...

...

AGROBLOGER

Меҳнаткаш ўзбек аёлининг рамзи бўлмиш Лола Муротовани танимаган, билмаган, кўрмаган кимсанинг ўзи топилмаса керак. Қаҳрамон фермер билан бепоён далада бир пиёла чой устида дилдан суҳбатлашишни кўнгилга тугдик.

«Лола опа анча инжиқ, даладаги юмушим қолиб кетади», – деб вақтдан қизғаниб, журналистларнинг саволларига тўлиқ жавоб бермайди, деган гаплар ортидан ҳар эҳтимолга қарши бунга ўзимни руҳан тайёрлаб йўлга чиқдим...

Олтиариқ марказига келиб, ундан Марказий Фарғона чўллари ҳудудида жойлашган Белариқ қишлоғидаги Лола опанинг «Нурли обод» фермер хўжалигигача хийла йўл босилди. Ўнг томон теракзор, чап томонда зовур ёқалаб тут дарахти экилган. Чор-атроф бепоён дала...

Ниҳоят Лола опа манзил қилган «Нурли обод»га етиб келдик. Ажойиб манзара!


Фермер хўжалигининг шундоққина ёнидан ариқ ўтган. Ариқ тепасида улкан тол дарахти кўкка бўй чўзиб турибди. Шийпон ичида сўри. Деворда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» ёзуви билан Лола опанинг катта сурати осиб қўйилган, бошқа томонда эса қаҳрамоннинг отаси билан тушган сурати кўзга ташланди...


Бироздан кейин бошига ҳар доимгидек оддий оқ рўмол ўраган, самимий, салобатли, ғайратли Лола опанинг ўзи илиқ кутиб олди ва салом-аликдан сўнг, сўрига таклиф қилди. Дуодан сўнг ҳовлида куймаланиб юрган аёл чой дамлаб чиқиб, иккимизга бирма-бир пиёла узатди...


Лола опа миш-мишларга терс ўлароқ, инжиқ эмас экан. Самимият ва мулойимлик билан саволларга жавоб қайтара бошлади. Узоқ ўтмишдаги ширин хотиралари уйғониб кетди чоғи, энди уни гапдан сира тўхтатиб бўлмасди:

Деҳқончилик соҳасига қизиқиш қандай уйғонган?

«Деҳқончиликка қизиқишим болалигимдан бошланган. Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларим биз яшаб турган қишлоқда колхоз даласида пахта етиштириларди. Тушлик пайти соат 2 гача мактабда ўқиб, уйга бориб қоринни тўқлаб, далага кетардик.

Онамиз бу пайтда далада бўларди. Онамизга талпиниб, уларга ёрдам берайлик, деб унинг ёнига далага борар эдим. Онамизга ғўзалар атрофини ёввойи ўтлардан тозалаш учун ёрдам берардим. Маҳалламиздаги қўни-қўшни аёллар, момоларнинг далада қилган ишини кўриб қизиқиб, уларга ёрдам бергимиз келарди.

Далага бўлган меҳр ота-онамдан ўтган. Уларнинг ҳаёт йўли колхоз билан чамбарчас боғлиқ эди. Отам тракторчи, механик, кейин эса инженер бўлиб ишлаган. 1941–1945 йилгача урушда иштирок этган. Урушдан қайтиб келган отам қишлоқда механик, инженер вазифасини давом эттирди.

Ёшлигимданоқ колхоз гаражига келиб, бу ерда қилинаётган ишларини қизиқиб томоша қилиб ўтирардим. Ҳамон ўша дамлар кўз ўнгимда гавдаланади. Отамнинг шериклари гаражда машина ремонт қилган пайтда ёнига фартук тутиб олишарди, фартуклари ёғ бўлганидан қуёш нурида ялтираб туриши ҳали-ҳануз кўз ўнгимда. Саратонда 40–45 даража иссиқда отамнинг ҳамкасби Холиқ тоға Аҳмадалиев темирни ўтда қиздириб, кувалдада уриб, ғўзага ишлов берадиган култивация тракторларига мосламалар ясаб берарди. Уларнинг қилиб турган ишларини кузатиб туриб, ўзим аёл киши бўлсам-да, тўғриси, уларга ҳавас қилар эдим.

 Ёшлигида кимларга ҳавас қилган?

