...

...


Протоплазмаси тузларни ўтказувчанлиги бўйича алоҳида эътиборга эга бўлиб, улардаги осмотик босимни ташкил қилади. Аммо бу тузларни ўсимликлар органларида тўпламайди, балки махсус безчалар ёрдамида сув билан ташқи муҳитта чиқаради. Буларга кермек ва жийда ўсимликларини мисол қилиб олсак бўлади Қуруқ ҳавода бу ўсимликлар барги туз билан қопланса, сўнгра шамол уларни учириб кетади.

3- гуруҳдаги ўсимликлар илдиз системаси тузларни оз ўтказиш хоссасига эга бўлиб, тузлар ўсимликларда тўпланмайди. Юқори осмотик босим, етарли сув билан таъминланишни ташкил қилса-да, асосан органик моддалар ва қандлар ҳисобига кучли тупроқ эритмасидаги сувдан фойдаланади. Буларга турли шувоқ ўсимликларини мисол қилиб олсак бўлади.

Тузлар таъсирида ўсимликлар тўқималарида нафас олиш жараёнлари жадаллашиб фотосинтез сусаяди, оқсилларнинг парчаланишидан ҳосил бўлган (NН3) аммиак ўсимликлар учун зарарли ҳисобланади.

Ғўзанинг ўсиши ва ривожланишига тупроқдаги тузларнинг таъсирини қуйидаги расмдан кўриш мумкин.

Ўсимликларнинг шўрга чидамлилигини ошириш учун шўр тупроқли ерларда ўсадиган ўсимликлар уруғидан шўрга чидамли навларни яратишда фойдаланилади. Бунда ўсимликлар онтогенезида шўрга мослашиш натижасида ҳосилдорлик ортганлиги кузатилган. Иккинчидан, тупроқ шўрини йўқотишда экин майдонларидаги тузларни ювиш учун дренаж ва зовурлар қазиш, яъни экин экиладиган майдонларнинг мелиорация ҳолатини яхшилаш зарур.

Учинчидан, экин майдонларига макро ва микроэлементларга бой минерал ва органик ўғитлар солиш даркор. Тўртинчидан, П.А.Генкель ва И.В.Цветковалар ўсимликларнинг шўрга чидамлилигини ошириш учун уруғни 3 ва 6% ли NaCl эритмасида бир соат сақлаб, 1,5 соат давомида сувда ивитиб шўр ерга экиш афзаллигини асослаб бердилар.

 

Ўсимликларнинг иссиққа ва қурғоқчиликка чидамлилиги

 

Узоқ вақт ёғин бўлмаслиги, ҳароратнинг юқорилиги ҳавонинг нисбий намлиги пасайиши натижасида юз берадиган қурғоқчилик икки турга бўлинади.

1. Атмосфера қурғоқчилиги.

2. Тупроқ қурғоқчилиги.

Атмосфера қурғоқчилиги нисбий намликнинг (10-20%) пасайиши, ҳавонинг қуруқ келиши ва ҳароратнинг кўтарилишига боғлиқ. Иссиқ шамол-гармсел эсганда, вужудга келадиган қурғоқчилик ўсимликлар учун жуда хавфли бўлади. Гармсел вақтида, тупроқда сув бўлишига қарамай, ўсимликларнинг ер усти органларидаги сув кўплаб буғланиб кетиши натижасида улар нобуд бўлиши кузатилади.

Тупроқ қурғоқчилиги узоқ вақт ёғингарчилик бўлмаслиги натижасида юзага келади. Транспирация ва тупроқ юзасидаги сувнинг парчаланиши натижасида тупроқ қуриб қолади. Бунда тупроқдаги намлик заҳираси камайиб, сўлиш коэффициентидан пастга тушиб кетади. Кўпинча тупроқ қурғоқчилиги қишда қор кам ёққанда, ёмғир кам бўлиб, ҳарорат юқори бўлганда кузатилади.

