва нафақаларини, талабалар эса стипендияларини бир неча ойлаб ололмасдан овора бўлишди. Одамлар жабр кўрди. Шундай ҳолат ТерДУда ҳам кузатилади.



ТерДУ ва унинг атрофида содир этилган ва Х.Аллақулов чек қўйган ноқонуний ишлардан манфаатдор профессор Шукур Хуррамов раҳбарлигидаги гуруҳнинг «муштипар» аъзоси, лавозимидан озод этилган иқтисодиёт факультети деканининг муовини Сулув Хамидованинг имзоси билан Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Рустам Азимов номига 2004 йилда устма-уст телеграммалар юборилди. Тўлови кечиктирилаётган иш ҳақи ва стипендиялар учун ректор айбдор қилиб кўрсатилди.

Рустам Азимов ва Марказий банк бошқаруви раиси Файзулла Муллажоновтомонидан банкларнинг раҳбарларига банклардан бир сўм ҳам чиқармаслик ҳақида кўрсатмалар берилганига қарамасдан, шикоятчининг телеграммаларида кўрсатилган муаммога «ечим» топилди: «Телеграммада кўрсатилган ... салбий ҳолатларни содир этган ҳамда содир этилишига йўл қўйган раҳбар ва маъсул шахсларни жавобгарлигини аниқлаб ва асосланган фактларни ҳуқуқни назорат қилувчи органларга тақдим этишингизни сўрайман» деб тегишли вазирликларга кўрсатма берганди бош вазирнинг биринчи ўринбосари.


Шундан сўнг, Молия вазирлиги, Назорат-тафтиш Бош бошқармаси ва Сурхондарё вилоят прокуратураси 2004 йил март ойидан ТерДУни текшира бошлайди. Текширув ишларига Сурхондарё вилоятидаги барча туман ва шаҳар прокуратуралари ҳамда Самарқанд ва Бухоро вилоятлари прокуратуралари жалб этилди. Республика Марказий банки ҳам қараб турмайди ва ўз йўналишидан туриб, университетга нисбатан текширув ишларини олиб боради.

Текширувлар «натижалари»га кўра, Сурхондарё вилоят прокуратураси 2004 йил 26 апрель куни Х.Аллақуловга нисбатан қасддан мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, мансаб совуққонлиги ва хизмат сохтакорлигини содир этган, деб жиноят иши қўзғатади. Бош прокуратура жиноят ишини алоҳида назоратга олади.

Тергов ҳаракатлари олиб борилаётганига қарамасдан, «Ўзбекистон овози» газетасининг бош муҳаррири Сафар Остоновнинг имзоси билан ушбу газетанинг 2004 йил 20 май сонида «Республика прокуратураси диққатига» деган таҳдидли рукнда ректор ҳақида «Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими? Ёки давлат бюджетидан ажратилган маблағлар айрим жойларда қандай талон-торож қилинаётгани ва ўғирланаётгани ҳақида» сарлавҳали фельетон чоп этилди.

С.Остонов Х.Аллақуловнинг айбдорлиги ҳақида фелъетон бераётган вақтда Ўзбекистон Конституциясининг 26-моддасига биноан, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди, деган айбсизлик презумпциясининг олтин қоидасидан наҳотки бехабар бўлган бўлса?


Воқеалар ривожи шундай кўриниш оладики, Олий ва ўрта махсус таълими вазири қўзғатилган жиноят иши ва фельетонни асос қилиб, Аллақуловга ректорлик лавозимидан кетиш ҳақида Бош вазир ўринбосари номига ариза ёзишини талаб қилади. Х.Аллақулов эса аввалига рози бўлмайди, лекин оиласининг тинчлигини ўйлаб ариза ёзишга мажбур бўлади.

У Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 17 июндаги қарори билан ректор лавозимидан озод этилади. Давлат ва жамият қурилиш академиясида декан лавозимида ишлаган Зоир Чориев ТерДУнинг янги ректори этиб тайинланади.