Республикадан чиққан Турсуной Охунова, туманимиздаги Раъно Каримова, Хола опа, Тожи опа, Мамлакат опа исмли механизаторимиз бор эди. Мактабда ўқиб юрганимизда «Саодат», «Гулистон», «Шарқ юлдузи» журналида уларнинг суратини кўриб, шу аёлларга ўхшаб механизатор бўламан, қишлоқ аёлларининг оғирини енгил қилиб, машинада пахта тераман, деб астойдил ният қилганман. Худога шукур, орзуларим амалга ошган. Яхши ният қилсангиз, муродингизга етар экансиз.

Севган касби

Ишни ота касб — механизаторликдан бошлаганман. Бу менга отамдан юққан деб биламан. Раҳматли отам менга иш ўргатган. Ўша пайтдаёқ қишлоғимизнинг катта-ю кичиги аёл киши бўлсам ҳам далага бўлган иштиёқим баланд эканини жуда яхши англарди.

У пайтлардаги тракторнинг кабинаси бўлмас эди. У томонда бир қанот, бу томонингизда бир қанот, ўртада битта рул. Ана шундай тракторларда ғўзаларга ишлов берганмиз.

Мактабни битирганимдан кейин туманимиздаги 82-ҳунар-техника билим юртига механизаторлик ва чеварчилик курсига ҳужжат топширдим. Чунки механизаторлик курсини битирмаганларга трактор беришмас эди. Ҳозирги Катпут қишлоғида жойлашган Москва колхозидаги билим юртида бир йил таҳсил олиб, 18-группага староста бўлганман. Москва колхозининг ҳамма даласини билардим. Чунки амалиётга далаларга чиқар эдик. Ерни қандай шудгорлаш, текислаш, чигит экишга тайёрлаш буларнинг барчасини қилиб кўрганмиз амалиётда. Ўша ердаги механизаторларга шогирдликка тушиб, улардан кўп нарсаларни ўрганганмиз. Механизаторлар, бригада бошлиқларига шогирдликка тушиб далада чиниққанмиз.

Ғўза экиш усулларини ўқувчилик пайтиданоқ яхши ўзлаштирганман. Ўз касбингизни севмасангиз, унга меҳр қўймасангиз бўлмайди. Деҳқончиликда ҳам ерга меҳр бермасангиз, бир нарса ололмайсиз.

 Касбга ва ерга меҳр қўйиш

Оилада ота-онангизга, фарзандларингизга қандай меҳр берсангиз ерга ҳам худди шундай меҳр бериш керак. Фарзандингизга берган меҳрни ерга ҳам берсангиз, ғўза бўладими, буғдойми ёки бошқа экинларми, албатта, сиз кутган ҳосилни оласиз, даромадингизни ҳам беради. Ер ўз саховатини ҳеч қачон аямайди.

Ота-онамиз ортидан эргашиб ерга меҳр берган эканмиз. Бугунги кунда Президентимиз ва элимиз эъзозидамиз. Бундай эътибор ва эътирофларнинг чеки йўқ. Яратганга беҳисоб шукур. Инсон ўз олдига катта мақсадлар қўйиб яшаши керак. Биздан кейин келажак авлод шу даврда мана шундай кишилар яшаб ўтган экан, деб фахрланиб юришсин.

 Пахтачиликни ривожлантириш йўлида чекилган заҳматлар

Мана, бу йил қишлоқ хўжалик соҳасида фаолият бошлаганимга 43 йил бўлди. Биз тайёр ерга келмаганмиз. У маҳаллари далалар ҳозиргидек унумдор бўлмаган. Далалар қумлоқ ер бўларди. Ўша ерларни ўзлаштиришда иштирок этганман. Булдозерларда қумларни олиб чиқиб ташлаб, ерларни текислаб жой тайёрлаганмиз. У пайтларда дала шийпонлари бўлмаган. Битта бригадада 30–40 нафар аёл ишлар эди.

Ўз боласи билан далага келган оналар фарзандини беланчакка белидан боғлаб қўйиб, далага кириб кетишар эди. Брезент палаткалар тикилар эди. Шамолда қум аралаш брезентларни шамол учириб кетарди. Қулоқ ва кўзларимизга қум тўлганидан йиғлаб юборган пайтларим кўп бўлган.