Қурғоқчилик қисқа ва узоқ муддатли бўлиши мумкин. Узоқ муддатли қурғоқчиликда ўсимликларда сув алмашинуви бузилиб, ҳосилдорлик пасайиб кетиши, баъзан эса ўсимликлар нобуд бўлиши кузатилади. +исқа муддатли қурғоқчилик ҳам ўсимликларга салбий таъсир этиши мумкин, айниқса тупроқдаги сув миқдори камайиб кетса. Бу вақтда ўсимликлар танасига сув оз киради, натижада ўсимлик қизиши туфайли қуриб қолиши мумкин. +урғоқчиликда доннинг жуда майда бўлиши, ҳосилдорлик пасайиши кузатилган. Қурғоқчилик асосан саҳро, чўл ва даштларда содир бўлиб, ҳосилдорликка катта зарар етказиши мумкин. +урғоқчиликда, сув танқислиги вақтида фотосинтез сусайиб, нафас олиш жадаллашади, бу жараёнда асосан заҳирадаги озиқ моддалар иштирок этади. Бундай ҳолатда ҳосилдорлик пасайиши кузатилади. Қурғоқчиликка чидамли ўсимликларда сув танқислигида ва юқори ҳароратда ҳам протоплазманинг осмотик, коллоид хоссалари камроқ бузилиши мумкин.

Қурғоқчиликдан муваффиқиятли ўтиш учун ўсимликлар протоплазмасининг осмотик босими ва физик-кимёвий хоссаларидан ташқари, анатомик ва морфологик хоссаларининг аҳамияти ҳам алоҳида эътиборга олиш керак; бунда илдиз системасининг ривожланиши, барг юзасининг катталиги, устьица (лабча)ларнинг хусусиятлари ва бошқа комплекс хусусиятларини ҳисобга олиш керак.

Қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар ксерофитлар дейилади. Ксерофитларга суккулентлар, яъни пояси юмшоқ бўлиб, барглари бўлмайдиган, ассимиляция функциясини йўқотиши натижасида тиканга айланган ўсимликлар киради (масалан, кактуслар). Кактуслар ўзида кўп заҳира сув тутиб, уни жуда секин ишлатади. Уларнинг илдиз системаси тупроқ юзасида жойлашади, чунки ёмғир сувларини тезда ўзлаштириб пояга узатади. Кактусларнинг эпидермисида қалин кутикула қавати ва ҳамиша берк оғизчалар бўлиб, юқори ҳароратда ҳам улар жуда оз сув сарфлайди. Уларда СО2 гази ассимиляцияси жуда суст боради, ўсимлик жуда суст ўсади. Протоплазмаси жуда юқори ёпишқоқлиги билан ажралиб туради ва юқори ҳароратга (+650С га) чидайди.

П.А.Генкель ксерофитларни икки гуруҳга бўлишни тавсия қилади. 1. Ҳақиқий ксерофитлар, иссиққа чидамлилиги билан фарқ қилади, транспирация жадаллиги паст бўлиб, осмотик босими юқори, сувсиз ҳолатга яхши чидайди. Уларнинг илдиз системаси 50-60 см чуқурликда, кучли шохланган бўлади. Бундай ўсимликларга шувоқ, маврак, семизоклар киради. +аттиқ қурғоқчиликда шувоқ барглари тўкилиши мумкин.