Аллақулов босим туфайли ариза ёзишга мажбур бўлганини 8 гувоҳ судларнинг мажлисларида тасдиқлаган, улар қаторида Олий ва ўрта-махсус таълим вазири ўринбосари, академик Шавкат Аюпов ҳам бор, кўргазмалар ва тушунтириш хатлари берилган.

Прокуратура 2004 йил 23 июль куни Аллақуловга нисбатан олти эпизодли айблов эълон қилиб, жиноят ишини судга ўтказади. Унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхат олиш орқали очиқда қолдириш эҳтиёт чораси қўлланилди.

Суд жараёнлари олиб борилаётганига қарамасдан, «Ўзбекистон овози» газетасининг бош муҳаррири Сафар Остонов имзоси билан газетанинг 2004 йил 28 сентябрь сонида айбсизлик презумпцияси талабларига зид равишда «Ҳолвани ректор, калтакни студент ейдими?» сарлавҳали иккинчи фельетон чоп этилиб, Аллақулов «бош айбдор» деб эълон қилинади.

Жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Сурхондарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларининг туман судларидан бошлаб Олий суд билан жами 14та суднинг 30 нафардан ортиқ судьяси уч йил мобайнида кўриб чиқиб, Х.Аллақуловни суд қилишди. Ушбу судларнинг барчаси уни ҳақ, прокуратура органлари ва матбуотни ноҳақ деб топишди.

Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Деҳқонобод туман суди Аллақуловни қўйилган айблар бўйича мутлақо айбсиз деб эътироф этди. 2006 йил 23 февраль куни Жиноят процессуал кодекснинг 83-моддаси 1, 2 ва 3-бандларига кўра оқлов ҳукми эълон қилинди. ЖПКнинг 304-314-моддалари тартибида ҳуқуқлари тикланиши ва унга нисбатан етказилган зарар қопланиши лозимлигини оқлов ҳукмида кўрсатди.

Аммо прокуратура органлари оқлов ҳукмини қабул қилолмади. Протестлар келтиришди. Шу сабабдан собиқ ректор яна бир ярим йилга яқин судма-суд юриб, сарсон-саргардон бўлди.

Деҳқонобод туман прокурори киритган протест ва Бош прокуратура икки марта келтирган протестлар судлар томонидан рад этилиб, оқлов ҳукми яна уч марта ўз кучида қолдирилди.

Сўнгги марта жиноят ишлари бўйича Бухоро вилояти суди апелляция инстанцияси оқлов ҳукми асосли ва қонуний эканлигини тасдиқлаб, 2007 йил 5 июнь куни ажрим чиқарди. Уч йил давом этган суд жараёнларига нуқта қўйилди ва оқлов ҳукми узил-кесил қонуний кучга кирди.

Суд ҳужжатлари ва оқлов ҳукмида шундай ёзилган: «Университетда узоқ йиллар давомида абитуриентларни талабаликка қабул қилиш қоидалари қўпол равишда бузилиб, айрим талабалар ноқонуний йўл билан ўқитилиб, уларга ноқонуний дипломлар бериб келинган. Х.Аллақулов эса ректор сифатида фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ ушбу ноқонунийликларга қарши курашиб, бу ҳолатларга чек қўйган... Х.Аллақулов Термиз давлат университетидаги талон-торож ва ноқонунийликларга чек қўйгани учун манфаатдор гуруҳлар ва шахслар унга туҳмат уюштирган. Прокуратура томонидан юқори идораларга тақдимномалар киритилган. Прокуратура қандай йўл билан бўлса-да, Х.Аллақуловни айбламоқчи бўлган».

Суд оқлов ҳукми билан бирга Вазирлар Маҳкамасига, Бош вазир ўринбосари Рустам Қосимов номига «Х.Аллақуловнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини тиклаш мақсадга мувофиқ ва лозим» деган мазмунда хат киритади. Лекин оқлов ҳукми ва суднинг хати мутлақо эътиборсиз қолдирилади.



Бош прокурор Рашид Қодиров ва биринчи Президент Ислом Каримов номларига киритилган мурожаатлар ҳам беэътибор қолган.

