Ҳудудларда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимнинг ишлаш механизми

Ҳудудларда ёшларнинг тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимнинг ишлаш механизми

https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official


Бугун АОКАда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботиров Меҳрож иштирокида ўтказилган брифингда мавзу юзасидан маълумот берилди:

2021 йил 21 апрелда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга мувофиқ:

- ҳудудларда 200 та шаҳар ва туманларда 805,6 гектар майдонда 219 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил қилиниши;

- Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида 100 млн долларлик маблағларга эга бўлган “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” ташкил қилиниши белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 10 майдаги “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низомларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 294-сон қарори билан Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси ҳамда Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисидаги Низомлар тасдиқланди.

Бугунги кунга келиб, ҳудудларда 188 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил этилган.

Мазкур ташкил этилган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”да умумий қиймати 2,7 трлн. сўмлик 1 787 та лойиҳа амалга оширилмоқда ва бунинг натижасида 37 614 та иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Мазкур қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ қуйидаги тартиблар ўрнатилган:


✔️ Биринчидан, Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил қилиш тартиби ўрнатилган.

Ушбу тартибга кўра, ПҚ-5088-сон қарорда келтирилган 219 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарорлари билан ташкил қилинади ва чегараларига ўзгартиришлар киритилади.

Янги ҳудудларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар комплекси билан келишилган ҳолда инфратузилма ўтказиш осон бўлган ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдонларида амалга оширилади.

“Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” фаолиятини бошқариш Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.


✔️ Иккинчидан, Ёшларнинг тадбиркорлик ғоялари асосида бизнес-режа ишлаб чиқиш тартиби ўрнатилган.

Мазкур тартибга мувофиқ, ёш тадбиркорлик субъектлари лойиҳа бизнес-режасини ишлаб чиқиш ва лойиҳани амалга ошириш учун тегишли маслаҳатлар олиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармаларига, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри марказларида ташкил қилинган “Лойиҳалар Фабрикалари”га мурожаат қилади.

Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари ва “Лойиҳалар Фабрикалари” 10 календарь куни ичида тақдим этилган бирламчи лойиҳаолди ҳужжатлари ва таклифлари асосида бепул тайёр лойиҳа бизнес-режасини ишлаб чиқади ва ёш ташаббускорга тақдим қилади.


✔️ Учинчидан, Ёш тадбиркорларнинг лойиҳалари учун ер ажратиш тартиби белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги ПФ-6243-сон Фармонига асосан “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ҳудудидан инвестиция лойиҳасини амалга оширишга ер майдони ажратилиши электрон онлайн-аукцион орқали амалга оширилади.

Шаҳар ва туманларда энг мақбул лойиҳани танлаб олиш ва лойиҳани жойлаштириш учун маълум бир ер майдонини ажратилиши белгиланган ишчи гуруҳнинг хулосаси ер майдонларини электрон онлайн-аукцион савдоларига чиқариш учун асос ҳисобланади.


✔️ Тўртинчидан, Ёш тадбиркорларнинг лойиҳалари учун кредит ажратиш тартиби белгиланган.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги

“Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” маблағлари тижорат банклари орқали ёшларнинг саноат ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари учун ажратилади.

Ёш тадбиркор кредит олиш мақсадида “Лойиҳалар фабрикалари” ёрдамида ёки мустақил равишда ишлаб чиқилган бизнес-режа ва бошқа кредит ҳужжатларни тижорат банкининг ҳудудий бўлинмасига тақдим қилади.

Тижорат банкининг ҳудудий бўлинмаси 10 календарь куни ичида лойиҳа ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, кредит ажратиш ёки ажратмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

Бунда, кредит ажратишда рад этиш сабаблари ёш тадбиркор учун аниқ баён этилган ҳолда ёзма равишда хабар берилади.

Ёш тадбиркор рад этиш сабаблари сифатида кредит ҳужжатларида кўрсатилган камчиликларни бартараф этган ҳолда тижорат банки ҳудудий бўлинмасига қайта киритишга ҳақли.

Тижорат банклари томонидан кредит барча таъсисчиларининг ёши 30 дан ошмаган юридик шахсларга 100 минг доллар эквивалентидан ошмаган миқдорда маблағларни 7 йилгача муддат билан тақдим этилади.

Бунда, Жамғармадан тижорат банкларига молиявий ресурслар миллий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 10 фоиз, хорижий валютадаги кредитлар бўйича йиллик 2 фоиз ставкалари билан тақдим этилади.

Тижорат банклари ёш тадбиркорларга миллий валютадаги кредитларни йиллик 14 фоиз (ўз маржаси миқдорини 4% дан оширмасдан), хорижий валютадаги кредитларни йиллик 3 фоиз (ўз маржаси миқдорини 1% дан оширмасдан) миқдорида 1 йиллик имтиёз даври билан ажратади.

Тижорат банклари ажратилган кредит маблағларининг мақсадли фойдаланилиши ва тўлиқ қайтарилишини доимий мониторинг қилиб боради.

“Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зонаси” ҳудудида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари учун тижорат банклари ёш тадбиркорларга қуйидаги кафилликларни тақдим қилади:

- Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда кафилликлар беради;

- устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан зиёд бўлган суғурта ташкилотлари кредит суммасининг 50 фоизигача миқдорида, бироқ 500 млн сўмдан ошмаган миқдорда, йиллик 2 фоиз ставкасида суғурта полисини тақдим этади.


✔️ Бундан ташқари, ҳаммамиз телеканалларимизда намойиш этилаётган Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Fursat” лойиҳасини ролигини кўриб турибмиз, Ушбу лойиҳа онлайн-платформа тарзида ишлаб турган бўлиб унда ёш тадбиркорлар бизнес-режа ишлаб чиқиш, электрон аукцион орқали ер олиш ҳамда молиявий маблағ олиш бўйича ўз аризаларини тақдим этмоқда. Ҳозирда, ушбу платформа орқали 551 та кредит олиш учун, 69 та электрон аукцион орқали ер олиш учун ва 374 та бизнес режа ишлаб чиқиш учун юборилган аризалар кўриб чиқилиб, тегишли тартибда ишлар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга келиб, “Ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси” томонидан 33 та ёш тадбикркорларга жами 16,0 млрд. сўмлик ва 236,8 минг АҚШ долларлик кредит ресурслари ажратилди.

Report Page