Ҳозирги вақтда республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги 954 млрд. сўмни ташкил этади

Ҳозирги вақтда республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги 954 млрд. сўмни ташкил этади


Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда "Ўзсувтаъминот" АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов маълум қилди.

Жорий йилда аҳолининг марказлашган ичимлик суви таъминоти 74,4 фоиздан 77.2 фоизга ошди. Албатта бу давлатимиз раҳбари ташаббуси билан соҳада олиб борилаётган самарали ислоҳотларнинг натижасидир.

Жорий йил якунига қадар мазкур кўрсаткични 81 фоизга етказиш белгиланган. Бу эса ўз навбатида соҳада кенг кўламли ишлар ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишни тақозо этади. Таъкидлаш жоизки, мазкур ишларни сифат ва самарали амалга ошириш учун истеъмолчиларнинг тўлов ҳамда истеъмол маданиятини яхшилаш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада амалга оширилаётган ишларга қарамай бугунги кунда республикада истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги 954 млрд. сўмни ташкил этмоқда. Шундан жисмоний истеъмолчиларнинг қарздорлиги 767 млрд. сўмни ташкил этса, 186 млрд. сўмлик қарздорлик юридик истеъмолчиларнинг ҳиссасига тўғри келяпти.

Қайд этиш муҳимки, республика бўйича ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан қарздорликни ундириш юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўриш бошланган ва мунтазам давом этяпти. Жумладан, жорий йил январь ойи ҳолатида дебитор қарздорликни қисқартириш бўйича судларга жами  13,6 млрд сўмлик даъво аризалар киритилди.

Республика бўйича судларга энг кўп даъво аризалари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилояти сув таъминоти корхоналари томонидан чиқарилган.

Фурсатдан фойдаланиб, истеъмолчилар ичимлик суви таъминоти ва сув чиқариш хизмати учун ҳар ойнинг 10-санасига қадар 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлашни амалга оширишлари лозимлигини эслатиб ўтамиз.

Тўловларни кабинет.узсув.уз, @узсувбот, тижорат банкларининг кассалари ва мобил иловалари, Пайме, Юпей, Осон, Узум каби электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин.

Шунингдек, ташкилотнинг иқтисодий-ижтимоий салоҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи яна бир ҳолат хусусида айтиб ўтиш жоиз. Бу ичимлик ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ва улардан белгиланган қонун-қоидаларга риоя қилмаган ҳолда фойдаланиш ҳолатлари ҳисобланади.

“Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан жорий йил бошидан буён ўтказилаётган махсс тадбирлар давомида 696 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, жами етказилган зарар 5,5 млрд сўмни ташкил этади.

Шунингдек, 450 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан сув ўлчагичдан фойдаланиш қоидаларига амал қилинмагани натижасида 2,3 млрд сўм зарар етказилгани аниқланди.

Шу ўринда, аҳолидан барчамиз учун бебаҳо ва муқобили бўлмаган сув неъматидан оқилона фойдаланишларини, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймасликларини ҳамда ичимлик ва оқова сув хизматлари учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириб боришларини сўраймиз. Зеро ичимлик суви масаласига нафақат тегишли ташкилот ходимлари балки барча аҳоли вакиллари бирдек даҳлдормиз.

Report Page