Ҳозирги даврда халифа сайлаш мумкинми?

Ҳозирги даврда халифа сайлаш мумкинми?

@solihlar_yoli
@solihlar_yoli

Бугун бу масалани илмий томондан ёритиш керак бўлиб қолди. Чунки далилсиз гапирсангиз ё сизни сиёсатга қараб гапиряпти деб, ёки бўлмаса “сарой мулласи” дея таъна қилишлари аниқ. Аслида бу гаплари билан аҳли илмларни обрўсизлантиришни адашган тоифалар ният қилган бўлади. Ҳолбуки, халифа сайлашни асли уларга кераги йўқ. Мақсадлари умуман бошқа. Асосан бу масалани кўтарган тоифа “Ҳизбут таҳрир” оқимидир. Яна бошқа томондан бу ишни жиҳод билан амалга оширишни “Салафийлар” ҳам даъво қилади. Аммо бу тоифани тузган бошлиқлари ўзлари даъво қилган халифаликни бир қишлоқ тугул, бир маҳаллада ҳам амалга ошира олмадилар. Энди нима учун деган савол туғилади. Ўзи халифа сайлаш бугунги воқеъликда мумкинми ёки мумкин эмасми? Ҳақиқий ҳаётда табиий равишдами, сунъий равишдами халифа сайласа бўладими деган саволлар табиий. Ақоид китобларида бу масалага жавоб баён қилинган.

Маълумки, ҳанафий мазҳаби олимлари томонидан калом илмига оид кўплаб машҳур асарлар ёзилган. Улардан бири Саъдуддин Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асари ҳисобланади.

Олимнинг тўлиқ исми Масъуд ибн Умар ибн Абдуллоҳ ибн Шамсуддин ал-Қорий ат-Тафтазоний (722-794 ҳ.й./1322-1392 м.й.) бўлиб, Хуросоннинг Насо (ҳозирги Туркманистон, Ашхабод) шаҳридаги Тафтазон қишлоғида туғилган (Саъдуддин Тафтазоний, Шарҳ ал-Ақоид ан-насафия.)

Мазкур китобда кўплаб ақидавий масалалар қатори “халифалик” масаласи ҳам алоҳида келтирилган. Чунки, калом илмида “халифалик” масаласи муҳим масалалардан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам баъзи оқимлар томонидан “Ислом халифалиги”ни қуриш ғояси илгари сурилмоқда. Агар тарихга назар ташланса, бу масала ҳам даврий такрорланиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин.

“Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида бу тўғрида қуйидагича баён қилинган:

الخِلَافَةُ ثَلَاثُونَ سَنَةً ثُمَّ بَعْدَهَا مُلُكٌ وَ إِمَارَةٌ.

“Халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва амирликдир” (Саъдуддин Тафтазоний, Шарҳ ал-ақоид ан-насафия).

Ушбу фикрни исботлаш мақсадида аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни келтиради:

الخِلَافَةُ بَعْدي ثَلَاثُونَ سَنَةً ثُمَّ تَصْيِرُ بَعْدَهَا مُلُكًا وَ عُضُوضًا.

“Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва яккаҳокимликларга айланиб кетади” (Тафтазоний).

Мазкур ҳадис саҳиҳ бўлиб, бир қанча муҳаддислар томонидан ривоят қилинган (2226-ҳадис // Имом Термизий. Жомеъ ат-Термизий//Мавсуот ал-ҳадис аш-шариф – ал-Кутуб ас-ситта. – Ар-Риёд: Дор ас-салом, 1429/2008 (бундан кейин: Ал-Кутуб ас-ситта). – Б. 1875; 4646, 4647-ҳадислар // Имом Абу Довуд. Сунан Абу Довуд // Ал-кутуб ас-ситта. – Б. 1564.).

Шундан кейин, Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг саҳоба Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг мазкур ўттиз йилнинг охирида туришини айтади. Ундан кейин ҳукмронлик қилганлар эса, подшоҳ ва амирлар бўлади, дейди. Жумладан, саҳоба Муовия раҳматуллоҳи алайҳнинг ва ундан кейинги амирлар халифалардан эмаслигини айтади (Тафтазоний). Лекин, бу мавзунинг тушунилиши мушкул деб, фикрини қуйидагича ёритиб беради:

Аббосий халифалиги ва Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳ каби марвонийлар сулоласининг баъзи вакилларини мусулмон уммати халифа деб келган бўлса-да, Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ ушбу матнни келтирадилар.

و لعل المراد ان الخلافة الكاملة التي لا يشوبها شي من المخالفة و ميل عن المتابعة

Ҳадисда тилга олинган халифаликдан мақсад тўлиқ ва комил халифалик, яъни у шундай халифаликки, унга қарши ҳеч бир мухолифат бўлмаган, ундан бошқаларга байъат қилишга одамларда майл уйғонмаган (Тафтазоний, 109- саҳифа).

Яъни, “хулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”) Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу, Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг халифалари бўлганлар.

Демак, Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича, мусулмонларнинг норозилигига сабабчи бўлиб, бир тўда одамлар ўзларича халифалик эълон қилгани билан улар ҳақиқий халифа бўла олмайдилар. Улар ўзларининг “халифалиги”га қанчалик оят ва ҳадис келтирсалар ҳам, улар ишончли ва том маънодаги халифа эмаслар!

