Ҳоким Шоҳрух Шоаҳмедовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан туманимиз аҳолисига йўллаган
ТАБРИГИҲурматли туманимиз аҳолиси!
Сўзим аввалида барчангизни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллик байрами билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.
Қадрли тумандошлар!
Маълумки, ўз тараққиёт йўлини аниқ белгилаган, озод ва обод юрт борки, халқининг фаровон ҳаёт кечириши, тинчлик-хотиржамликни мустаҳкамлаши учун муҳим мақсад ва вазифаларини белгилаб олади. Буни шубҳасиз, Конституциясида белгилаб қўяди. Чунки, дунёдаги ҳар бир халқнинг хоҳиш-иродаси, дили ва тилидаги эзгу ниятлари Конституциясига ҳамоҳанг бўлсагина, ўша мамлакат танлаган йўлидан оғишмай тараққиётнинг юксак марраларини қўлга киритиб бораверади.
Бу кўҳна дунё тарихига исботлаб қўйган ҳақиқатдир. Асрлар оша маънавий-ахлоқий қадриятлар ва инсоннинг табиий ҳуқуқлари цивилизация жараёнлари вақт ўтиши билан ривожланиш йўлини белгилаб берадиган Конституцияни тақазо этганига жуда кўплаб мисолларни айтиш мумкин.
Демак, Конституция борки, инсон озод ва эркин яшаши, ўз мулкига эга бўлиши, таълим олиши, меҳнат қилиши, сайлаш ва сайланиш каби ҳуқуқларига эга бўлади. Ҳаётимиздаги сўз ҳамда эътиқод эркинликларини олий қадрият даражасига кўтарилиши ҳам айнан Конституция туфайлидир.
Байрам шукуҳи кезиб юрган кунда Бош қомусимизнинг мазмун-моҳиятини ёдга олганда, унда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, юртимиз фуқаролари тенглигининг кафолатланганлигини, бу ўз навбатида замонавий демократик тараққиётнинг муҳим омилларидан эканлигини янада чуқурроқ англаймиз.
Айни шу сабаб, қолаверса, Конституциямиз чин инсоний тамойиллар асосида ишлаб чиқилгани билан уни эҳтиром билан улуғлаймиз. Доим Асосий қонунимизни ҳар томонлама ўрганиб, тўлиқ амал қилиб борамиз. Энг муҳими, Бош қомусимизда мужассамланган буюк аждодларимизнинг боқий мероси ва умуминсоний қадриятларни ёшларимиз қалбига сингдиришга интиламиз.
Ҳурматли тумандошлар!
Конституциямиз халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак маҳсули бўлиб, демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишнинг пойдевори бўлиши билан бир қаторда, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини бугун ҳаммамиз яхши биламиз. Албатта, ўтган йиллар давомида мамлакатимиз тараққиёти йўлида ғоят мураккаб ва шарафли даврлар бўлди. Бунда шубҳа йўқки, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи йўлчи юлдуз вазифасини ўтади.
Қувонарлиси шундаки, Конституциямиз асосида ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтариб юборди. Шу боис, мамлакатимиз инновацион ва индустриал ривожланиш сари дадил одимлаб бормоқда.
Шу билан бир қаторда бугун халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, одамларнинг ташвиш-муаммоларини ҳал этиш, уларни рози қилиш долзарб вазифаларнинг аввалида турибди. Айни жиҳатга кўра туман ҳокими сифатида аҳоли билан очиқ мулоқотларни ўтказиш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиб боришни кундалик ишимдаги бирламчи вазифа, деб биламан. Аслида, одамлар билан самимий мулоқотга киришиш, жойларда учраётган муаммолар ҳақида эшитиб, уларга ечим излаш зиммамдаги вазифаларни тўла адо этишимда яқиндан кўмак бериб келмоқда. Одамлар ишончини қозонишдан эса ўзимни бахтиёр ҳис қиламан. Ишим ва кунимдан ўзгача бир мазмун топаман. Шу ҳақда сўз очилса, гап барибир айланиб-айланиб Конституциямизга тақалади. Чиндан ҳам шундай: Бош қомусимиздаги инсонпарварлик тамойиллари аслида биздан шуни талаб қилади.
Бу қутлуғ санада кўтаринки кайфият билан шуни ҳеч муболағасиз айтаманки, фаолиятимизнинг асосий мезонига айланган халқ билан мулоқот қилиш, одамларнинг дардига дармон бўлиш туманимизда амалага оширилаётган ислоҳотларнинг самарали бўлишига хизмат қилаётганлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Айни шу жиҳатларга кўра, Бош қонунимизни ҳар қачонгидан ҳам чуқур ўрганишимиз, ундаги инсонпарварлик тамойилларни англашимиз ва ҳаётимизга тўлиқ жорий этиб боришимиз ҳар биримизнинг зиммамиздаги ўта шарафли бурч ҳисобланади. Зеро, ўз Ватанини севган, уни доим кўз қорачиғидай асраб-авайлашни истаган инсон борки, Конституцияга сўзсиз амал қилишни олий саодат, деб билади.
Азиз тумандошларим!
Сўзим якунида барчангизни Конституция байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман!
Ҳаммамизга кейинги йилда ҳам шундай соғ-саломат ва хуш кайфиятда юриш насиб этсин!
Хонадонларингиздан қут-барака ва хотиржамлик аримасин!