Ҳудудларда пойтахтдан жалб этилган мутахассислар иштирокида 2000 га яқин юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилди
https://t.me/Rasmiy_xabarlar_OfficialБу ҳақда АОКАда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
✔️ Хабарингиз бор, Президентимиз шу йил 18 март куни тиббиёт ходимлари билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда соғлиқни сақлаш тизимида ўз ечимини кутаётган қатор муаммо ва камчиликлар борлиги, шу сабабли аҳоли ушбу соҳадан ҳали тўлиқ рози эмаслигини алоҳида таъкидлади эдилар.
Ўз навбатида, ушбу масалаларни самарали ҳал этиш мақсадида 7 та муҳим йўналиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Ушбу устувор вазифалар, биринчи навбатда, жойларда тиббий хизматни аҳолига янада яқинлаштиришни кўзда тутади.
Бу орқали юртдошларимизнинг шифо масканларида узундан-узоқ навбат кутиб, турли бюрократик тўсиқларга дуч келиб, овораю сарсон бўлишига чек қўйиш ҳамда керак бўлса, шифокорларимизнинг ўзи беморлар ҳузурига бориб, уларнинг саломатлгини тиклаши мақсад қилинган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан, мана, уч ойдирки, жойларда ана шундай халқчил тизимни босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этишга киришилган.
Хусусан, март ойи охиридан бошлаб вазирлик, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларининг етакчи шифокорлари бошчилигида ҳудудларда соғломлаштириш акцияларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Натижада ўтган қисқа даврда Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент ва Бухоро каби қатор вилоятларда ўтказилган шундай соғломлаштириш акцияларида бу механизм синовдан муваффақиятли ўтди.
Бугунги брифинг орқали ушбу эзгу ташаббус ва унинг амалий натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз.
Соғломлаштириш акциялари икки босқичда ташкил этилди. Уларнинг ҳар бирига Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 150 нафардан ортиқ етакчи мутахассислардан иборат гуруҳ жалб этилди.
Биринчи босқичда пойтахтдан келган мутахассислар гуруҳлар кесимида юқорида санаб ўтилган вилоятларнинг ҳар бир шаҳар ва туманига тақсимланиб, жойларда “хонадонбай” тамойили асосида аҳоли саломатлиги, уларни қийнаётган тиббиётга доир муаммоларни ўрганиб, фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзига амал қилиш, касалликлар профилактикаси бўйича тарғибот тадбирларини ўтказди.
Даволанишга муҳтож бўлган аҳоли тоифасининг ҳудудлар кесимидаги рўйхати шакллантирилиб, оғирлик даражаси бўйича таснифланиб, касалликлар баланси яратилди.
Юқори технологик амалиётларга муҳтож бўлган беморлар Давлат тиббий суғуртаси ва тегишли фондлар маблағлари ҳисобидан операцияга тавсия этилди.
Умуман, уч ойга яқин вақт мобайнида акция доирасида 100 минг нафардан зиёд аҳоли қамраб олинган чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ташкил этилди.
Жойлардаги тиббиёт муассасаларида пойтахтдан жалб этилган етакчи мутахассислар иштирокида жами 2000 га яқин юқори технологик операциялар муваффақиятли бажарилди.
Яна бир янгилик шундаки, соғломлаштириш акциялари давомида юртимизда биринчи марта буйрак трансплантацияси туман даражасида амалга оширилди.
Энг муҳими, ана шу юқори технологик операциялар йиллар давомида оғир хасталикдан азият чекаётган ва пойтахтда даволаниш учун имконият тополмаётган юзлаб юртдошларимиз учун айни муддао бўлди.
Соғломлаштириш акцияларининг яна бир ўзига хос томони, уларнинг доирасида ҳудудларда Соғлиқни сақлаш вазири ва вазир ўринбосарлари бошчилигида сайёр тиббий қабуллар ўтказилгани бўлди.
Қабул давомида вазирлик раҳбарияти аҳоли мурожаатларини тинглаб, уларнинг муаммоли масалаларини жойида ҳал этиш чораларини кўрди. Мураккаб жарроҳлик амалиётлари талаб этиладиган, бироқ даволанишга имкони йўқ бир гуруҳ беморларга эса шу ернинг ўзида ордерлар расмийлаштирилди.
Шунингдек, муҳтож фуқароларга эҳтиёжига кўра, ногиронлик аравачалари, тиббиёт ва дори-дармон воситалари бепул тақдим этилди.
Беморлар билан мулоқотда уларнинг саломатлигини тиклаш билан боғлиқ муаммоли масалаларига жойида ечим топиш юзасидан соҳа мутасаддиларига тегишли топшириқ ҳамда кўрсатмалар берилди.
Муҳими, сайёр тиббий қабул иштирокчилари дард билан келиб, қувонч ва ишонч билан уйига қайтди. Бу хайрли тадбир юзлаб беморларга қайта ҳаёт, минглаб қалбларга умид ва ишонч бағишлади.
Соғломлаштириш акциясининг иккинчи босқичида вазирликнинг махсус гуруҳи томонидан янги оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокор пунктларини ташкил этиш, зарур ҳудудларда контейнер шаклидаги тиббий пунктлар фаолиятини йўлга қўйиш, тез тиббий ёрдам хизматини мақбуллаштириш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланди.
Aйни пайтда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан бошланган соғломлаштириш акциясини юртимизнинг қолган ҳудудларида ҳам навбати билан ўтказиш режалаштирилган.