Шаъни учун БМТ Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан 1966 йилда қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда ратификация қилган, қўшилган «Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт» номи билан аталувчи халқаро конвенция билан берилган ҳуқуқларидан фойдаланиб, Женевага бориб, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Комитетига 2011 йил мурожаат қилган.

Комитет 2017 йил 3-28 июль кунлари Женевада бўлган 120-сессиясида мурожаатномамни кўриб чиқиб, 19 июль куни хулосалар ва қарор қабул қилди.

Хидирназар Аллақулов

Қайд этиш жоизки, Комитет «Ўзбекистон овози» газетаси бош муҳаррири Сафар Остоновнинг қилмишларини давлат томонидан халқаро конвенция моддаларини бузиш тарзида муҳокама қилди ва хулоса қилди.

Комитет қарорининг 6.3 бандида: «Комитет Х.Аллақуловнинг ҳокимият томонидан ўтказилган босим туфайли лавозимидан озод қилиш тўғрисида ариза беришга мажбур бўлгани, ишдан бўшатишда процессуал қонунларга риоя қилинмагани ва миллий судлар гувоҳларнинг унинг фойдасига берган кўрсатмаларини инобатга олмагани ҳақидаги важларини эътиборга олади. Комитет меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисидаги буйруқ нусхасини Х.Аллақулов ҳеч қачон олмагани туфайли сўнгги муддатни ўтказиб юборгани ва бу буйруқни у биринчи босқич судида унинг даъвоси рад этилган 2008 йил 28 августда биринчи марта кўргани ҳақидаги важларини ҳам эътиборга олади» деб ёзилган.

Қарорнинг 9-бандида: «Пактнинг 2-моддаси 3-бандига мувофиқ иштирокчи-давлат Х.Аллақуловга ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаларини тақдим этиши шарт. Бу Пактда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари бузилган шахсларга тўлиқ хажмда қоплашни талаб қилади. Ушбу ҳолатда иштирокчи-давлат, жумладан:

а) Х.Аллақуловга адекват, яъни тўлиқ ҳажмда компенсация тақдим этиши, шу жумладан маҳрум бўлган иш ҳақи ва олиши мумкин бўлган, лекин ололмай қолган даромадлари ва унинг обрўйига етказилган зиён, судда ишни кўриш билан боғлиқ суд харажатлари ва ушбу Тақдимномада кўрсатилган бузилган ҳуқуқлари учун;

b) Х.Аллақуловга унинг обрў, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрў тикланиши учун сатисфакция (қониқиши)нинг тегишли воситаларини шаҳар судининг 2009 йил 16 январь кунидаги қарорига мувофиқ тақдим этиши шарт» деб кўрсатилган.

Комитетнинг қарори Ўзбекистонга 2017 йил август ойида келиб тушган.

Конституция бўйича миллий қонунлардан халқаро Конвенциялар устун туради. Х.Аллақулов Комитетнинг қарори бўйича Президент, Бош вазир ҳамда Президентнинг Давлат маслаҳатчилари ва арбоблари номларига ўн икки маротабамурожаатномалар тақдим этган. Президентнинг шахсий қабулини ҳам сўраган. Х.Аллақуловнинг тахминича, мурожаатномалари Президент Шавкат Мирзиёев эътиборига етказилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев Улуғнор туманида Андижон вилояти фаоллари иштирокида 2018 йил 19 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида: «Ҳамма нотўғри кетганларни қайтараман.... Телевизорда кўряпсиз, қайтаряпман. Мен биламан нима учун, улар бир-икки атрофдагиларга ёқмаган, порасини бермагани учун ҳайдалган», деб таъкидлаган эди.

Ҳозирда собиқ ректор Хидирназар Аллақулов Президент ташаббуси билан унга нисбатан адолат узил-кесил қарор топишига ишонмоқда.


Зафарбек Солижонов

Kun.uz журналисти

Манбаа: «Kun.uz»

Report Page