Ҳужра очганди...

Ҳужра очганди...


Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ходимлари томонидан Жиззах шаҳрининг Қалия маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, ўрта махсус маълумотга эга бўлган Г.М. ўз турар жойида бир қанча фуқароларга диний сабоқ бераётганлиги аниқлангач, аёлнинг уйида тезкор текшириш ўтказилди. Мазкур жараёнда ушбу шахснинг махсус диний маълумотга эга бўлмаса-да 15 нафардан ортиқ  кишига диндан сабоқ бериб келаётгани ўз тасдиғини топди. “Таълим” олаётганларнинг 8 нафари вояга етмаганлардир. Уларнинг энг кичиги 6 ёшда.

         Маълумки, мамлакатимизда диний таълим фақат ўқув муассасаларида мутахассислар томонидан берилади. Шу маънода, Г.М.нинг бундай фаолият билан шуғулланиши қонунга зиддир. Маълумот ўрнида айтиш керак, қалиялик аёл сабоққа жалб қилганларнинг катта қисмини унинг маҳалладошлари ташкил этади. Жиззах шаҳрининг Алишер Навоий, Бобур, Ҳамид Олимжон, «Иттифоқ», «Бунёдкор» маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳам ҳужрада “билим” олишган. Аёлнинг шогирдлари орасида муқаддам диний экстремистик оқимлар фаолиятидаги иштироки учун судланган фуқаронинг фарзанди ҳам бор.

         Тезкор текшириш давомида 20 дона диний мазмундаги қўлланмалардан фойдаланилгани аниқланиб, ушбу адабиётларнинг бир қисми далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Қонунан ҳақи бўлмаса-да, диний сабоқ беришни касб қилган Г.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддасига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.     

Алижон АБДУСАТТОРОВ,

“Роstdа” мухбири.

Жиззах вилояти.         


Report Page