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ ҳозирги даврда халифалик тузишни тарғиб қилувчилар доим келтирадиган ҳадиси шарифга эьтибор қаратиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни келтирадилар:

مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ وَلَمْ يَعْرِفْ إِمَامَ زَمَانِهِ مَاتَ مَيِّةً جَاهِلِيَّةً.

“Аҳли қибладан ким ўз замонасининг имомини танимасдан вафот этса, жоҳил бўлиб вафот этибди” (Тафтазоний, 110 саҳифа).

Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳ мазкур ҳадис эътиборидан уммат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан кейин энг муҳим ишни қилдилар. Яъни, ўзларига раҳбарни тайинладилар. Ҳатто, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дафн қилинмасдан олдин бу ишни амалга оширдилар ва бу ишни ҳар бир раҳбар вафотидан кейин ҳам давом эттирдилар (Тафтазоний, 110 саҳифа). Яъни, бу ерда ҳеч қандай халифалик ҳақида гап-сўз йўқ. Мазкур ҳадисда ҳар бир даврдаги, ҳар бир юртнинг ўзлари тинч йўл билан сайлаб қўйган раҳбарлари назарда тутилган. Ҳадисда тилга олинган “имом” сўзи диний раҳбар – масжид имомини ҳам, сиёсий раҳбар – давлат раҳбарини ҳам назарда тутади. Фиқҳий манбаларда ҳам “имом” сўзи ана шу икки маънода қўлланади. Ундан фақат “халифа”ни эътиборга олиш маъноси йўқ. Иккинчидан, айтиш лозимки, “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”нинг энг машҳур шарҳ қилувчиларидан Рамазон афанди раҳматуллоҳи алайҳнинг фикрича, бу ҳадисдаги “ўз замонининг имоми” сўзидан мурод ўша даврга юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир (Рамазон ибн Муҳаммад, Шарҳ ало шарҳ ал-ақоид ан-насафия).

Юқоридаги Аллома Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳнинг гапларини диққат билан ўрганилса нақлан халифалик том маънода 30 йил бўлиб, кейин подшоҳ ва амирлар бошқариши аниқ бўлди. Энди Алломани комил халифаликка берган шарҳлари у зотни нақадар буюк илм сохиби эканликларини билдиради. Чунки у зот юқорида ҳадисда тилга олинган халифаликдан мақсад тўлиқ ва комил халифалик, яъни у шундай халифаликки, унга қарши ҳеч бир мухолифат бўлмаган, ундан бошқаларга байъат қилишга одамларда майл уйғонмаган деган таърифни бердилар. Мана шу фикр бугунги кунда “Халифа сайлаш”, нақлан ва ақлан ва на табиий ва на сунъий равишда мумкин эмаслигини билдиради. Нима учун? Чунки шу 30 йил ичида мухолафат партия бўлмади. Саҳобаларнинг ичида хам ягона раҳбардан бошқа одамни иқдидорга келтиришга ҳеч кимда хоҳиш ҳам пайдо бўлмаган эди. Аммо кейинчалик Алий розияллоҳу анҳу давриларига келиб у киши билан мухолиф жамоа пайдо бўлди. У зот Муовия розияллоҳу анҳу эдилар. Ўз атрофларида бир қанча одамлар йиғилиб, ҳатто баъзи саҳобалар ҳам у кишини Шомда подшоҳ бўлишларига хайрихоҳлик билдиришди. Натижада Шомда ўз подшоҳликларини эълон қилдилар. Бу тарихда бўлган воқеълик эди. Бир дона мухолиф жамоа пайдо бўлган эди, Алий розияллоҳу анҳудек зот ҳам буни эплай олмадилар. Агарчи у зот иждиҳодлари тўғри бўлсада, воқеъликда подшоҳ иккита бўлиб қолди. Энди Ҳазрати Алийдек буюк саҳобий амалга оширолмаган ишни ҳозирги ҳолатга таққослаб кўрсак, фаразан ҳозир 50 та мусулмон мамлакат бор десак, у мамлакатларни элликта подшоҳи бор.

Ҳар бир мамлакатда фаразан бештадан мухолифат партияси бўлса, бу деган яна 250 та мен подшоҳ бўламан ва шунга яраша атрофимда хайрихоҳларим бор дегани бўлади.

Хулоса шуки, бир дона мухолифат бор вақтидаки халифа сайлаб бўлмадими, 250 та мухолафат бор вақтида умуман бу нарса имконсиз нарсадир. Юртимиздан етишиб чиққан улуғ зот, “Инсон ва жинлар муфтийси” деб аталган Нажмиддин Умар Насафий бобомиз бундан 1000 йил олдин ва Аллома Тафтазонийдек зотлар мана шу нозик нуқтани бизга 700 йил олдин билиб, мерос қилиб қолдирдилар.

Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, ижтимоий тармоқларда бугун юқоридаги масалани имом домлаларимиз баён қилсалар, айрим тоифа вакилларига ўхшаган интернет муллалари булар “сарой мулласи” деб таъна қилишга ўтмоқдалар. Улар 1000 йил аввал ўтган алломаларнинг бу гапларига нима деркинлар?!

Юнусхон МАМАРАСУЛОВ,

Тошлоқ тумани бош имом-хатиби



Report Page