«Ҳожатбарор»нинг ниқоби йиртилди

«Ҳожатбарор»нинг ниқоби йиртилди

Ҳуқуқ олами канали @huquq_olami

Шиддатли, тезкор замонимизни технология, техника асри деб бежиз аташмайди. Бугун «ўргимчак тўри» дунёнинг исталган бурчагини қамраб олмоқда. Энди интернет тармоғи орқали чет давлатдаги инсонлар билан мулоқотга киришамиз, китоб мутолаа қиламиз, хорижда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор бўламиз.

Бундан ташқари, тегишли хизматлар орқали пул маб­лағлари айланмасини амалга оширишимиз, сайт орқали истаган буюмимизни сотишимиз ёки харид қилишимиз, ҳатто хайрия ишларини амалга оширишимиз мумкин. Мухтасар қилиб айтганда, интернет ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган.

Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам борки, айрим шахс­лар интернет тармоғи орқали ўзгаларни алдаш ёки ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан бировнинг мол-мулкини қўлга киритаётганлиги, осон йўллар билан бойлик орттириш ниятида қабиҳ ишларга қўл ураётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Яқинда ана шундай жиноятлардан бири фош этилди.

Навоий шаҳрида яшовчи Рўзигул Ҳакимова (воқеа иштирокчиларининг исм-шарифлари ўзгартирилди)нинг қизи Гўзалхон I гуруҳ ногирони. Анчадан буён соғлиғи ёмонлашиб, тиббий муолажа олаётгани боис дори-дармон сотиб олишга ҳам қийналиб қолишган. Ночор аҳволдаги аёл қизининг соғлиғини тиклаш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғи орқали «Бемор болажон» сайтига эълон бериб, саховатпеша юртдошларимизга моддий кўмак беришларини сўраб мурожаат қилади.

Шундан сўнг, аниқроғи, жорий йилнинг 3 июль куни номаълум шахс Р. Ҳакимованинг уяли телефонига қўнғироқ қилиб: «Қизингизнинг соғлиғини тиклашга ёрдам бериш ниятида хайрия қилмоқчиман», дея аёлнинг ишончига кириб, унга тегишли бўлган пластик карта маълумотларини олишга муваффақ бўлади. Иши «хамирдан қил суғургандай» осон битганидан руҳланган фирибгар ҳеч иккиланмай ушбу пластик картадан 6090300 сўм миқдоридаги пулни ўз ҳисоб рақамига ўтказиб олади.

Хайриятки, бемор қизчанинг ҳаққидан ҳазар қилмаган бу шахс ички ишлар органлари ходимларининг тезкор ҳаракатлари натижасида қисқа фурсат ичида қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, ушбу шахс фарғоналик А.Бекзод бўлиб чиқди. У Р. Ҳакимованинг соддалигидан фойдаланиб, сир сақланиши лозим бўлган пластик карта кодини аниқлашга эришган ва ундаги маб­лағни бошқа бир пластик картага кўчириб ўтказган.

«Бировнинг ҳаққи буюрмайди» деб бежиз айтилмаган. Ўзини «ҳожатбарор» қилиб кўрсатган ғараз ниятдаги фирибгарнинг юзи шувут бўлиб, кўпнинг ичида йигит боши эгилди. Ушбу ҳолатни қаламга олиб, бировнинг нопок қилмиши, ножўя ишини элга овоза қилиш мақсадидан йироқмиз. Аксинча, мазкур воқеа кимгадир сабоқ бўлишини истадик. Мақсадимиз «Хайрия қиламан», «Моддий ёрдам бераман» дей­диганларнинг ҳаммаси ҳам холис ниятда эмаслигини, шундай пайтда озгина ҳушёр бўлиш лозимлигини бошқаларга эслатиб ўтиш, холос.

 Феруза СУЛТОНОВА,Навоий шаҳар ИИОФМБ ҳузуридаги тергов бўлими суриштирувчиси, катта лейтенант.

Нигора РАҲИМОВА, «Postda» мухбири.

Манба: «Postda»

Ҳуқуқ олами каналига уланиш учун линкни босинг👇👇 https://t.me/joinchat/AAAAAE_2IK9N02cf7bK96g





Report Page