Ҳоким қабули – самара, натижа қандай?
Мамлакатимизда фуқароларни, хусусан, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида белгиланган чора-тадбирлар, ҳусусан , камбағалликни қисқартириш мақсадида жорий этилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” сингари махсус рўйхатлар асосида аниқ мақсадга йўналтирилган тадбирлар сезиларли натижа бермоқда. Мутасадди раҳбарларнинг “маҳаллабай” тизимда иш олиб бориши, фуқаролар учун қабулларнинг мунтазам ўтказилишидан кўзланган мақсад ҳам аслида жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларда ҳаётга, эртанги кунга умид ва ишонч уйғотиш, муносиб ҳаёт кечиришларига эришишдир. Бу борада давлатимиз раҳбари бошчилигида олиб борилаётган сиёсатнинг ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокими томонидан ҳам мунтазам равишда, бошқарув тизиминиг энг қуйи бўғинларидан бошлаб аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ўтказиб борилмоқда. Ҳар бир учрашув ва қабул, шунчаки, маърузабозликдан иборат бўлмай, балки амалий ёрдам кўрсатиш асосий вазифа қилиб қўйилмоқда.
Жумладан, жорий 2021 йилнинг ўтган 4 ойи давомида ёшлар билан учрашувлар ҳамда сайёр қабулларда 361 та мурожаат тингланиб, улардан 258 таси ижобий ечим топди, 121 та мурожаат қаноатлантирилган, 103 таси ўрганиш жараёнида турибти.
Мурожаатлар таҳлилилига кўра, уларнинг аксариятини уй-жой, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, деҳқончилик учун ер ажратиш, имтиёзли кредитлар олиш, бандликни таъминлаш масалалари ташкил этганлигини кўриш мумкин.
“Бизни қувонтирган томони, дейди Раҳимжон Риҳсиев, бу йилги аҳоли мурожаатлари аввалгиларидан бутунлай фарқ қилади. Яъни ўтган йилги учрашув ва қабулларда, аёлларимиз асосан моддий ёрдам пули ва болалар нафақаси юзасидан мурожаат қилган бўлсалар, бугунги мурожаатлар мазмуни тубдан ўзгариб, узоқ йиллар уй бекаси бўлган аёллар ва ёшларнинг аксарияти ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида имтиёзли кредитлар сўраб мурожаат қилишмоқда. Бу эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг ортаётганлиги, уларнинг юрагида шу юртга нисбатан даҳлдорлик туйғуси уйғонаётгани, олиб борилаётган сиёсатимизни қўллаб –қувватлаётганликларидан далолат беради. Туманимиз аҳолиси меҳнаткаш, тадбиркор, ишнинг кўзини биладиган ҳалқ. Уларга озгина ёрдам кўрсатилса, мадад берилса кифоя, қолганини ўзлари уддалаб кетишади. Мен бунга амин бўлиб боряпман.”
Дарҳақиқат, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг 171 нафари бугун кредит олиб, тикувчилик ва савдо соҳаларида, қишлоқ ҳўжалиги йўналишида ўз бизнес фаолиятларини бошлаб юборишган.
Мурожаатларнинг асосий қисми кун сайин ортиб бораётган уй-жой билан боғлиқ масалалардир. Шунинг учун туман ҳокимининг саъй –ҳаракати билан аҳолининг уй –жойга бўлган талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, “Ғайрат” маҳалласидан 19 гектар майдон янги аҳоли пункти қуриш учун ажратилди. Ҳозирги кунда “Қишлоқ қурилиш инвест” томонидан арзон уй-жойлар қурилиши бошлаб юборилди.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да ёшлар муаммоларига ечим топиш ҳам биринчи ўринга қўйилган. Ёшлар билан учрашувлар ва оммавий қабуллар вақтида мурожаат қилган, “Темир дафтар”га киритилган ёшларни касб-ҳунарга жалб этиш мақсадид уларнинг 90 нафари “Ватанпарвар” ташкилотида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бепул ўқитилмоқда.
Шу мақсадда “В” тоифаси олишни ҳоҳлаётган 29 нафар ёшларга жами 30 млн. 245 минг сўм, “ВС” тоифасини олиш учун ўқишни истаётганларнинг 57 нафарига жами 93 миллион, 700 минг сўм маблағ маҳаллий бюджет ҳисобидан ўтказиб берилган.
Бундан ташқари, саломатлигини тиклаш учун ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг 12 нафарига ижтимоий ҳимоя мақсадида 84 миллион сўм маблағ тўлаб берилган.
Халқимизда , “юзта сиз –биздан, битта жиз –биз яхши”,- деган гап бор. Шунинг учун ҳоким томонидан кўрсатилаётган амалий ёрдамлар эртага ўша фуқаронинг оёққа туриб олиши, ўз бизнесини йўлга қўйиши учун мадад бўлаётгани қувонарли ҳол албатта. Лекин давлатнинг, қолаверса туманнинг мисқоллаб йиғилган маблағини бекорга сарфланишига йўл қўймаслик чораларининг кўрилиши ҳам мақсадга мувофиқ бўлишини ёддан чиқармаслик керак.
Ёшларга кафилликсиз кредитлар расмийлаштирилаётгани, ер майдони ажратилиб, экин экишда маслаҳат ва тавсиялар берилаётгани ҳам ёшларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларни турли оқимларга кириб кетишдан асрашдир. Бугун ҳеч қайси ёш, ёки унинг ота-онаси “ё заринг бўлсин, ё зўринг”, деб ,умидсиз қараб ўтирмаяпти. Улар туман ҳокими ҳар куни, ҳар соатда ёшларни қабул қилишга, уларга ёрдам беришга тайёр эканини яхши билади. Бугунги ёшларга зарнинг ҳам, зўрнинг ҳам кераги йўқ, бугун уларда иштиёқ, сабот ва ташаббус, энг асосийси, масъулият ва жавобгарлик бўлса, етади. Маълумотучун, “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ҳар хафта ташкил этилаяпти. Бирор муаммо бўлса, боринг, албатта хал этилади.
Ш.Раджабова
Халқ депутатлари Пискент туман Кенгаши депутати