2. Чала ксерофитлар, юқори транспирация хусусияти билан фарқ қилади, иссиққа чидамлилиги паст бўлиб, узоқ муддат сувсизликка чидамайди ва илдиз системаси сизот сувларгача етиб боради. Протоплазмасининг эластиклиги ва ёпишқоқлиги кучсиз бўлиб, осмотик босими юқори бўлганлиги сабабли уларнинг сўриш кучи юқори бўлади. Бундай ўсимликларга чўл бедаси, маврак, шувоқнинг баъзи турлари киради. Буларнинг барги нафис бўлиб, узиб олиш билан сўлийди, кун иссиқ пайтларда уларнинг оғизчалари катта очиқ бўлиб, кўп миқдорда сув буғлатади, ҳамда тезда ўзлаштириб олади. Кучли транспирация ҳисобига барглар ҳарорати пасайиб туради. Уларнинг илдиз системаси 15-20 м чуқурликкача кириб бориши мумкин. Чала ксерофитларнинг барги тукчалар билан қопланган бўлиб, тукчалари транспирация интенсивлигини пасайтиради, чунки сув буғлари тукчаларда қолиб кетади.

Ҳақиқий ксерофитлардан ташқари, даштларда учрайдиган сохта ксерофитлар – эфемерлар ва эфемероидлар учрайди. Улар қурғоқчиликкача вегетация даврини (1-2 ой) ўтиб бўлади. Уларнинг ҳаёт фаолияти намлик яхши бўлган баҳор, фаслига тўғри келади, йилнинг қолган фаслларида уруғ ҳолида ҳаёт кечиради (эфемерлар). Булар хусусиятига кўра мезофитларга яқин. Гигрофитлар сув билан тўхтовсиз таъминланган жойларда яшайди. Булар сув омборлари ва тропик ўрмонларда намга тўйинган жойларда яшайди. Гигрофитлар ва ксерофитлар оралиғидаги ўсимликларга мезофитлар киради. Мезофитларга кўпгина ўсимликлар кириб, улар мўътадил иқлимда ва мўтаъдил намликда яшайди. Улар орасида қурғоқчиликка чидамлилари ва чидамсизлари бор. 

Ўсимликларнинг қурғоқчиликка чидамлилиги эркин сувнинг камайиши ва бириккан сувнинг кўпайишига боғлиқ, уларда оғизчадан ташқари, транспирацияни бошқариш ва гидрофил коллоидлар ҳисобига амалга ошади, шунинг ҳисобига сувни сақлаб қолади. Иссиққа чидамлилик деганда, дуб каби ўсимликларнинг юқори ҳароратга муносабати тушунилади. Юқори ҳароратда ўсимликларнинг нобуд бўлишига сабаб, ҳосил бўлган NH3 нинг заҳарлаш хоссаси бўлса керак, улар оқсиллар ва аминокислоталарнинг парчаланишидан ҳосил бўлади. Иссиққа чидамли ўсимликлар тўқималарида органик кислоталар синтези кучайиб, улар аммиакни ўзига бириктириб зарарсизлантиради. қурғоқчиликка қарши курашнинг асосий йўли – агротехникани тўғри ташкил қилиш ва тупроқдаги сувни сақлай билишдан иборат. Тупроқ структурасининг ҳолатини сақлаш ҳам катта аҳамиятга эга. Иссиққа чидамли навларни етиштириш ҳам асосий омиллардан биридир.

Олимлар тарафидан иссиққа чидамлиликни ошириш учун ўсимликлар уруғини чиниқтиришни тавсия қилган. Бунинг учун буғдой уруғи 40-45% сув билан, кунгабоқар уруғи 60% қуруқ модда ҳисобига сув билан бўктирилган, сувни бир неча бўлаклаб берилган. Уруғларни намлаб 1-2 сутка давомида сақланган ва сўнгра қуритилган. Бунинг натижасида уруғлар чиниққан, ҳосилдорлик ортган, иссиққа чидамлилик ҳам кучайган.

Иссиққа чидамли ўсимликларнинг нафас олишида углеводлар тўла парчаланмаслиги натижасида органик кислоталар тўпланиши кузатилган. Органик кислоталар аммиак билан реакцияга киришиб, аспарагин ва глутамин амидларини ҳосил қилади. Натижада ҳосил бўлган аммиак зарарсизлантириб реакцияга киришиб кетади.  

Report Page