Эртаси куни далама-дала юриб, ҳисоб-китоб қилиб чиқар эдим. 182 гектар пахтани шамол қуритиб кетган. Бир куни саҳар 5 яримда қуриган пахта ёнида йиғлаб ўтирсам, туман партия қўмитаси котиби Усмонжон Бегматов ёнимга келиб, «қизим нега йиғлаяпсан», деб қолди. 182 гектар ердаги пахтани шамол нобуд қилди дедим. «Эртага давлатга пахта режасини қандай топшираман?» — деб яна йиғладим .Бегматов «Нима қилиш керак?» – деб сўради. «Битта мен билан нима ўзгаради. Мени қумга олиб келиб қўйганингиз билан. Аввало, ишчиларга шароит қилиб беринг, брезент палаткалар эмас, ҳар бир бригада учун дала шийпон қуриб берсангиз кейин меҳнат унумдорлиги бўлади», — дедим. У шийпон қилиб беришга ваъда берди. Ваъдасининг устидан чиқди ҳам...

Аёл киши учун бу касб мураккаб эмасми?

Бошқа касбларга қараганда қишлоқ хўжалиги соҳаси аёл киши учун ниҳоятда мураккаб касб. Юракдан бу ишга меҳр бермасангиз қийналасиз. Туғма қизиқиш бўлиш керак. Ота-онамнинг колхозда қилиб юрган ишларини кўриб юриб, қизиққаним учун ўзим билмаган ҳолда деҳқончиликка кириб кетдим. Инсон ўз касбига меҳр қўйса ҳар қандай машаққатни енгиб ўтади. Машаққатсиз касбнинг ўзи йўқ бу оламда. Усиз бир нарсага эришиш қийин. Сабр-матонат билан меҳнат қилсангиз, Яратганнинг ўзи сизни қўллайди. Ўз ҳаётимда бунга амин бўлдим.

Ишни механизаторликдан бошлаган бўлсам, механизаторлик қилиб ғўзапоя орасида юрдим. Машинада пахта тердим. 130 тоннагача пахта терган кунларим бўлган. Бу албатта аёл киши учун жуда оғир, машаққатли. Лекин ишингизга меҳр қўйсангиз, машаққатларни ҳам енгиб ўтар экансиз. Мен ўша пайтда пахта терган далаларнинг кўпи ҳозир қишлоқ бўлиб кетган.

1991 йилдан кейин аҳолига яшаш учун томорқа берилиши муносабати билан янги қишлоқлар пайдо бўлди. Дала ўрнида пайдо бўлган қишлоқда яшовчилар ҳозиргача мени кўришганда «Лола опа, шу ерларда пахта териб юргансиз-а?» – деб гапиришади. Ўша пайтларда ҳам газеталарда чиққанмиз. 32 нафар ёш йигит-қизлардан ишчи қилиб, 56 гектарда иш бошлаганмиз. Ерларнинг унумдорлигини оширганмиз.

Шамолда учган ғўзалар...

Ҳозир биз ўтирган жой жамоа хўжалигининг 5-бўлими бўлган. Совхоз даврида бўлим 18 йил режани бажара олмаган жой эди. Мени атай жўнатишган бу ерга. «Сен борсанг, ерни ўнглайсан», – дейишган ўшанда. Келиб, ерни кўриб, бошида мен ҳам қўрққанман. Ернинг ҳолати ўта абгор эди. Ўзлаштирилмаган ерлар экан.

Келсам булдозер ишлаб турган экан. Булдозерчини ёнига борсам: «Бу ерга бекор келибсан, бу ернинг шамоли ёмон, экинингни учириб кетади, ҳосил ола олмайсан, манаман деган эркаклар бу ерни ўнглай олмай қочиб кетган, сен аёл бошинг билан эплай олармикансан, бу ердаги офатни кўриб жуда борса, 3 ойча ишлайсан, кейин қочиб кетасан»,— деди.

Яратгандан ишимга унум беришини сўраб астойдил ишга киришдим. Шамолга қўшилиб мен ҳам учиб кетармикинман, деган хаёллар ҳам ўтди. Яратганга шукур, энг аввало, ишчиларнинг шароитларини ўнглаб бердим. Механизаторларни тўплаб гаплашиб олдик. Ишчилар билан ҳамжиҳатликда 6 та бригада бошлиғи сайладик. Бригадирларимиздан Ҳаёт ака Зокиров ҳозир ҳам ҳаёт. Ёши 100 га қараб кетяпти. Сувчи Эргаш ака Каримов ёшлари 90 да. У ҳам ҳаёт. Улар билан ота-боладек тил топишиб ишлаганмиз.

