“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 179 та метан заправканинг 547 таси белгиланган график асосида ишламоқда

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 179 та метан заправканинг 547 таси белгиланган график асосида ишламоқда


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди:

13 декабрь куни электр станциялар орқали 258,6 млн кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилди ва истеъмолчиларга 252,6 млн кВт•соат электр энергияси етказиб берилди.

  Бунинг учун иссиқлик электр станцияларда 45,6 млн кубометр табиий газ, 19,6 минг тонна кўмир, 10,3 минг тонна мазут ёқилган.

  Республика табиий газ истеъмоли 164,1 млн кубометрни ташкил қилган.

  Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни ростлаш мақсадида Тошкент шаҳри, Самарқанд, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларидаги метан заправкалар фаолиятига қўшимча чекловлар киритилди.

  Ҳозирги вақтда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамиятидан табиий газ олувчи 1 минг 179 та метан заправканинг 547 таси белгиланган график асосида ишламоқда.

  Юзага келган ортиқча талабни қоплаш мақсадида юқорида айтиб ўтилган ҳудудларда автобензин ва дизел ёнилғиси миқдори оширилди. Бунинг учун Бухоро ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводларининг автобензин ишлаб чиқариш қувватлари 3,3 минг тоннадан 4 минг тоннага етказилди ёки ўртача кунлик 700 тонна қўшимча автобензин ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.

  Шунингдек, Россия Федерациясидан импорт асосида олиб келинаётган АИ-92 К5 русумидаги автобензин ҳажми оширилди.

  Бу билан ички бозорда биржа савдоларига чиқариладиган автобензин миқдори кўпайтирилишига эришилди.

  Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаларига (метан заправкалар) 4,9 млн кубометр табиий газ ҳамда 700 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди. Шунингдек, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун биржа савдоларига 3 минг 210 тонна автобензин, 20 минг 496 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 3 минг 210 тонна автобензин ҳамда 18 минг 738 тонна дизель ёнилғиси сотилган.

  Корхоналарда қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда штаблар тузилган, 24 соатлик навбатчилик давом этмоқда.

  Совуқ ҳаво ҳарорати туфайли қувурларда газ босимининг пасайиши натижасида Сирдарё ва Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияларидаги 2 та энергоблок қисқа муддатга тўхтатилди.

  Натижада электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламалар кескин ортди.

  Юклама ортиши боис ҳудудлардаги электр тармоқларида юзага келиши мумкин бўлган носозликларнинг олдини олиш мақсадида фақатгина сутканинг тиғиз вақтларида қисқа муддатли чекловлар киритилмоқда.

  Газ босими барқарорлашиши билан энергоблоклар ишга туширилади ва истеъмолчиларга электр энергияси барқарор етказиб берилиши таъминланади.

  Шу билан бирга, республика ҳудудлари бўйлаб электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келган носозликлар бартараф этиб борилмоқда.

  Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларда юзага келган 24 та, газ таъминотида юзага келган 19 та носозлик бартараф этилди.

  Мазкур жараён қизғин давом этмоқда ва мисол тариқасида қуйидагиларни келтирмоқчиман.

  Соат 20:02 да “Турманов” фидери 0,4 МВт қувват билан авариявий ўчиб, Сергели тумани, Номданак маҳалласи истеъмолчилари электр таъминотидан узилган. Ҳозирги вақтда таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

14 декабр куни соат 06:30 да “Зиёкор” фидери 1,2 МВт қувват билан авариявий ўчган. Натижада, Сергели тумани истеъмолчилари электр таъминотидан узилган. Ҳозирги вақт бу ерда ҳам махсус бригада томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

  Соат 06:30 да “Ухум” фидери 2 МВт қувват билан авариявий ўчган. Натижада Жиззах вилоятининг Фориш тумани истеъмолчилари электр таъминотидан узилган. Ҳозирги вақтда махсус бригада томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

  Айни шу вақтда “Боғдон” фидери 1 МВт қувват билан авариявий ўчиши натижасида Фориш туманидаги яна 375 та истеъмолчи электр таъминотидан узилган. Айни паайтда бу ерда ҳам махсус бригада томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

  Таъминотдаги узилишлар бўйича Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига электр қурилмаларида юзага келаётган носозликлар бўйича истеъмолчилардан келиб тушган 895 та мурожаат махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

Табиий ва суюлтирилган газ таъминоти бўйича 1027 та мурожаат келиб тушди. Мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тезкор чора-тадбирлар олиб борилди.

  Қишнинг совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида 1 минг 691 та махсус бригада туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни тезкорлик билан бартараф этмоқдалар.

  Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

  Мана шундай совуқ кунларда барчамиз оқилона иш тутишимиз, бизнинг кўзимизга чексиз-чегарасиз ва туганмас бўлиб кўринаётган қадрли энергия ресурсларини асраб-авайлашимиз керак.

  Оддий айтганда, барчамиз ижтимоий масъулиятни ҳис қилайлик. Зеро, бу ҳаммамиз учун манфаатлидир.

  Ҳурматли истеъмолчилар! Электр таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки Фейсбук ижтимоий тармоғидаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.



Report Page