Ҳуркак қуёндан шиддатли шерга айландим!

Ҳуркак қуёндан шиддатли шерга айландим!



Таниқли моҳир таржимон Нодирабегимнинг навбатдаги таржима иши – “Шахсий хона” асари тақдимотида қатнашганимдан хурсандман. Тадбирда, асосан, ёшлар кўпроқ бўлгани боис мен ўзимнинг талабалик, гўзал ёшлик йилларимга қайтгандек бўлдим. Бу китобсевар ёшларга қараб ёшликдаги дугоналарим, ўртоқларим, мутолаага берилган кунларим ёдимга тушди.

Тақдимот жуда чиройли ўтди. Атмосфера мусаффо бўлди. Чироқнинг ўчиб қолганини ҳазиломуз тарзда “феминизм кимларгадир ёқмади” деб ҳам айтишди. Менимча, илгари замонда, айниқса, феодализм даврларида яшаган, ичи тўла адабиёт бўлган, лекин ташига чиқаролмаган аёлларнинг руҳи келиб... тадбиримизда қатнашди-ёв...

Аслида, аёллар тўғрисида ёзилган асарлар, барибир, китобхонни ўзига жалб этмай қолмайди. Жумладан, В.Вулфнинг мана шу машҳур асари ҳам. Шуни муҳтарам эркакларимиз билиши жоизки, ҳеч қайси адиба жаҳолатни тарғиб этмайди ва эркакларга қарши ниманидир уқдирмайди ҳам. Аксинча, эркакларнинг аёлларга бўлган салбий қарашларини танқид қилади, холос. Вулфнинг ижодкор аёл учун шахсий хона ва моддият ҳам бирдек бўлиши зарурлиги ҳақидаги гаплари, тушунчалари биз мусулмонларнинг динимиздаям бор гап. Агар аёл ўқийман ёки ишлайман деса, бунга асло монелик қилмаслик, керак бўлса, ҳатто шароит яратиб берилиши лозимлигиям айтиб ўтилган. Халқда “Агар қимматбаҳо тошга ишлов берилмаса, у кўзга кўринмайди, бебаҳолиги билинмайди” деган мақол мавжуд. Бу айнан истеъдодлилар учун айтилган нақлдир. Яна, буюк адиб Чингиз Айтматовнинг доно қарашлари бор: “Идеал аёл деганда мен ҳамиша зиёлилик даражасини биринчи ўринга қўйганман. Ақлий салоҳиятни ҳам”.

Мен Нодирахонга таржима учун ташаккур айтмоқчиман. Таржимонлар бор экан, биз китобхонлар жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўляпмиз. Вулфнинг “Ижодкор аёлнинг шахсий хонаси бўлиши керак” деган гаплари кўпчилик аёлларнинг орзуси, ахир. Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, болалигимда, ота-онам бағрида яшаганимда ўзимнинг ҳудудим, яъни хонам бор эди. У ерда бемалол мутолаа қилардим ва асарчаларимниям ёзардим. Афсуски, турмушга чиққач, на ижод бемалол бўлди, ва на шахсий хона! На қайнонам билан, на турмуш ўртоғим билан қарашларимиз тенг эмасди. Қораламаларимни яширинча, улар кўриб колмасликлари учун шоша-пиша (илҳом деган нарса тўсатдан келиб қоларди-да!) болаларимнинг у-бу бекорчи дафтарига ёзиб, эргинамнинг кўзи тушмайдиган жойга бекитиб қўярдим! Бир марта қайсидир қиссамни берилиб ёзаётиб, унинг келганини пайқамай ҳам қолибман. Бўлди жанжал, (сиркаси сув кўтармайдиган, жанжални пулга сотиб оладиган асабий эди-да) бўлди тўполон! Дафтарни йиртмадику-я, “сенга ёзишни ким қўйибди, аҳмоқ! Бор, ҳожатхонага ташла!” деган буйруқни олдим. Бунақа кунлар кўп бўлгани учун ажралиш тўғрисидаям кўп ўйлардим, ич-ичимдан хўрланиб, ундан нафратланардим. Кейин, менам аксини қилиб ёзишда давом этавердим. Жуда қўймаса, ажралишамиз-да, деган охирги гапимга ёпишиб олдим! Ахир, ижод менинг ҳаётим-ку! Қарасам, на кўчага чиқаман, на давраларга қўшиламан, на ишлайман... ҳеч бири йўқ! Робинзонга ўхшаб ташқи дунёдан тамом узилиб қолганман! Унга, яъни мени тушунмайдиган баджаҳл одамга умримни хайф қиляпман экан! Вақт борида ҳуркак қуёндан шиддатли шерга айландим! Ҳа, турмушнинг муштлари мени илдамликка ундади-да! Бир пайтлар республикамизнинг кўзга кўринган нашрларидан бири бўлган “Оила ва жамият” газетасида бирин-кетин мақолаларим-у ижод намуналарим босила бошлади. Яхшигина гонорарлар ҳам олардим. Буларни кўрган турмуш ўртоғим ўзича мен билан фахрланадиганам бўп қолди. Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига қарашли учта тилда чиқадиган таҳририятга (иқтисодий мавзулар ёритиларди) мақола оборган эдим, “Э, бизга айнан сизга ўхшаган мухбирлар керак!” деб мени дарров ишга таклиф этишди. Довдираб қолдим! Ахир, эргинамнинг шарофати билан уйдан нарига чиқмаган “домохозяйка” бўлсам! Хуллас, менам жамиятга қўшилиб, дунёқарашим янада ўзгариб, одам эканимни, айниқса, аёл эканимни ҳис қила бошладим. Ишда эътибор-обрў топдим, кўплаб зиёли дугоналар, дўстлар орттирдим, ўзимнинг шахсий хонамгаям эга бўлдим. Ишлари ҳадеганда юришмаётган эргинамниям болаларимга қўшиб боқдим, лекин ҳечам таъна қилмадим. Тарбиямиз шунақа! Мана, пенсиягаям чиқдим, китобим чиқсайди деб юргандим, 2021-йили “Қиз қалби” номли қиссам ҳам нашрдан чиқди. Бу мен учун худди фарзандим дунёга келгандек катта бахт бўлди, албатта.  

Аёл ижодкор учун, Вулф айтганидек, шахсий хонаям, пул ҳам, тинчлик-хотиржамлик ҳам жуда муҳим эканлигини мен ўз ҳаётим мисолида кўрдим! Барча ижодкор аёлларга равон ижод йўлиям, фаровон рўзғор-турмуш йўлиям насиб этсин!

“Шахсий хона” китоби чиройли муқовада, саҳифалари кўзни чарчатмайдиган сарғимтил рангда (бизни давримиздаги каби) чиққани зўр бўлибди! Нодирабегим Иброҳимованинг ижодлари янаям юксалаверсин! Ҳаммага омад!

 

Роҳат ҚУРБОНОВА

 

Report Page