Ҳудудий Кенгаш йиғилиши тиббиёт соҳасидаги коррупция ва порахўрликка барҳам бериш масалаларига бағишланди

Ҳудудий Кенгаш йиғилиши тиббиёт соҳасидаги коррупция ва порахўрликка барҳам бериш масалаларига бағишланди

Buxoro.uz

Бугун, 15 февраль куни Бухоро вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Бухоро вилоятида коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини жорий этиш, хусусан, соғлиқни сақлаш соҳасида коррупциянинг олдини олишга борасида амалга оширилган ишларни муҳокама қилиш ҳамда истиқболдаги вазифаларни белгилашга бағишланган йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбарияти, Олий Мажлис Сенати Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Коррупцияга қарши курашиш бўйича вилоят ҳудудий кенгаши аъзолари, сектор раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бошқарма бошлиқлари, коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Танқидий руҳда кечган йиғилишни вилоят ҳокими Ботир Зарипов кириш сўзи билан очди ва бошқариб борди.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимини коррупциядан ҳоли соҳага айлантириш, коррупциявий ҳолатларга барҳам бериш, тизимга очиқлик ва шаффофлик принципларини жорий қилиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлсада, тизимда коррупцияга қарши кураш бўйича амалий ишлар талаб даражасида эмаслиги, соҳадаги айрим раҳбарлар бу иллатдан ҳалиям халос бўлмагани алоҳида таъкидланди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов, Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаровлар сўзга чиқиб, биргина 2021 йил давомида вилоят тиббиёт муассасаларида ишга олиш билан боғиқ 14 та жиноят содир қилингани, бу даврда соғлиқни сақлаш ходимлари томонидан содир этилган жиноятларнинг қарийб 40 фоизини порахўрлик жиноятлари ташкил қилганлиги ташвишли ҳол эканлиги, сўнгги икки йилда бўш иш ўринларини яшириш билан боғлиқ 33 маротаба қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, айбдор мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилгани ёки ахборот–коммуникация ютуқларидан фойдаланиб, инсон омилини чеклаган ҳолда тиббиёт муассасаларида шаффоф ишга олиш тизими ташкил этилмагани, умуман, соғлиқни сақлаш тизимида “коррупциясиз соҳа” лойиҳасини изчил жорий этиш ҳолати тўғрисида тўхталиб, соҳада коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилдилар.

Йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, тизимда учраётган коррупциявий жиноятлар таҳлили юзасидан вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ахбороти тингланди. Қайд қилинганидек, соҳада аксарият содир этилган жиноятлар ходимларни ишга олиш, вакансияларни беркитиш, штат бирликларини нотўғри тақсимлаш каби ҳолатлар билан боғлиқдир.  

Хусусан, вилоятда соғлиқни сақлаш тизимида сўнгги 2 йилда бўш иш ўринларини яшириш билан боғлиқ 33 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор мансабдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилган. Қолаверса, ахборот коммуникация ютуқларидан фойдаланиб, инсон омилини чеклаган ҳолда тиббиёт муассасаларида шаффоф ишга олиш тизими ташкил этилмаган.   

Йиғилишда тизимда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аскар Баҳроновнинг ҳам ҳисоботи эшитилди.

Эшитув сўнггида шу каби бир қатор жиддий нуқсон ва камчиликлар танқид қилиниб, келгусида уларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб олинди. Жумладан, соғлиқни сақлаш тизими устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу борада вилоят коррупцияга қарши курашиш кенгаши фаоллигини янада ошириш зарурлиги қайд этилди. Шунингдек, ишга қабул қилиш ва лавозимга тайинлаш ва бошқа масалаларда инсон омилини камайтириш, қарорлар қабул қилинишида қонунийликка риоя этиш ва барча жараёнлар устидан прокурор назоратини кучайтириш сингари масалалар ҳам амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифалар қаторидан жой олди.

Йиғилишда Олий Мажлис Сенати аъзоси Абира Ҳусейнова, Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидовлар соғлиқни сақлаш тизимини ҳар қандай иллат ва жиноятдан холи соҳага айлантириш чора-тадбирлари бўйича таклифларини билдиришди.

Бундан ташқари, шу каби таҳлилий, танқидий йиғилишларни, раҳбарлар эшитувини давлат харидлари, қурилиш, давлат хизматига ишга олиш, ер ажратиш, мактабгача таълим ва бошқа соҳаларда ҳам мунтазам равишда ташкил этиб бориш, давлат хизматчилари учун ушбу йўналишда тизимли махсус семинарлар, ўқув дастурлар ташкил этиш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Шундан сўнг Агентлик ишчи гуруҳи аъзолари соғлиқни сақлаш тизимида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасининг ижросини ўрганиш мақсадида бир қатор тиббиёт муассасаларида бўлишди. Хусусан, Бухоро вилояти Болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида коррупция ҳолатларини олдини олиш бўйича кўрилган чоралар, муассасанинг видеокузатув мосламалари, тарғибот воситалари билан таъминланганлиги, пуллик хизмат кўрсатиш тартиби, дори-дармонлар билан таъминланганлик ҳолати каби масалалар ўрганилди ва тиббиёт муассасаларида коррупцияни олдини олиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб берилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати 

Report Page