Халқ ўзи шундай ишга ёпишдики, қумларни ўзлаштириб, ерларни экинга тайёрладик. Бунгача 2 йил қийналдик. Шамол ҳисобига режамизни 98 фоизга бажарадиган бўлдик. 2 фоиз етмагани менга шунақанги алам қилади. Туман партия котиби ҳам «диққат бўлмагин», деб юпатди. Шамол 3 мартадан ғўзани учириб кетган. Қайта-қайта экаверганмиз. Охири экинни шамол учириб кетмаслигининг йўлини ўйлаб топдик. Ерга жавдар (рожь) экиб, уни баҳоргача парвариш қилиб, шунинг ўзига 250 кг карбамид сочиб чиринди қилиб, ўзига ёпдик. Ёпганимизда кўк масса шамол учиришини олдини олар экан.

Қаҳрамонлик масъулияти

Ўзбекистон Қаҳрамони бўлишнинг жуда катта масъулияти бор. Қайси касб эгаси бўлишдан қатъи назар инсон фидойи, ватанпарвар, ҳалол бўлиши керак. Қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда, бор билим ва имкониятларни ишга солиб йилдан йилга шартнома режаларимизни бажаришга киришдик. Қанча кўп маҳсулот етиштирсак, даромадимиз ҳам яхши бўлади. Қўлимизни қаерга узатсак етади. Умуман ерга маблағни аямайман. Катта-катта пул сарфлайман. Фермер хўжалигига техника, ёқилғи оласизми, қўл остингизда меҳнат қилаётган ишчилар маошини ўз вақтида бериб бориш керак. Моддий манфаатдорлик бўлмаса, ишда унум бўлмайди. Ишчиларнинг ҳам ўз оиласи, бола-чақаси бор. Улар ҳам ҳаётдан рози бўлиб, яхши яшаши керак.

Ўзбекистон Қаҳрамони унвони берилишини сира ҳам кутмаган эдим. Ўша куни ҳам дала ичида юрган эдим. Сентябр ойи .Пахталар қийғос очилган пайт. Шу пайт телефоним жиринглаб қолди. Телефонни олсам гимназия директори Ҳамиджон Раҳимов экан. «Лола опа, қаердасиз?» — деб сўраб қолди. Унинг гапидан кулиб: «Қаерда бўлардим, даланинг ичидаман-да», дедим.

Ҳамиджон кейин ҳаяжонини яшира олмай, «Опа, Президентимиз сизга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвонини берди. Тезда даладан шийпонингизга етиб келинг», — деди. Даладан чиқиб шийпонга етиб келиб ўзимни тўхтата олмай, йиғлаб юбордим... Қани энди, шу кунларимни оқ ювиб, оқ тараб, ўқитиб, ватанпарвар, фидойи қилиб тарбиялаган ота-онам кўрса эди, — деган ўй таъсирида кўзимдан дув-дув қувонч кўз ёшлари тўкиларди.

Президентимизга раҳмат. Улар бош вазирликларида далада олиб борган ишларимизни ўз кўзи билан кўрган. Менимча, ўшанда юрагига тугиб қўйган эканми, сира кутмаган эдим Ўзбекистон Қаҳрамони бўламан деб. Яратганга шукур қанча машаққатларни бошимиздан ўтказдик. Бугунги кунда энди роҳатини кўряпмиз. Қишлоқ хўжалиги соҳасига кирибманки, бирор марта ерни ёмон кўрмаганман. Ернинг ёмони бўлмайди, деб доим айтиб келаман.

«Нурли обод» фермер хўжалигида ҳозирда 127 нафар ишчи-ходим ишлайди. Деҳқончиликдан ташқари, 100 бош қўй, 20 бош қорамол парвариш қилиб келяпмиз...»

Суҳбатимиз қизигандан қизиб, вақт қандай ўтганини билмай қолдим. Лола опа болаликка қайтиб, гоҳ ёшлик чоғидаги ажиб дамларни, гоҳ бугунги замон шарт-шароитларини жўшиб гапирарди.

Лола опанинг президент билан қилган мулоқотлари тасвирланган лавҳаларни биргалашиб томоша қилдик. У трактор ҳайдаётган, қийғос очилган пахта пайкалларида юрган кадрларни кўриб севинганидан қиқирлаб куларди.

Лола опа билан суҳбатлашиб унинг ҳақиқатан ҳам юрт, миллатнинг асл қаҳрамони эканига яна бир карра амин бўлдик. Унинг даладан ўзга дарди йўқ аёл эканини ич-ичимиздан ҳис қилдик...


Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

kun.uz

@AGROBLOGER канали


Report Page